islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Абу Зайд Дабусий давридаги асарлар

Абу Зайд Дабусий яшаган даврда Мовароуннаҳрда илм-фан ривожланаётган бўлиб, ҳанафий ва шофиъий мазҳаблари ўртасида илмий тортишувлар кучайган эди. Ҳанафий фақиҳлар, одатда оят ва ҳадисларга кам суянганликда танқид қилинганлари учун ўз мазҳаблари Қуръон ва Суннатга асосланганини кўрсатишга уринганлар[1].

Абу Ҳанифа давридан (ваф. 150/767 й.) бошлаб, Абу Зайд Дабусий яшаган V/XI аср ўртасигача Мовароуннаҳрда ҳанафий фиқҳ бўйича саноқли асарлар ёзилди.

Ҳанафий фиқҳнинг Бухорода V/XI асргача бўлган тарихини кенгроқ ёрита оладиган манбалар ─ Ҳорисий ас-Субазмуний (ваф. 340/952 й.) қаламига мансуб “Кашфул-осор фи маноқиби Аби Ҳанифа” ( آشف  الآثار في مناقب أبي حنيفة ─ “Абу Ҳанифанинг маноқиблари ҳақидаги ҳадисларни кашф қилиш”)[2] ва ал-Ҳусайн ибн Йаҳйо Зандависатий (ваф. 382/992 й.) томонидан ёзилган “Равзатул-уламо ва нузҳатул-фузало’” ( روضة  العلماء و نزهةالفضلاء ─ “Олимлар боғи ва фозиллар сайри”)[3] асарлари ҳам бугунгача етиб келган. Ҳар икки манбада маҳаллий фақиҳларнинг исмлари ва уларнинг фатволаридан намуналар келтирилган.

Самарқандлик шофиъий фақиҳ Муҳаммад ибн Наср Марвазийнинг (ваф. 294/906 й.) “Ихтилофул-уламо’” (اختلاف العلماء ─ “Олимларнинг ихтилофи”) асари[4] орқали III-IV/IX-X асрларда Мовароуннаҳрда мужтаҳидлар ва гуруҳлар ўртасида фиқҳий ихтилофлар масаласи долзарб бўлганини билиш мумкин.

Марказий Осиёда ислом тарихи бўйича олиб борилган илмий тадқиқотларда Самарқанд, Бухоро ва Насаф муҳитига эътибор қаратиш анъанаси сезилади. Минтақанинг кичик шаҳарлари Усрушана, Ўзган шунингдек Дабусия илмий муҳити бўйича деярли тадқиқотлар олиб борилмаган. Дабусия шаҳридан бир неча муҳаддис ва фақиҳлар етишиб чиққан эди.

Абдулкарим Самъоний (ваф. 562/1167 й.) Дабусий нисбали тўққиз нафар шахс ҳақида маълумот берган[5]. Муаллиф бу маълумотларни ёзишда Абу Ҳафс Насафийнинг (ваф. 537/1142 й.) “ал-Қанд” асарига асосланган, чунки “ал-Қанд”даги “Дабусий” нисбали олимларнинг бир нечаси “ал-Ансоб”да айнан қайтирилган. Абул-Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад Дабусий Дабусия тарихида бўлиб ўтган ўлат ҳақида ривоят қилади[6].

Ўрта асрларда Мовароуннаҳр ҳудудида Дабусия шаҳри муайян шаҳарсозлик тизимига (қалъа, арк, дарвоза) ва ўз даври учун ривожланган саноатга эга бўлган. Жумладан, газлама ишлаб чиқарилганлиги ва танга зарб этилгани шундан далолат беради. Натижада, шаҳар минтақада ислом дини тарқалиши ва диний илмлар ривожланишида муҳим ўрин тутган.

Дабусий вафот этган V/XI аср ўрталаригача Мовароуннаҳрда фиқҳий асарлар ёзиш анъанаси шаклланган эди. Жумладан, фиқҳий асарлардан еттитаси ва эътиқодга оид асарлардан саккизтаси бугунгача етиб келганлигига қўлёзма манбаларда далиллар бор

IV/X асрда Мовароуннаҳрда шофиъий мазҳаби муайян ўрин тутган. Мазкур мазҳаб вакилларидан бўлган фақиҳлар минтақанинг марказий шаҳарларида қозилик вазифасида бўлганлиги шундан далолат беради.

“Бухоронинг етти қозилари” айнан кимлардан иборат бўлгани ҳақида турли хил фикрлар мавжуд: юқоридаги рўйхатда олтита фақиҳ исми учради. Араб тадқиқотчиси Субҳий Муҳаммад ал-Хаййот эса Шоҳ Валиййуллоҳ адДиҳлавийнинг (в. 1176/1762 й.) “ал-Инсоф фи байон асбоб ал-ихтилоф” (الإنصاف في بيان أسباب الاختلاف ─ “Ихтилоф сабабларини баён қилишда ўрта йўлни тутиш”) асарига асосланган ҳолатда, “Бухоронинг етти қозилари” ─ ал-Уструшаний, ад-Дабусий, Исмоъил ал-Мустамлий, Абу Умар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ал-Марвазий, Абул-Йуср Муҳаммад ал-Паздавий, унинг ўғли Абу-л-Маъолий Аҳмад, Бадиъ ад-дин, унинг ўғли Заҳир ад-дин алБухорий ва Қозихон ал-Ўзгандийдан иборат”, деб ёзган[7]. Бу рўйхатда тўққиз нафар фақиҳнинг исми-шарифи келган.

Маҳмуд ибн Аҳмад берган маълумот ва ал-Хаййотнинг хулосасини қиёслаш асосида, “Бухоронинг етти қозилари” ─ Абу Жаъфар алУструшаний, ад-Дабусий, Исмоъил Мустамлий, Бадиъ ад-дин ал-Бухорий ва унинг ўғли Заҳир ад-дин ал-Бухорийдан иборат экани маълум бўлди. Зузан, Абу Умар Аҳмад ал-Марвазий, Абу-л-Йуср Муҳаммад ал-Паздавий, унинг ўғли Абу-л-Маолий Аҳмад ал-Паздавийнинг бу гуруҳга мансублиги бўйича эса ишончли маълумот топилмаган.

Тошкент ислом институти талабаси

Эргашев Орифжон

[1] Bedir M. Interplay of Sufism, Law and Theology: a Tenth Century Example / The IVth International Conference of Islamic Legal Studies on Sufism and Law. ─ Мурсия (Murcia), Испания. ─ 2003 йил 8-11 май (бундан кейин: Бедир, Зоҳид Дабусий). ─ Бу ерда: Б. 2.

[2] .5013 № ФА ШИ. ─ Қўлёзма ─ عبد اﷲ السبذموني. كشف الآثار.

[3] .9223 № ФА ШИ. ─ Қўлёзма ─ ابو علي الحسين بن يحيى الزندويستي. روضة العلماء و نزهة الفضلاء.

[4] أبو عبد اﷲ محمد بن نصر المروزي. اختلاف العلماء. حققه و علق عليه السيد صبحي السامرائي. بيروت: عالم الكتب،    1406\1986.

[5] Самъоний, ал-Ансоб. ─ Т. 2. ─ Б. 454-456.

[6] Насафий, ал-Қанд. ─ Б. 77 (№ 82).

[7] Субҳий Жамил ал-Хаййот. Диросат муқорана ли-китоб Тақвим ал-адилла фи усул алфиқҳ: докторлик диссертацияси. ─ Қоҳира: ал-Азҳар университети, 1977 (бундан кейин:

ал-Хаййот, “Тақвим” асари). ─ Бу ерда: Б. 27 (иқтибос № 1).

429550cookie-checkАбу Зайд Дабусий давридаги асарлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: