Иккинчи гуруҳ, яъни, Абу Ҳанифанинг рақиблари у кишига таъналар етказиб, у кишининг ривоятларини рад этиб, у кишини «аҳли раъй» дея шаънларини туширишга уриниб, Абу Ҳанифа айтмаган сўзларни ўзларича тўқиб, у киши номларидан гапириб юрган бўлса, иккинчи гуруҳ, яъни, Абу Ҳанифа тарафдорлари ўз имомлари шаънини кўтариш мақсадида аслини текширмасдан, ровийларини суриштирмасдан Абу Ҳанифанинг фазллари, тақволари, етук инсонликлари ҳақида кўплаб ривоятлар келтиришган[1]. Шу тарзда иккала гуруҳ бир-бири билан тортишишган. Бу иккала тоифанинг ҳам ўзларига яраша тарафдорлари бўлган[2]. Ҳасад ва кўролмаслик оқибатида бундай гуруҳларга бўлиниб тортишганлар ўзлари сезмаган ҳолда ўзларини ҳалокат йўлига солиб қўйишган. Машҳур Миср олими Муҳаммад Абу Заҳра «Абу Ҳанифа, унинг ҳаёти ва фиқҳий фикрлари» деган китобида куйидагиларни ёзган: «Ўтган замондаги инсонлардан энг етук шахсларни улар ҳақида одамларнинг ихтилоф қилганидан билинади. Мана, Ҳазрати Алини олинг. Уни деб икки тоифа ҳалокатга юз тутди: бири ўта ортиқ севувчилар ва иккинчиси уни ўта камситган, ёмон кўрганлар».
Ушбу сўзлар пурмазмун ва аччиқ ҳақиқат бўлиб, Тўлалигича Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга ҳам тегишлидир. Баъзи одамлар у кишига ўта ортиқ даражада муҳаббат қўйиб, у кишини ҳаддан зиёд мадҳ этиб, бу борада турли ривоятлар тўқишгача ҳам бориб етишган.
Яна бошқа бир гуруҳ одамлар Абу Ҳанифага зид бўлиб, фикрларини чуқур ўрганмасданоқ у кишини тўғри йўлдан адашган, суннатни тарк этиб динда бирон ҳужжатсиз ўз раъйи билан фатво берадиган шахс, дея ва шунга ўхшаш бошқа нолойиқ ибораларни ишлатиб, танқид чегарасидан чиқишиб, у кишининг шаънларига нолойиқ гапларни ҳам айтишган[3].
Хўш, нима учун бу киши тўғриларида бундай турли фикрлилик пайдо бўлди? Бунинг асосий сабабини уламолар қуйидагича изоҳлашади: Абу Ҳанифа шахсиятлари шундай кучли бўлиб, фиқҳни шу даражада йўлга қўйдиларки, фиқҳий таълимотлари у зотнинг илмий мажлислари доирасидан чиқиб, атрофга, ўз юртларидан ошиб бутун Ислом оламига ёйилди. Одамлар у зотнинг фиқҳий фикрлари ҳақида Ислом оламининг турли жойларида сўзлаб, баҳс юрита бошлашди. Фикрларини қўллагувчилар ҳам қарши чиқгувчилар ҳам бўлди. Тарафдорлари у кишини қувватласа, мухолифлари уларнинг фикрларини рад қилишди.
Абу Ҳанифа фикрларини рад қилувчи гуруҳлар, яъни, фақат матн (Қуръон ва ҳадис)гагина суянувчилар у кишининг фикрларини диндаги янги фикр, яъни, бидъат деб қабул қилишди ва шу боисдан у зотни инкор эта бошлашди. Кўпгина ҳолатларда у одамлар Абу Ҳанифанинг ўзларини кўрмаган ва фазлу тақволаридан, етук илмларию динни мустаҳкам ушлаган зот эканларидан бехабар кишилар эди[4]. Булар Абу Ҳанифанинг айтган сўзларини далилу асосларини суриштирмай, таълимотларини ўзларича диндаги янгилик, яъни, бидъат деб ўйлашди. Агарда улар Абу Ҳанифа билан мулоқотда бўлганларида ёки у зот айтган сўзларнинг далил ва асосларини билганларида эди, у киши ҳақида ноўрин гапларни сўзламаган, балким фикрларини қувватлаб, у зотнинг ҳурматларини жойига қўйган бўлар эдилар.
Фикримизнинг далили сифатида қуйидаги ривоятни келтирамиз. Абу Ҳанифага ҳамаср бўлган Шомнинг етук фақиҳларидан Имом Авзоий Абдуллоҳ ибн Муборакдан: «Кўфа шаҳридан чиққан, исми «Абу Ҳанифа» бўлган бидъатчи қандай одам ўзи?» деб сўради. Ибн Муборак унга жавоб кайтармади-да, музокарада давом этиб, ечими қийин бўлган бир неча масалаларни ўртага ташлади, сўнг бу масалаларнинг тушуниш йўлларини баён қилиб, уларнинг фатвосини ҳам айтди. Шунда Авзоий: «Бу фатволарни ким айтган?» деб сўради. Ибн Муборак унга: «Ирокда бир шайхга учрашган эдим, шу киши айтди», деди. Авзоий: «У ўта доно, олим шайх экан, боргин-да, ундан кўпроқ таълим олгин»,- деди. Шунда ибн Муборак: «У шайх Имом Абу Ҳанифа эдилар», деди. Кейинчалик Авзоий билан Абу Ҳанифа Маккада учрашишди ва Авзоий ибн Муборак айтган масалаларни у киши билан музокара қилди ва унинг моҳиятига тушуниб етди. Абу Ҳанифа кетгач, Авзоий ибн Муборакка: «Мен у кишининг илмининг кўплигини ва етук ақл соҳиби эканини кўриб, унга ҳавасим келди. Аллоҳ мени ўзи мағфират қилсин, у киши ҳақида мен нотўғри фикрда эканман. Чунки у киши ҳақида менга етиб келган хабарлар тамоман нотўғри экан», деди[5].
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ шахсияти кучли, нуфузли ва таъсирчан бўлиш билан бирга, фатво беришда, ҳукм олишда, ҳадислар маъносини яхши тушуниб, ундан ҳукм чиқаришда янгича йўл тутган инсон эдилар. Ўзларининг ушбу таълим услубларини шогирдлари орасида ва ўзлари билан мулоқотда бўлган кишилар орасида ўттиз йилдан зиёд давр мобайнида тарғиб этдилар. У зот таълим ва ҳукм олишда янгича тафаккур қилиб ўз фикрини тарғиб этувчи олимдир.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев
[1] Абу Заҳра. Абу Ҳанифа. – Б. 68.
[2] Аминов Ҳ. Примов С. Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари. – Б.137.
[3] Абу Муҳаммад Ҳанафий, Ал-Жавоҳир ал-музия. – Б.65.
[4] Аминов Ҳ. Примов С. Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари. – Б.133.
[5] Абу Муҳаммад Ҳанафий, Ал-Жавоҳир ал-музия. – Б.79.