islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳанафий мазҳабида фотиҳадан кейинги “омин” овоз чиқармасдан айтилади. 

Ҳанафий мазҳаби имомлари намозда “Фотиҳа” сурасидан кейин  “Омин”ни махфий айтишнинг афзаллигини оят ва ҳадислар орқали қониқарли далил ва исботлар билан кўрсатиб беришган.

Аслида “Омин”ни ошкора ёки пинҳона айтиш борасидаги ҳадиси шарифларни кузатадиган бўлсак, уларнинг исноддаги мадори битта саҳобага – Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. Қизиғи, икки тараф ҳам унинг ривоятига суянганлар.

Ҳадиси шарифларда саҳоба Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломдан “Сураи Фотиҳа”ни ўқиб, “ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлин”ни ўқиганидан сўнг “Омин” деб овозларини чўзганларини ёки кўтарганларини ҳамда “Омин” деб овозларини пасайтирганларини ёки махфий қилганларини эшитгани икки хил тарзда ривоят қилинган. Ушбу муаммо борасида келтириладиган бошқа барча ҳадислар асосий ҳадислар эмас, балки унинг ривоятларига қўшимча далиллар бўлиб хизмат қилиб келган.

“Омин”ни махфий айтиш афзал дейдиган уламолар “Омин”ни ошкора айтилгани таълим учун эди. Расулуллоҳ алайҳиссалом уни одамларга ўргатиш мақсадида ошкора айтгандилар;

– Фақиҳ, олим ва кўп ривоят қилган саҳобалар Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг “Омин”ни ошкора айтганлари ҳақида ривоят қилмаганлар;

– Буюк саҳоба ва улуғ тобеъинлар “Омин”ни ошкора айтмаганлар дейдилар.

Бир ривоятда ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ҳам “омийн”ни ичларида айтиб намоз ўқишлари таъкидланади. Ҳанафий уламолар худди шу маънодаги, лекин бошқа саҳобаи киромларнинг номлари зикр қилинган ривоятларни ҳам келтирадилар.

“Омин”ни овоз чиқармасдан айтишга яна бир далил:

عَنْ إِبْرَاهِيْمَ النَّخَعِي قَالَ: “أَرْبَعٌ يُخْفِيْهِنَّ الْإِمَامُ اَلتَّعَوُّذُ وَبسم الله الرحمن الرحيم وَاَللَّهُمَّ رَبَّنَا لَكَ الْحَمْدُ وَآمِيْنْ)  “رواه الإمامُ عبدُ الرزاق في مُصَنَّفِهِ وإسنادُه صحيحٌ(

яъни:  Иброҳим Нахаийдан ривоят қилинади, у зот айтадилар: “Тўрт нарсани имом овозини чиқармасдан айтади: “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим”, “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим”, “Роббана лакал ҳамд” ва “Омин”” (Имом Абдурраззоқ “Мусаннаф” номли китобида ривоят қилган. Исноди саҳиҳ).

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳамда айрим саҳоба ва тобеъинларнинг “Омин”ни ошкора айтганларини инкор қила олмаймиз. Фақат уларни таълим учун ва бошқа хайрли мақсадда бир муддат шу ишни қилганларини таъкидлай оламиз, холос. Далилларни пухта ва изчил ўрганиб чиқилса, “Омин”ни ошкора қилмасдан, махфий қилиб айтиш афзал экани маълум бўлади. “ал-Жавҳар ан-нақий”да айтилишича, Ибн Жарир ат-Табарий розияллоҳу анҳу салафи солиҳинларнинг кўпчилиги “Омин”ни махфий айтардилар, шунинг учун уни махфий айтиш суннат, ошкора айтиш эса суннат бўлмаган жоиздир, деган.

ТИИ Модулъ таълим тизими талабаси,

Учқўрғон туман Муҳаммад Зариф жоме масжиди

имом хатиби Ш.Исроилов

427960cookie-checkҲанафий мазҳабида фотиҳадан кейинги “омин” овоз чиқармасдан айтилади. 

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: