وَرُسُلًا لَّمْ نَقْصُصْهُمْ عَلَيْكَ
Нисо, 164
“…Ва қиссаларини айтиб бермаган пайғамбарларни юбордик” –
Инсонлар қадрингни билишмаса, хафа бўлма! Аслида, Аллоҳ таоло сени кимлигингни билиши етарлидир. Инсонларнинг билиши ёки билмаслиги сенга ҳеч қандай фойда ҳам, зарар ҳам бера олмайди. Бунга ёрқин далил, Аллоҳ таолонинг баъзи пайғамбарларни инсониятга танитиб, баъзиларини сир тутиб, ҳатто исмларини ҳам ошкор қилмаганидир. Чунки бизнинг Нуҳ алайҳиссаломни танишимиз амаллар ўлчанадиган тарозида у зотнинг фойдаларига бирорта амал зиёда қилмайди. Шунингдек, Аллоҳ Қуръонда қиссаларини келтирмаган пайғамбарларни танимаслигимиз тарозида уларнинг солиҳ амалларидан бирортасини камайтириб қўймайди.
Ўтмиш ҳам шу маъноларни ўз ичига олган мисоллар билан лиммо-лим. Улардан баъзиларини қуйида зикр қиламиз:
Халифа Ҳорун ар-Рашиднинг қўшинида йигирма минг хос аскар бўлган. Улар исмларини атайин ҳарбий ҳужжатларга ёздирмаганлар, ойлик маош ҳам олмаганлар, чунки ўзларини Аллоҳ таолодан бошқа биров танишини истамасдилар. Бу зотлар Аллоҳнинг ёлғиз ўзи билиши, уларнинг икки дунё саодати учун кифоя эканлигини яхши билганлар.
Соиб ибн Акру розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга Наховандда шаҳид бўлган мусулмонлар хабарини берди. Улардан асилзодалар ва шарафлиларининг исмларини санаб бўлгач: “Қолганлари оддий инсонлардир. Уларни мўминлар амири танимайди!” деди. Шунда ҳазрати Умар йиғладилар ва шундай дедилар: “Умарнинг танимаслиги уларга ҳеч қандай зарар бермас. Албатта, Аллоҳ таоло уларни танийди!”
Адҳам Шарқовийнинг “Қуръондан мактублар” китобидан таржима ва шарҳ
Масъул раҳбар ”Тиллар” кафедраси мудири Улуғбек Ҳасанов