islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Муҳаддислар устози

Яҳё ибн Маин раҳматуллоҳи алайҳ ҳаёти, куч-ғайратини илм олиш ва ўргатишга бағишлади. Ҳадис илмида беназир, тақводор раббоний олим ҳамда кўплаб муҳаддисларнинг устози.

Яҳё ибн Маин ибн Авн Зиёд ҳижрий 158-йили Аббосий халифаларидан Абу Жаъфар Мансур даврида, Ироқнинг Анбор шаҳрида дунёга келди (“Тарихул Бағдод”). Куняси: Абу Закариё (“Ал-асмо вал луғот”).

Отасидан қолган катта мероснинг барини илм йўлида, ҳадис эшитишга сарфлади. Ҳатто  оёқ кийимидан бошқа ҳеч нарсаси қолмади (“Ал-асмо вал луғот”).

Илм талабида Ҳижоз, Шом, Миср ҳамда Яман шаҳарларига борди. Жуда кўп муҳаддис ва алломалар билан учрашиб, тенги йўқ илм соҳибига айланди.

Мутафаккир Абдуллоҳ Ибн Муборак, Ҳушайм, Исмоил ибн Айёш, Аббод ибн Аббод, Исмоил ибн Мужолид ибн Саид, Мўтамир ибн Сулаймон, Суфён ибн Уяйна, Ғундор, Ҳафс ибн Ғиёс, Вакиъ, Яҳё ибн Қоттан, Ибн Маҳдий ва бошқа кўплаб ҳадис шайхларидан дарс эшитди.

Олим аҳли сунна ва жамоа эътиқодида бўлса-да, у яшаган даврда фитналар урчиб, “Қуръони каримни махлуқ” дейиш авж олганди. Шунга кўра, баъзилар Яҳё ибн Маин ҳам “Қуръони каримни махлуқ” деб айтган дея туҳмат қиладилар. Аслида, “Қуръони карим Аллоҳнинг каломи, у махлуқ эмас”, дея ўз эътиқодини очиқ билдирган (Миззий. “Таҳзибул камал”).

Аббос Дурий айтади: «Аҳмад ибн Ҳанбални Ровҳдаги мажлисида кўрдим. У Яҳё ибн Маиндан турли масалалар ҳақида сўрар: “Бу ҳадисга нима дейсиз?”, “Бу ҳадиснинг ҳукми қандай?” дея маълумотларини текшириб оларди. Агар Яҳё тасдиқласа, Имом Аҳмад уни ёзиб оларди». Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ: “Яҳё билан бирга ҳадис эшитиш кишига сурур бағишлайди“, дерди (“Тариху Бағдод”). Яна бундай дерди: “Яҳё ибн Маин билмаган ҳадис – ҳадис ҳисобланмайди”(“Ал-асмо вал луғот”) 

Аҳмад ибн Уқба раҳимаҳуллоҳ айтади: «Яҳё ибн Маиндан: “Қанча ҳадис ёзгансиз?” деб сўрадим. У киши: “Мана шу қўлларим билан 600 мингта ҳадис ёзганман”, деди».

Ҳорун ибн Маъруф раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: «Бир куни ҳузуримизга ҳадис олимларидан бири келди. Ундан ҳадис айтиб беришини илтимос қилдик. У китобини қўлига олган вақтида эшик тақиллади. Шайх у ким эканини сўради. “Аҳмад ибн Ҳанбал”, деган жавоб бўлди. Киришга рухсат берилди. Шайх жойидан қимирламади. Шу тариқа Аҳмад Давроқий, Ибн Румий, Абу Хойсамалар ҳам изн сўраб киришди. Шайх бамайлихотир ўтирарди. Сўнгра яна эшик тақиллади. Шайх келган ким эканини сўради. “Яҳё ибн Маин” деган жавоб бўлди. Шу пайт шайхнинг қўллари қалтираб, китоби ерга тушиб кетди” (Хатиб Бағдодий. “Тарихи Бағдод”)

Абу Бакр Асрам раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир куни Аҳмад ибн Ҳанбал Яҳё ибн Маинни Маъмарнинг китобидан мавзуъ ҳадисларни ёзиб олаётганини кўрди ва қаттиқ ажабланди. Шунда Яҳё ибн Маин: “Мен буларни тўқима ҳадис эканини жуда яхши биламан. Бироқ кимдир бу мавзуъ ҳадисларни айтган ровийларни менга мақтаб, собит қилмоқчи, қабул қилмоқчи бўлса, “Ёлғон айтибсан”, дея олишим учун ҳам уларни яхши таниб олишим керак”, деди»  (Миззий. “Таҳзибул камал”). Шу боис Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ: “Ичимизда Яҳё ибн Маъин ҳадис ровийларини энг яхши биладиганимиз”, деган эди.

Муҳаммад ибн Ҳорун Фаллос айтади: “Агар бирор киши Яҳё ибн Маин ҳақида ёмон сўз айтса, билингки, ўша одам ёлғончи ва тўқима ҳадис айтиб юрадиган кимсадир. Чунки Яҳё ибн Маин ана шундайларни очиқ-ойдин гапиргани учун уни ёмон кўришади” (“Сияр аълам ан-Нубало”).

Яҳё ибн Маин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари ҳимоячиси, уларни саҳиҳидан тўқимасини ажратиб олиш учун тўқима ҳадис айтиб юрадиган кимсаларни аяб ўтирмасди. Лекин ўзи олижаноб, инсонларга нисбатан бағрикенг олим эди. Яҳё ибн Маин ўзи ҳақида бундай дейди: “Кимдир хато қилаётган бўлса, дарҳол яширдим. У ҳақда яхши гумонда бўлишни хуш кўрдим. Бирор кишининг рўпарасидан у ёмон кўрадиган нарса билан чиқмадим. Лекин хатоси бўлса, ўзаро орамизда билдириб қўйдим. Агар қабул этса, мени фойдам теккани, қабул қилмаса, ўз ҳолига қўярдим” ( “Таҳзибул камал”).

Яҳё ибн Маиндан замондош ва яқин дўстлари Аҳмад ибн Ҳанбал, Муҳаммад ибн Саъд, Абу Хойсама, Ҳаннод ибн Сарий; яна Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Абу Зуръа, Абу Ҳотим, Ҳанбал ибн Исҳоқ, Жаъфар Фирёбий ҳамда Абу Яъло Мавсилий каби олимлар таълим олиб, ҳадис ривоят қилдилар (“Сияру аълам ан-нубало”).

Яҳё ибн Маин ҳижрий 233 санада, Зулқаъда ойида, 75 ёшида Мадинада вафот этди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни дафн этишда қўйилган ўриндиққа уни ҳам ётқиздилар. Ўшанда: “Мана, бу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ёлғонни кетказган зотдир!” дея жар солдиришди ва Бақиъ қабристонига дафн этдилар.

 

Манбалар асосида

Тошкент ислом институти “Ҳадис ва Ислом тарихи”

 кафедраси ўқитувчиси Нилуфар САИДАКБАРОВА тайёрлади.

405790cookie-checkМуҳаддислар устози

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: