Бир куни золимлиги билан танилган Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий ҳамроҳларисиз Куфани айланиб юриб, бир бадавийни учратиб қолди.
Ундан: “Ҳоким ҳақида нима дейсан?”, деб сўради.
Бадавий: «Ҳажжожни назарда тутяпсизми?», деб жавоб берди.
У: «Ҳа», деди.
Бадавий: “Уни Аллоҳ, фаришталар ва барча одамлар лаънатласин! Мен у ҳақида шундай деб ўйлайман!”, деди.
Шунда Ҳажжож: “Менинг кимлигимни биласанми?”, деб сўради.
Бадавий: “Йўқ”, деб жавоб берди.
У: “Мен Ҳажжожман”, деди.
Бадавий ваҳима ва саросимага тушмай: “Менинг ҳам кимлигимни биласанми?”, деди.
Ҳажжож: “Йўқ”, деб жавоб берди.
Шунда бадавий: “Мен Бану Амир қабиласидан озод қилинган қулман. Ҳар ой уч кун ақлимни бутунлай йўқотаман, бугун эса айнан ўша кунлардан биридир”, деди.
Буни эшитган Ҳажжож кулиб юборди ва бадавийни уйига кузатиб қўйди.
Манба: Ибн Нуботанинг “Сарҳул уъюн” асари
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев