islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Сунани Абу Довуд” ровийлари

“Сунани Абу Довуд” бир неча ровийлар томонидан ривоят қилинган. Шайх муҳаддис Абдулазиз Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “بستان المحدثين” китобида “Сунани Абу Довуд”нинг учтасини ровийлари билан қўшиб зикр қилганлар.

“مرقاة الصعود إلي سنن أبي داود”[1] китобининг муаллифи эса унинг ровийларидан Абу Исо Исҳоқ ибн Мусо ибн Саъид Варроқ Абу Довудни зикр қилганлар.

“التهذيب” китобининг муаллифи эса юқоридаги тўрт ровийга Абу Тоййиб Аҳмад ибн Иброҳим ибн Абдураҳмон Ашнаний ва Абу Умар Аҳмад ибн Али ибн Ҳасан Басрий, Абулҳасан Али ибн Ҳасан Абд Ансорий ва Абу Усома Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Язид Руасий раҳимаҳуллоҳларни ҳам қўшганлар.

Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ Сунанни ривоят қилган кишилар орасида имом, муҳаддис Абу Бакр Аҳмад ибн Салмон ибн Ҳасан Бағдодий Нажжодни ҳам зикр қилганлар.

Имом, муҳаддис Халил Аҳмад Саҳронфурий раҳимаҳуллоҳ ўзининг   [2]“بذل المجهود في حل أبي داود” номли китобида Сунани Абу Довуднинг ровийларини ўн нафар деган хулосага келганлар.

Ислом оламида Абу Довуд номи билан машҳур бўлган яна икки буюк шахс бордир. Биринчиси, Абу Довуд Тоялисий, иккинчиси, Абу Довуд Зоҳирийдир.

Абу Довуд Тоялисийнинг тўлиқ исмлари Сулаймон ибн Довуд ибн Жаруд Абу Довуд Тоялисий. Бу зот ҳижрий 133, мелодий 750 йилда туғилганлар ва Басра шаҳрида яшаб ўтганлар. Илм ўрганиш мақсадида жуда кўп шаҳарларга сафар қилганлар. У зот ислом оламидаги буюк муҳаддислардан биридир. У зот кучли хотира соҳиби эдилар. Асосан ҳадисларни Жарир ибн Ҳазим, Ҳаммод ибн Зайд, Ҳаммод ибн Салама, Шўъба, Суфёни Саврий, Ҳишом Дастувоий ва бошқалардан ривоят қилганлар. У зот ўзлари ҳақида “Мен мингта шайхдан ҳадис эшитдим”, деган гаплари ривоят қилинади. Ҳадисларни у зотдан Аҳмад ибн Ҳанбал, Али ибн Маданий, Амр ибн Али Фаллос, Маҳмуд мибн Ғайлон ва бошқалар ривоят қилганлар.

Миззий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “تهذيب الكمال” асарларида Абу Довуд Тоялисий ҳақларида қуйидагиларни айтадилар: “Сулаймон ибн Довуд ибн Жаруд Абу Довуд Тоялисий Басрий кучли ҳофиз, асл насаблари форсларга мансуб бўлган. Қурайш мавлоларидан бўлганлар”.

Яҳё ибн Маъин раҳимаҳуллоҳ: “У зотнинг оналари форслардан бўлиб, Бани Наср ибн Муовия мавлоларидан эдилар. Ўзлари эса Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу аҳлининг мавлоси эдилар”, деганлар.

Насоий раҳимаҳуллоҳ: “У зот сиқа – ўта ишончли ва тили соф кишилардан эдилар”, деганлар.

Бу зот кучли хотира эгаси бўлганлиги сабаб ўттиз минг ҳадисни ёддан ривоят қилганлар. Аҳмад ибн Ҳанбал бу киши ҳақида сўралганларида: “Ўта ишончи ва ростгўй”, деб жавоб берганлар. “У киши хато қилади-ку”, дейишганида Аҳмад ибн Ҳанбал: “Бу нарса эҳтимолдир”, деганлар.

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “التقريب” номли асарларида бу зот ҳақларида “Сиқа ҳофиз, лекин баъзи ҳадисларда чалкашиши кузатилган”, деб баён қилганлар.

Сулаймон ибн Довуд ибн Жаруд Абу Довуд Тоялисийнинг  “مسند أبي داود الطيالسي” номли машҳур асари бор.

Сулаймон ибн Довуд ибн Жаруд Абу Довуд Тоялисий Басра шаҳрида ҳижратнинг 204 йили, мелоднинг 819 йили вафот этганлар. 203 йилда вафот этган деган ривоятлар ҳам бор[3].

[1] Жалолиддин Суютий. Мирқотус-соуъд ила Сунани Аби Давуд. – Байрут: “Дор Ибн Ҳазм” нашриёти, 2012.

[2] Халил Аҳмад ас-Саҳаронфурий. Базлул-мажҳуд фий ҳилли Сунани Аби Давуд. – Байрут: “Дурул-Башоир ал-Исломия” нашриёти, 2006.

[3] Жалолиддин Абдураҳмон ибн Абу Бакр Суютий. Табақотул Ҳуффаз. . – Байрут: “Дурул-Башоир ал-Исломия” нашриёти, 2006.

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

Мухтасархон Тўйчиева

411010cookie-check“Сунани Абу Довуд” ровийлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: