islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Абу Ҳанафа раҳматуллоҳи алайҳ ва у зотнинг мазҳабларига нисбатан айтилган турли фикрлар (1-қисм)

Ҳанафия мазҳаби асосчиси, имоми бўлган Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Нўъмон ибн Собит Имом Аъзам номи билан танилгандир. Кўфада саксонинчи ҳижрий санада таваллуд топди. Шу ерда ўсиб улғайди ва ҳаётининг аксар қисмини шу шаҳарда таълим олиб, таълим бериб ўтказди.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ тобеъиндир. Юқорида зикр қилганимиздек, Имом Абу Ҳанифа биринчи ҳижрий аср охирларигача яшаган бир қанча саҳобаи киромлар билан учрашганлар ва баъзиларидан ҳадис ҳам ривоят қилганлар. Шу боисдан тобеинлик даражасига кўтарилиб, бошқа фуқаҳолардан мартабалари юқорирокдир[1].

Ҳориз аз-Заҳабий айтади: «Абу Ҳанифа ёшлигида саҳобий Анас ибн Молик билан учрашган».

Ҳофиз ибн Саъд Абул Муваффақдан ривоят қилади, у айтади: «Мен Абу Ҳанифадан эшитган эдим, у: «Анас ибн Молик Куфага келиб Аннах деган жойда турган эди, соқолини қизилга бўярди, мен уни бир неча бор кўрганман», деб айтган эди»[2].

Барча уламолар Абу Ҳанифани тобеъин эканларига ва саҳобаи киромлар замонасида яшаб, улардан баъзиларини кўрганларига иттифоқ қилишган. Лекин неча саҳобийни кўрганлари ва нечтасидан ҳадис ривоят қилганлари ҳақида уламолар орасида ихтилоф бор.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни баъзи саҳобаи киромлар билан учрашганликларини қуйидаги уламолар ҳам таъкидлашган: Имом аз-Заҳабий, ибн Саъд, Ҳофиз ибн Ҳожар, ибн ал-Жавзий, Дар ал-Қутний, Алий Қорий кабилар[3].

Ибн Ҳожар ал-Ҳайсамий (раҳимаҳуллоҳ) Шайхул Ислом Ҳофиз ибн Ҳожардан ривоят қилиб айтадики: «Имом Абу Ҳанифа ўзи тугилган 80 ҳижрий санадан сўнг Кўфа шаҳрида яшаган бир қанча саҳобалар билан учрашган, шу боисдан у тобеинлар табақасидандир, бундай мартаба Абу Ҳанифага ҳам аср бўлиб, турли шаҳарларда истиқомат қилган уламоларга, яъни, Шомдаги Имом Авзоийга, Басрадаги Ҳаммодга, Кўфадаги Саврийга, Мадинадаги Имом Моликка ва Мисрдаги Лайс ибн Саъдга ҳам насиб этмаган[4].

Ибн Ҳожар ал-Ҳайсамий яна айтадики, Имом Абу Ҳанифа Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасида тилга олинган йирик тобеинлардандир: «Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар (тобеъинлар) – Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир»[5]

Уламолар Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг тобеийн эканларига иттифоқ қилган бўлишса ҳам, саҳобалардан ҳадис ривоят этганлари тўғрисида турли фикрдалар[6]. Абу Бакр ибн Али ал-Айний Абу Ҳанифани еттита саҳобадан ривоят этганларини айтиб, уларнинг номини шеър қилиб келтирган. Ҳофиз ас-Солиҳий эса «Уқуд ал-жумон» китобида, Имом Абу Ҳанифа саккиз саҳобий ва бир аёлдан ҳадис ривоят қилган, дейди ва уларнинг номларини келтиради. Булар: Анас ибн Молик, Амр ибн Ҳорис, Абдуллоҳ ибн Анис, Абдуллоҳ ибн Ҳорис, Ибн Жузъ аз-Зубайдий, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абдуллоҳ ибн Абу Авфо, Воила ибн Асқоъ, Ойша бинти Ажрад розийаллоҳу анҳумлардир.

Шунинг учун уламолар Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан саҳиҳ йўл ва кучли санад билан ривоят қилинган ҳадисларни саҳиҳ ҳадислардан деб айтадилар. Чунки Абу Ҳанифанинг ҳадис ривоят қилишдаги шартлари кучли бўлиб, ўзлари ҳам ростгўй, ишончли, тақво борасида имомларнинг пешволаридан деб танилган зотдирлар. Шуни қайд этиш лозимки, ҳар даврда ва ҳар жойда етук олим, кўзга кўринган, обрўли одамларнинг ўзига яраша тарафдорлари, қўллаб-қувватлагувчи мухлислари бўлишганидек бундай кишиларни кўра олмайдиган, ҳасад ила гина ва адоват қилиб юргувчи кимсалар ҳам бўлиши табиий ҳолдир. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам бундан холи бўла олмадилар, у киши ҳам икки гуруҳ: биринчиси – у кишини ўта ортиқча ҳурмат қилиб муҳаббат қўйган синф; ва иккинчиси – у кишига ҳасад этиб, кўра олмайдиган тоифадаги одамлар орасида қолдилар[7].

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

[1] Ибн Ханаий. Тобақот ал-ҳанафия.  – Б.43.

[2] Абу Муҳаммад Ҳанафий, Ал-Жавоҳир ал-музия. – Б.101.

[3]Ибн Ханаий. Тобақот ал-ҳанафия.  – Б. 44.

[4] Абу Заҳра. Абу Ҳанифа. – Б.67.

[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. – Т.: “SHARQ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, 2008. “Тавба” сураси, 100-оят.

[6] Аминов Ҳ. Примов С. Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари. – Б.124.

[7] Абу Муҳаммад Ҳанафий, Ал-Жавоҳир ал-музия. – Б. 63.

405530cookie-checkАбу Ҳанафа раҳматуллоҳи алайҳ ва у зотнинг мазҳабларига нисбатан айтилган турли фикрлар (1-қисм)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: