islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ислом молияси – соғлом иқтисодиётга қадам

Фоизсиз иқтисодиёт моделининг глобал иқтисодий жараёнларда фаоллиги ортиб бормоқда. Қарзга асосланган анъанавий иқтисодиёт моддий активлар билан ёки уларни яратиш амалиётлари билан тўлиқ таъминланмагани боис, иқтисодиётда ҳаддан ташқари пул массасининг кўпайиши, инфляциянинг ортиши ҳамда ишсизлик даражаси кўтарилишига сабаб бўлмоқда. Булар эса глобал иқтисодий инқирозга олиб келувчи асосий омиллардан.

Халқаро валюта фондининг ўрганишларига кўра, 2008 йилдаги глобал иқтисодий инқироз натижасида энг кам талофат кўрган ва чидамли молиявий тизим бу исломий банклар бўлган. Шу боис, сўнгги йилларда кўплаб мамлакатларда ислом молияси бозори ривожлантирилмоқда.

Ислом молиясининг асосий жиҳати – ҳар бир молиялаштириш амалиётининг активлар билан таъминланганидир. Бу ерда маблағлар ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш каби фаолиятларга тўғридан тўғри йўналтирилади. Ислом молияси ортиқча, бўш пул массасининг пайдо бўлишида иштирок этмайди ҳамда фоизга асосланган қарз муносабатларини амалга оширмайди.

Ислом молиясининг ривожланиш кўрсаткичи (IFDI) маълумотларига кўра, 2021 йилда ислом молия саноатининг жами активлари ҳажми қарийб 4,0 триллион АҚШ долларига етган ва 2020 йилга нисбатан 17 фоизга ўсган. Ҳисоботга кўра, бу кўрсаткич 2026 йилга бориб 6 триллион долларгача кўтарилиши кутилмоқда. 2021 йил ҳолатига, 76 давлатда 566 та исломий банк, 50 га яқин давлатда 335 та такафул (исломий суғурта) исломий молия институтлари фаолият юритмоқда.

Ислом молиясига бўлган талабнинг ошиши сабаб географик жойлашуви қулай бўлган шаҳарлар ўзларини ислом молияси ҳаби ўлароқ танитишга ҳаракат қилишмоқда. Бу борада Дубай, Лондон, Куала-Лумпур ва Манама пешқадам.

Дубай, Бирлашган Араб Амирликлари

Дубай – глобал ислом молия саноатидаги энг муҳим марказлардан бири. Амирликнинг Африка, Европа ва Осиёни боғловчи стратегик жойлашуви, кучли исломий молия тизими ва инновациялар бўйича обрўси унга мусулмон ва мусулмон бўлмаган мамлакатлардан инвесторлар ва молиявий институтларни жалб қилиш имконини бермоқда.

БАА Марказий банки маълумотларига кўра, мамлакатда 6 та тўлиқ ислом банки, 2 та хорижий ислом банки ва исломий банк хизматлари дарчаларига эга 15 та анъанавий банк мавжуд. Мамлакатнинг исломий молия бозорини стандартлаштириш мақсадида 2018 йилда Марказий банк Олий шариат бошқарувини (HSA) ташкил этди. HSA ислом молияси маҳсулотлари ва хизматлари билан боғлиқ фатволар (диний ҳукмлар) чиқариш, шунингдек, шариатга мос келадиган янги молиявий маҳсулотларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун жавобгардир.

Куала-Лумпур, Малайзия

IFDI 2022 ҳисоботига кўра, Малайзия 650 миллиард АҚШ доллари миқдорида (2,95 триллион малайзия рингити) исломий банк активларига эга. Мамлакатда тўлиқ исломий ёки исломий молиявий маҳсулотларни таклиф қилувчи исломий банк дарчалари бўлган 38 та банк мавжуд. Fitch Rating маълумотларига кўра, исломий молиялаштириш Малайзиянинг 2022 йилда жами банк кредитларининг 41 фоизини ташкил қилган.

Малайзия Марказий банки ўзининг исломий молиявий хизматлар тўғрисидаги қонуни (2013) орқали ислом молия муассасалари учун мустаҳкам исломий молия қоидаларини жорий қилган. Қонун исломий молия муассасаларини лицензиялаш ва назорат қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бозор хатти-ҳаракатларини ўз ичига олган масалаларни қамраб олади. Марказий банк шунингдек исломий молия билан боғлиқ шариат масалалари бўйича йўл-йўриқ ва қарорлар тақдим этадиган Шариат маслаҳат кенгашига (SAC) эга. SAC ислом ҳуқуқшунослиги ва молияси бўйича олимлар ва экспертлардан иборат.

Лондон, Буюк Британия

Лондон – кучли меъёрий-ҳуқуқий базаси, йирик ва ликвид фонд биржаси ҳамда ихтисослашган юридик, сармоявий ва маслаҳат хизматлари туфайли Европада исломий молия бўйича етакчи марказ ҳисобланади.

Британияда тўртта ислом банки мавжуд: Bank of London and Middle East, Gatehouse Bank, Al Rayan Bank, Qatar Islamic Bank UK банкларидир. TheCityUK’нинг 2022 йил ҳисоботга кўра, Буюк Британияда жойлашган ислом банкларининг активлари 2021 йилда қарийб 7,5 миллиард АҚШ долларни ташкил этди, бу глобал ислом банки активларининг тахминан 0,3 фоизини ташкил қилса-да, Буюк Британия ҳиссасига Европа ислом банклари активларининг (Туркиядан ташқари) 85 фоизи тўғри келади.

Манама, Бахрайн

Мамлакатда олтита ислом чакана банки, 13 та улгуржи банк ҳамда анъанавий банкларда тўққизта исломий банк дарчалари мавжуд. Баҳрайн Марказий банки (БМБ) маълумотларига кўра, мамлакатда шунингдек олтита такафул ва иккита ре-такафул компаниялари мавжуд. БМБ ўзининг исломий молия саноати учун кучли тартибга солувчи муҳитни ишлаб чиқди ва бу соҳанинг барча иштирокчилари шариатга риоя қилишларини таъминлайдиган назорат шариат кенгашини ўз ичига олади.

Ислом молия муассасалари ва соҳанинг бошқа иштирокчилари учун шариат стандартларини (қоидаларини) ишлаб чиқиш, уларни тарғиб қилиш, ушбу соҳа доирасида мутахассислар етиштириш, уларни имтиҳон қилиш ва малакасини ошириш билан шуғулланувчи халқаро мустақил ташкилот (AAOIFI) Манамада жойлашган. У исломий молия институтлари учун шариат, бухгалтерия ҳисоби, аудит, ахлоқ ва бошқарув соҳаларида 100 та стандарт ишлаб чиққан. AAOIFI стандартларига 45 мамлакатда амал қилинади.

Туркия

Туркия ислом молияси ҳаби мақомини қўлга киритиш учун йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. 2021 йилда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулнинг ислом молияси маркази бўлиши учун жиддий қадамлар ташланганини таъкидлади. Бугунги кунда Туркияда 6 та ислом банки мавжуд бўлиб, уларнинг Туркия банк бозоридаги улуши 10 фоизга етган. Ҳукумат ушбу кўрсаткични 2025 йилгача 15 фоиздан оширишни мақсад қилиб қўйган. Шу йили (2021) Moody’s глобал рейтинг агентлиги Туркиянинг исломий банк активлари кейинги 5 йил ичида камида 2 баравар кўпайишини тахмин қилди, бундай тез ўсишга Туркия ҳукумати томонидан яратилаётган ҳуқуқий асослар ҳамда шарт-шароит сабаб экани кўрсатилган.

Ислом молиясининг ривожланиш кўрсаткичлари ҳисоботига кўра, 2021 йилда Қозоғистон ва Қирғистонда ислом молиясида ўсишлар кузатилган.

Жорий йилнинг 29 май куни Покистонда ислом капитал бозори бўйича бўлиб ўтган конференцияда Покистон Марказий банки раҳбари Жамил Аҳмад Покистон иқтисодиёти 2027 йилга келиб фоизсиз бўлишини ва бу борада керакли тадбирлар амалга оширилаётганини айтган.

2023 йил 29 май куни Индонезия молия вазири Шри Муляни Индравати мамлакатда ислом иқтисодиёти ривожлантирилишини, бу борада кичик ва ўрта бизнес қўллаб-қувватланишини таъкидлади.

Ўзбекистон

Ўзбекистон ислом молиясини ривожлантириш потенциали юқорилигига қарамасдан, бу борада қилинган ишларни ҳалқаро экспертлар “қилиниши керак бўлган ишлардан анча кам” деб баҳоламоқда. Хусусий сектор вакиллари томонидан ислом молияси маҳсулотларининг баъзи турлари таклиф этилаётган бўлса-да, давлат томонидан ислом молиясини жорий қилиш бўйича ҳуқуқий асосларнинг яратилиши оқсаяпти.

Шавкат Мирзиёев томонидан 2030 йилга қадар аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотни икки бараварга кўпайтириш мақсади эълон қилинди. Бу кўрсаткичларга эришишда инвестицияларнинг ўрни катта.

Сўнгги йилларда ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, аҳолининг маълум қисми анъанавий банк ҳизматларидан диний эътиқод нуқтайи назаридан фойдаланмайди. Бу ўз навбатида аҳоли қўлидаги бўш пул маблағлари, жамғармаларининг иқтисодиётда фаол ҳаракатсиз, қўшилган қиймат яратмасдан турганини билдиради. Ислом молияси бу маблағларнинг актив ҳаракатини таъминлаш эвазига фаол иқтисодий инвестицияларнинг пайдо бўлишига замин яратиши мумкин.

Маълумот учун, Жаҳон банки ҳисоботига кўра, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 2021 йилда:

·       паст даромадли мамлакатлар – 1085 АҚШ доллари ёки ундан кам;

·       паст ўрта даромадли мамлакатлар – аҳоли жон бошига ЯИМ 1086 АҚШ доллардан 4255 долларгача,

·       юқори ўрта даромадли мамлакатлар – аҳоли жон бошига ЯИМ 4256 АҚШ доллардан 13205 АҚШ долларгача,

·       юқори даромадли давлатлар – аҳоли жон бошига ЯИМ 13205 АҚШ доллар ва ундан юқорилиги белгиланган (ҳисобланган).

Ўзбекистон 2030 йилгача юқори ўрта даромадли давлатлар сафига қўшилиши учун бошқа соҳалар қатори банк молия соҳасида ҳам жиддий ислоҳотларни амалга ошириши керак бўлади. Шу билан бирга, 2030 йилгача Ўзбекистоннинг минтақада ислом молияси бўйича марказ бўла олиш истиқболини яратиш, ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш муҳим.

Камбағалликни камайтиришга қарши курашишда, ташқи қарзга бўлган эҳтиёжни сезиларли даражада камайтиришда ислом ижтимоий молияси инструментлари бўлмиш закот ва вақф тизимини халқаро тажрибаларни ўрганган ҳолда институционал тизимга солиш ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан самарали бўлади.

Шартсиз ёрдам бўлмайди

Шу ўринда айтилиши керак бўлган нарса шуки, баъзи халқаро молия институтлари томонидан қарзлар шунчаки берилмайди, устама билан қайтариш ёки жиддий шартлар билан берилади. Кези келганда эса, улар давлатнинг ички ишларига жиддий аралашиб бошлашади.

Машҳур турк иқтисодчиси ва ёзувчиси Шавкат Памуқ интерюларидан бирида қуйидаги мазмундаги иборани ишлатган эди: “Қарз берувчи ташкилотлар қўлтиқ таёққа ўхшайди, унга суянишга одатланганлар, эртага яна ўша таёққа эҳтиёж сезади, бундан қутилиш учун, давлат ўзи оёққа туришни ўрганиши ва ўзининг таркибий муаммоларини ўзи ҳал қилиши лозим”.

Демак, сурункали фискал муаммолар вақтинчалик воситалар орқали ечилмаслиги, балки муаммо илдизлари даволаниши зарур. Молия бозорини инновацион ва инклюзив ривожлантириш, ички мавжуд потенциални рағбатлантириш орқали тизимли ишлаш лозим. Молия бозорининг кўп қиррали ривожланиши инвесторларнинг географик қамровининг ортишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон президентининг дипломатик учрашувлари ва ишончли ҳамкорлик келишувлари мамлакатга инвестиция оқимининг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Мисол, Қатарнинг етакчи компаниялари энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда умумий қиймати 12 миллиард доллардан зиёд йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиши юзасидан келишувга эришилди. Форс кўрфази давлатлари энг йирик сармоядорлардан ҳисобланади, ислом молиясининг ривожланиши нафақат маҳаллий инвесторлар томонидан, балки мазкур давлатлардан хусусий секторга соғлом инвестицияларнинг кириб келишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Исломий молия бу – шерикликка, активлар билан таъминланганликка асосланган, ахлоқий, барқарор, экологик ва ижтимоий масъулиятли молия бўлгани боис, унинг иқтисодиёт, жамият, атроф-муҳит учун ҳеч қандай таҳдидий аломатлари йўқ, аксинча, анъанавий молия тизимидан кўра шаффоф ва молиялаштириш объекти аниқ ва равшан бўлган молия тизимидир. Уни ривожлантиришимиз керак.

Искандар Турсунов,
ислом иқтисодиёти ва молияси мутахассиси

400140cookie-checkИслом молияси – соғлом иқтисодиётга қадам

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: