islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қиморнинг турлари

Араб тилидаги “майсир” сўзининг ўзаги “юср” бўлиб, “енгиллик” деган маънони билдиради. Чунки ушбу ўйинда бошқа бир инсонларнинг молини осон усулда қўлга киритиш мавжуд. Шу сабабдан ҳозирги кундаги ютуқли лотереянинг барча турлари карта, нарда ва куч ишлатишга ёки қимор ва пул ютуқларига чақирадиган барча ўйинлар қатъиян ҳаром қилинган.

Қиморнинг мутлақ ҳаром эканига Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз” (Моида сураси, 90).

Ҳар бир ўйинда бир томоннинг фойдаси кўзланиб, иккинчи томоннинг зарари вужудга келадиган ҳамда афсус-надоматларга олиб борадиган унсурлар бор экан, у қимор деб эътибор қилинади. Ушбу турдаги ўйинларнинг тақиқланиши Қуръон ва ҳадиси шарифларга кўрадир. Расулуллоҳ алайҳи салом: “Кимда-ким нарда ўйнаса, у гўёки қўлини чўчқанинг гўшти ва қонига ботиргандек бўлибди”, деб марҳамат қилганлар. Бошқа бир ҳадисда эса “Кимки нарда ўйнаса, батахқиқ, у Аллоҳ ва Расулига осий бўлибди”, дедилар.

Убайдуллоҳ ибн Умар хабар беради: “Қосим ибн Муҳаммаддан “шахмат қиморми? Нарда ҳам қиморми? ” деб сўралганида, у зот: ”Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсувчи барча нарса қимор”,деб Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини ўқидилар:“Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди” (Моида, 91)

Имом Шофеий: “Шахмат агар рибо, маъсият, намозни унутишдан холи бўлса, мубоҳ, чунки қимор молнинг зое бўлиши ва бировнинг молини олишни вожиб қилади. Модомики, шахматда бундай хусусият йўқ экан, у қимор эмас”, дедилар.

Ислом шариатининг яна бир мўжизасидан бири 1400 йил олдин нозил бўлган Қуръон ва ҳадиси шарифларнинг бугунги кун масалаларига ҳам ечим бўлаётганидир. Қуръоннинг мукаммаллиги ҳам қонун-қоидаларнинг инсониятга ҳар вақт, бирдай жорий бўлишида.

Психологлар пул тикиладиган ўйинлардан сақланишнинг энг яхши чораси – унга яқинлашмаслик, деган хулосага келдилар. Расулуллоҳ алайҳи саломнинг саҳобалари Қуръон ва ҳадисларнинг моҳиятига шунчалар етганларки, пул ўйналадиган исталган ўйин тақиқланганига шубҳа ҳам қилмаганлар.

Қимор инсонни нафақат дин ишларидан, балки кишининг кундалик юмушларидан ҳам чалғитиб қўяди. Унга муккасидан кетган одам пул топиб уни совуриш учун қотиллик, ўғирлик, талон тарож қилиш каби жирканч ишларнинг барчасига тайёр. Бор будини тугатмагунча ўйиндан тўхтамайди.

Шифокорлар қимор оламига қадам босишнинг уч сабабларини келтирадилар:

– инсоннинг маънавий даражасининг пастлиги;

– ночорлик;

– руҳан изтироб чекиш.

Ашаддий ўйинчилар уйқу ва таомсиз ҳам кунлаб қимор ўйнашлари мумкин. Натижада, уларда депрессия, руҳий фаолиятнинг бузилиши кузатилиб, инсон танасини аста-секин тубдан емиради.

Ҳозирги кунда чўнтагида 3-4 сўм пули бор бўлган мактаб ёшидаги ўсмирлардан то нафақадаги кишиларгача “омад кулиб қолар”, дея лотерея чипталарини сотиб олаётганлар кўпчиликни ташкил қилади. Бир кишининг “омади” туфайли миллионлаб кишилар ўзларини “омадсиз”, деб ҳисоблайдилар.

Бир мушоҳада қилиб кўринг, қимор инсонни нималарга олиб боряпти: бағрига босиб оқ сут берган, ўзи емай едирган, уйқусиз тунларини фарзандига бағишлаган онага ким қўл кўтаряпти, ким уни жонига қасд қиляпти? Маълумки, қиморхоналарда кунига миллионлаб пуллар бир чўнтакдан бошқа бирига ҳеч қийинчиликсиз ўтиб қолади. Мисқоллаб йиғилган жамғарма сонияларда ҳавога совурилади. Уй-жой, машиналар тортиб олинади. Бир лаҳзада бор-будидан айрилган инсон масаланинг ягона ечими деб, ўз жонига қасд қилади. Ушбу “фойдали ўйин” орқали бир тоифа инсонлар қайноқ кўз-ёшлар, бошқаларнинг ҳасрат-надоматлари эвазига ер юзида ўзлари учун “жаннат” қуриб оладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 188 оятида: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг”, дейилган. Имом Қуртубий деганларки: “Оятдаги “ботил йўл билан емаслик”ка ҳаромнинг барча турлари киради. Қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб мол топишлик, ҳаром касбларни қилиб мол топишлик ва бошқалар”.

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси

ўқитувчиси Исломхон Убайдуллаев

40020cookie-checkҚиморнинг турлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: