Абу Бакр Варроқ (ҳижрий 387 йилда вафот этган) айтади:
“Ражаб шамолга, Шаъбон булутга, Рамазон ёмғирга ўхшайди. Ражаб ойида ғаллани ўз вақтида экиб, Шаъбон ойида суғормасангиз, Рамазон ойидан қандай ҳосил кутиш мумкин?” – Ибн Ражаб, “Латоифул маориф”.
Ҳозир Рамазон ойида турибмиз, асарларда келишича, тарихда уламолар Рамазонга бир неча ой олдиндан тайёргарлик кўриш лозимлигини таъкидлайдилар. Шунда бу ойда тоат-ибодат қилиш енгиллашади, савобли амалларни кўпроқ бажарилади.
Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Мусулмонлар Шаъбон ойи келганда мусҳафларини олиб, тиловат қилар, мол-мулкидан закот бериб, Рамазон ойи арафасида заиф ва камбағалларга ёрдам берар эдилар” – Ибн Ражаб, “Латоиф ул-маориф”.
Маълумки, Рамазонда бажарилган ҳар бир амалга 70 баробар савоб ёзилади. Шунинг эътиборидан бугунги кунда мусулмонлар кўпроқ савоб умидида закот ва хайру эҳсонларини айнан шу ойда беришга одатланишган, бу ҳам яхши, албатта.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан, Рамазон ойини қандай кутиб олдингиз, деб сўрашди. У зот, ҳеч бир мусулмон биродаримга нисбатан қалбимда заррача гина-адоват сақламай қаршиладим, деб жавоб берди – Ибн Ражаб, “Латоифул маориф”.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Рамазоннинг биринчи кечаси ташқарига чиқиб, чироқлар ёниб турганини ва масжидларда Қуръон ўқилаётганини кўриб, шундай дуо қилдилар:
“Эй Умар ибн Хаттоб, Қуръонни тиловат қилдириб, масжидларни ёритганингиздек, Аллоҳ қабрингизни ҳам нурлантирсин».
Маълумки, Рамазон кечалари таровеҳ намозида Қуръон хатм қилиниши Ҳазрат Умар даврида қайта жорий қилинган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таровеҳ намозини ўқирдилар, кейин эса мусулмонларга фарз бўлиб қолмасин деб, жамоат бўлиб ўқишни тўхтатдилар. Кейинчалик Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу муборак суннатни тикладилар – Ибн Жавзий, “Мунтазам фит тарих”.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтди: “Ойларнинг мубораги Рамазон, кунларники эса жумадир” – Имом Табароний, “Муъжамул кабир”.
Имом Суютий ўзининг “Тарихул хулафо” асарида бир қизиқ тарихий саналар кетма-кетлигини келтиради.
Умавийлар халифаси Абдул Малик ибн Марвон, 646-705 йилларда яшаган, айтди: “Мен Рамазон ойида туғилдим, Рамазонда сутдан ажратилдим, Рамазонда Қуръонни ёдлаб тугатдим, Рамазонда балоғатга етдим, Рамазонда амир этиб тайинландим, Рамазонда давлатни бирлаштирдим. Рамазонда вафот этаман». Ва шундай бўлди. Рамазон ойи бошида Абдул Малик ибн Марвон раҳимаҳуллоҳ вафот этди.
Аллоҳ таоло барчамизни Рамазоннинг фазлидан баҳраманд бўлишни ва икки дунёда манфаатли бўлган кўплаб хайрларга эришишимизни насиб этсин!
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари
кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев