Бу ҳикояни бизга қўшни қишлоқлик мулло Қодирқул махсум бобо айтиб берган эди. Тўкин дастурхон атрофида ёш болаларнинг инжиқликларидан бир киши шикоят қилди. Шунда шукр ҳақида бизга айта туриб болалигида бошидан ўтказган оғир кунларини эслади.
Урушдан кейинги қаҳатчилик ва маълум муддат давом этган очарчилик вақтларида ота онасини йўқотган, қаровсиз ҳолида ҳар кунига яримта нон эвазига Тошкент шаҳрининг ғарбий томони, Сирдарёнинг кунчиқар ерларида колхознинг қўйларини боққан экан. Нотинчлик қурсин у ерларга қандай бориб қолганимни ҳам тузукроқ эслолмайман.
Бир отар қўй ўн ёшли болага топширилган экан. Ҳар куни эрта тонгдан олти юз қўйни далага ҳайдаб чиқиш ва қош қорайганда қўрага қўш-қўшлаб ҳайдаб келиш ҳали балоғат ёшига ҳам етмаган болага анчагина машаққат бўлган.
Эрта тонгдакуу кун ёришган сайин қўйлар ортида юриш қийин эмас. Аммо қош қорайиб сахрони зулмат қоплаётганда қўрқув ва ваҳима билан толиқиб қўй ҳайдаш мен учун чидаб бўлмас азоб эди. Ёш боламанку, гўё ҳар дўмпайип турган бутоқнинг тагида бир итқуш (бўри) пойлаб тургандек бўларди.
Кун ботмай туриб қайтсам чўпонбошининг ғазабидан, баъзида орқамдан бир икки қамчи тушиб қолишидан қаттиқ қўрқар эдим. Бироқ ётишдан олдин ейдиган яримта кулчанинг иштаҳаси тутиб нима бўлса ҳам сабр қилиб қўйларимни қамаб бўлганимда хуфтон бўлиб кетарди. Очлик ҳам инсонни мана шундай тоблар экан.
Шундай кунларнинг бирида аср вақти эдимии қўйлар орасига бир кийик келиб қўшилди. Ўтлааб юриб кечқурун бўлавергач менинг атрофимдан узоқлашмасди. Шунча қўйлардан топмаган унсни шу кийикда топардим, унга суянардим. Аллоҳимнинг менга раҳми келган эканда кейин билсам.
Кийикка анча ўрганиб қолдим. Ростдан ҳам қўриқчим, сирдошим эди. Жуда чиройли эди. Сахрода юрган ёввойи бўлса ҳам қўлга ўргатилгандек олдимдан кетмасди. Майин жунларини силаб силаб қўярдим. Менинг бола кўнглимни ёритадиган, менинг етимликдан етаётган ўксинишимга таскин берадиган, ўтовдаги энадан бошқа чўлдаги ягона овунчоғим, ҳамроҳим эди. Кечқурун шу кийикни қора қилиб ҳечам қўрқмайдиган бўлдим.
Кунларнинг бирида чўпонбоши қўрадаги қўйларни бир бир кўздан кечираётиб кийикни кўриб қолди. Мендан сўради. Воқеани айтиб бердим. Қўпол ва бераҳмлиги бир десам баднафс ҳам экан. Кийикни отиб кабоб қилмоқчилигини айтиб милтиғини олишга шайланиб турувди ҳамки кийик жонивор бошини кўтариб биз томонга қаради. Оҳистагина юриб бориб тўсиндан бир енгил сакраб ўтиб кўздан ғоиб бўлди.
Шу шу қайтиб кўринмади. Мен учун ягона юпанчиқ йўқолди. Усиз зерикардим. Кунларим аввалгидан ҳам оғирроқ ўтарди. Шу кезларда акам мени роса излаган. Суриштириб суриштириб ахири мени топибди. Акамни кўриб йиғлаб юбордим. Ҳеч кимдан сўрамай отига мингаштирдида қишлоғимизга олиб кетди.
ТИИ талабаси
Мирзақулов Лутфуллоҳ