islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Диний манба ва адабиётлар таржимаси муҳим ва масъулиятли фаолиятдир

Таржима инсоният фаолиятининг энг қадимий турларидан бири бўлиб, у туфайли биз инсоният тараққиёти тарихини барча тафсилотлари билан очиқ-ойдин тасаввур этамиз. Таржима халқлар ўртасидаги дўстлик, қардошлик ва ҳамкорлик манфаатларига, улар ўртасидаги иқтисодий-сиёсий, илмий, маданий ва адабий алоқаларнинг кенгайишига хизмат қилувчи қудратли қуролдир. Таржима турли халқлар адабиётларининг ўзаро алоқаси ва бир-бирига таъсири жараёнини тезлаштиради. Таржимавий асарлар туфайли китобхонлар жаҳон адабиёти дурдоналаридан баҳраманд бўладилар, уларнинг эстетик туйғулари ошади, дидлари ўсади, уларда гўзал нарсалар ҳақида тушунчалар ҳосил булади.

Таржима борасида сўз кетганда, албатта, диний манба ва адабиётларни таржима қилиш билан боғлиқ услуб ва ҳаттоки шаръий ҳукмлар ҳам эътибор марказига чиқади. Зеро, дин инсон ҳаётининг дастури ва ҳис туйғулари масдаридир.

Юртимизда Ислом динига эътиқод қилувчи мусулмонлар 90 фоизни ташкил қилади. Шундай экан таржима борасида, айнан Ислом динига оид араб тилидаги манба ва маълумотларни таржима қилиш мажбурияти сезиларли даражада ўрин эгаллайди.

Ислом дини манбаларининг асоси бу сўзсиз Қуръондир. Унинг маъноларини таржима қилиш бошқа ҳар қандай таржима олдида масъулияти ва мураккаблиги билан сезиларли фарқ қилади. Зеро, Қуръон таржимаси бу Қуръон бўлмайди. Чунки, “Қуръон Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий орқали нозил қилган тавотир ила нақл қилинган, ибодатда ўқиладиган ожиз қолдирувчи каломдир”.

Унинг ожиз қолдирувчилик хусусияти араб тилида ўз асл ҳолида қолади. Зеро, таржимон таржима жараёнида ўз фикр мулоҳазаси билан ёндашгани ҳолида, унинг маъносини бир томонга тортади ва бошқа ботиний маъноларини йўқотиб қўяди. Ибодатда ўқилиш шарти ҳам фақат араб тилидаги Қуръонга хосдир.

Шундай бўлса ҳам Қуръон таржимаси ва тафсири зарурдир ва бу мана неча йиллар давомида амалга оширилган савобли амаллардандир.

Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари борасида ҳам шунга яқин фикр билдириш мумкин. Ҳадисларни таржима қилишда Қуръончалик шарт ва мажбурият қўйилмаса ҳам, баъзи муташобиҳ хабарлар олдидаги ожизлик, ҳадис таржимаси ҳам бутунлай шаръий ҳукм ёки баъзи мажбуриятлардан ҳоли эмаслигини билдиради.

Хулоса ўрнида, албатта, биз мусулмонлар учун муқаддас динимиз эътиқодини, шаръий ҳукмларини ва одобларини ўз тилимизда бемалол тушунишимиз учун замин яратган олиму-уламоларимиз, катта устозларимиз ва домлаларимизнинг таржима ва бошқа барча хизматлари учун миннатдормиз, десак мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, улар мазкур савобли, шу билан бирга масъулиятли ишда пешқадам бўлдилар ва меҳнат қилдилар.

Аллоҳ таоло барчамизни савобли ишларда бардавом қилсин!

Тошкент ислом институти битирувчиси

Аҳмаджонов Иброҳим

39990cookie-checkДиний манба ва адабиётлар таржимаси муҳим ва масъулиятли фаолиятдир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: