Ҳозирги пайтда банан меваси дастурхонларимизда доимий учрайдиган мевалардан биридир. Уни ҳар биримиз севиб истеъмол қиламиз.
Банан аслида, иссиқ мамлакатлар меваси бўлиб, унинг ватани Жанубий-шарқий Осиё (Малай архипелаги) ва Америка қитъасидир. Банан меваси мамлакатимизга яқин йилларда тижорат учун олиб келинди. У илгари мамлакатимизда етиштирилмаган эди. Ҳозирги пайтда айрим кишилар томонидан банан етиштирилиб, у бозорларга сотиш учун олиб чиқилмоқда.
Банан жаннат мевасидир. Бундан ўн тўрт аср илгари Аллоҳ таоло “Қуръони Карим”да жаннатда бананзорлар борлигидан хабар бериб шундай дейди:“Ўнг томон эгалари; ўнг томон эгалари недир? Улар тикансиз сидрзорлардадир; сермева бананзорлардадир; ва ёйиқ соялардадир; ва оқар сувлардадир; ва сероб мевалардадир; тугамайдиган ва ман қилмайдиган; баланд тўшалган кўрпачалардадир”(Воқеа сураси, 27-34-оятлар). Ушбу оятларнинг тафсирида:“Ўнг томон эгалари жаннатда бошқа турфа хил мевалар қатори мевасини қуюқ қилган бананзорларда ҳам бўлишади ва хоҳлаганларича бу мевадан ейишади. Мусаффирлар шундай дейишган: “Бананни араблар ранги яшиллиги учун гўзал дарахт ҳисоблашган. Бу оятда айнан бананни хослаб зикр қилинишига сабаб шуки, қурайшликлар сидрзор ва бана дарахтларининг сояси кўплиги ва ям-яшиллиги учун қизиқишар, яхши кўришар эди. Шунинг учун ёқтирган нарсаларга ўхшаши билан уларга хитоб этилиб, жаннатдагиси ҳам ваъда қилинди” дейилади.
Молик ибн Анас (р.а.) айтади: “Дунёдаги банандан бошқа бирорта мева жаннат меваларига ўхшамайди. Чунки Аллоҳ таоло жаннат мевалари ва сояларини доимий, деган (Раъд сураси, 34-оят). Фақат банангина қишин-ёзин пишиб ётади” дейилади.
Хулоса қилиб айтамизки, банан жаннатий мева бўлиб, уни биз инсонларга неъмат қилиб берган Аллоҳ таолога шукроналаримиз бўлсин!
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими
Р.Акбаров