Истанбул университети – İstanbul Üniversitesi, Istanbul University Туркиядаги етакчи олий таълим муассасаси ва 570 йиллик тарихга эга энг қадимги университет ҳисобланади.
Университетнинг асосий биноси шаҳарнинг эски қисмида, Боязид ва Сулаймония масжидлари ўртасида жойлашган. Айни пайтда университет ва унинг филиалларида 60 мингдан ортиқ талаба ва 18 мингга яқин магистрант ва докторант таҳсил олмоқда, уларга 4,5 минг нафарга яқин профессор-ўқитувчилар дарс бермоқда.
Университет, 1453 йилда Константинопол қўлга киритилгач, Фотиҳ Султон Маҳмуд буйруғи билан очилган мадраса негизида 1846 йили ташкил этилган. Таълим муассасаси ХХ асргача ислом олий мактаби сифатида фаолият юртган бўлиб, 1923 йилда Туркия Республикаси ташкил топгач, 1927 ва 1933 йилларда дунёвий таълим муассасаси шаклида қайта ташкил этилди.
Туркиядаги 2011 йилда дунёнинг энг яхши 500 университети қаторига кирган ягона университет Истанбул университетидир. 2006 йилдан бери Истанбул университети дунёнинг энг яхши 500 университети қаторидан жой олган. Университет Осиё-Тинч океани минтақасидаги энг яхши 100 та университет қаторига киритилган.
Ушбу университет EUA – Европа Университетлар Ассоциацияси, шунингдек, 1985 йилда ташкил этилган Европадаги 41 та университетдан иборат халқаро ассоциация – Cоимбра гуруҳи аъзосидир. Таълим муассасаси Фаробий, Эрасмус, Мавлоно каби таълим дастурлари орқали халқаро талабалар ва ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйган. Ўқув жараёни Болония тизимига мувофиқ амалга оширилади. Истанбул университети битирувчиларига махсус диплом берилади.
2000 йилда профессор унвонини олган доктор Усмон Булент Зулфиқор университетда ректорлик қилмоқда. Доктор Зулфиқор 2004-2008 йилларда Олий Таълим Кенгаши аъзоси, 2008-2013 йилларда эса Тиббиёт ихтисослиги кенгаши раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган. У болалар саломатлиги, гематология, онкология ва ирсий қон касалликлари соҳалари билан шуғулланишдан ташқари, 2021 йил сентябрь ойидан буён Туркия Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси ва Истанбул университети Онкология институти директори ҳисобланади. Доктор Усмон Булент Зулфиқор 2023 йил 1 августдан буён Истанбул университети ректори сифатида фаоляит юритмоқда.
Истанбул университети кутубхонаси 1925 йилда ташкил этилган ва Туркиядаги энг йирик кутубхоналардан бири ҳисобланади. Унинг фондида 250 минг жилддан ортиқ китоб ва 18 мингдан ортиқ қўлёзма мавжуд.
Университетда Тиббиёт, Ҳуқуқ, Филология, Табиий фанлар, Иқтисодиёт, Ўрмон хўжалиги, Фармацевтика, Стоматология, Менежмент, Сиёсатшунослик, Ветеринария, Муҳандислик, Сув хўжалиги, Алоқа, Илоҳиёт факультетлари мавжуд.
Истанбул университети Илоҳиёт факультетида “Мавроуннаҳрнинг Ислом илм-фани ва маданиятига қўшган ҳиссаси” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди.
Халқаро анжуманда юртимиз делегацияси таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов маъруза билан иштирок этди.
ТИИ Матбуот хизмати