Туғилишлари ва ҳаётлари
Маҳмуд Таҳҳон 1935 йил Ҳалаб диёрининг Қазоул боб деган шаҳрида дунёга келдилар. Сўнгра у ердан Манбиж[1] шаҳрига, сўнгра Ҳалабга кўчиб ўтадилар. У киши диний оилада катта бўлдилар. Оталарининг исми Аҳмад Таҳҳон ҳисобланади[2].
Илм олишлари
Бошланғич дарсларини Киман Бо шаҳрида ва қисман Манбиж шаҳрида таҳсил оладилар.
Сўнгра Ҳалабдаги Ўрта махсус мадрасасига ўқишга кириб, у ердан 1954 йилда дипломларини кўтарган ҳолларида у ерни битириб чиқадилар.
Қуръони каримни ёд олишни қорилар мадрасасида Шайх Муҳаммад Нажиб ҳузурларида бошлайдилар ва ана шу устозларини олдиларида Қуръони каримни мукаммал даражада ёд оладилар. Маҳмуд Таҳҳон Қуръонни ёд олишлари Ўрта махсус мадрасасида ўқиётган пайтларига тўғри келади. Яъни ҳам илмий дарслари, ҳам қуръон сабоқларини бир вақтда олиб борадилар. У киши устозларига Қуръони каримни Хусровийя масжидида Бомдод намозидан сўнг ўқиб бериб, икки йилда Қуръони каримни мукаммал даражада ёд оладилар. 1956 йил Дамашқдаги Университетнинг Шариат факультетига ўқишга кириб, у ерда тўрт йил мукаммал иқтидор билан дарс ўрганиб, 1960 йилда у ерни битириб чиқадилар. У киши Университетда ўқиб юрган кезларида уйланадилар. Шариат факультетини битирганларидан сўнгра Мажбурий хизмат бўлмиш армияга 1961 йили чиқадилар.
Устозлари
Манбиж шаҳрдаги шайх Жумаъ Абу Заллом Маҳмуд Таҳҳон Манбижу Шайх Жумаъ Абу Заллом (роҳимаҳуллоҳ) (Манбиж Муфтийси) билан муносабатларини айтиб берадилар: “Мен 1947 йилдан 1949 йилгача уч йил ҳаётимни Манбиж шаҳрида кечирдим, сўнгра Ҳалабдаги Хусравийя мадрасасига ўқишга кирдим. Мен Манбиж шаҳрида қолган қариндошларим ва оиламни тез-тез зиёрат қилиб турардим. Ўша йилларда мен Шайх Жумаъдан фиқҳ, наҳв фанларини ва Ибни Моликни “Алфия” китобларидан бир жузини таҳсил олдим. Мен Шайх Жумаъни Устозларим силсиласида ҳам зикр қилиб, у кишини ўзимни таржимаи ҳолимга ҳам ёзиб, номларини киритиб ўтганман[3]”.
У кишини яна Ўрта махсус мадрасасида бир қанча устозлари ҳам бор бўлиб улар: Шайх Абдулваҳҳоб Сакар, Шайх Муҳаммад Абулхайр Зайнулобидин (Тавҳид фанидан), Шайх Фақиҳ Муҳаммад Малаҳ (Мусталаҳ, балоғат ва Ҳанафий фиқҳи фанларидан), Шайх Муҳаммад Нажиб Хиёта (Ҳалабдаги Қуръон устозлари), Шайх Муқрининг шогирдлари бўлмиш Ҳалабдаги қироат илмларини таъсисчиси Аҳмад Абу Тийж Маданий (Тажвид, тиловат вафрози иламларидан), Шайх фақиҳ Муҳаммад Салқиний ва Шайх фақиҳ, луғатшунос олим Ҳалаб муфтийси Муҳаммад Асъад Аъбжий (Аруз фанларидан), Шайх фақиҳ луғатшунос олим Муҳаммад Ножи Абу Солиҳ ва Шайх луғатшунос олим Абдуллоҳ Ҳамод (Сарф илмидан) ва бошқалар Маҳмуд Таҳҳонга устозлик қилганлар
Мисрдаги Ал-азҳар университетидаги устозлари: Шайх Доктор Муҳаммад Абу Заҳв роҳимаҳуллоҳ (Ал-ҳис вал муҳаддисин китобини муаллифи) ва Шайх Доктор Муҳаммад Самоҳий. Бу киши Ҳадис уламоларидан бири бўлиб, китоблар ҳам ёзганлар. Маҳмуд Таҳҳон бу кишини уйларида зиёрат қилардилар[4].
Илмий мерослари
У зотдан қолган илмий меросларини уч қисмга бўлиш мумкин:
Ёзган асарлари
- Тайсир Мусталаҳул ҳадис.
- Усулут тарих ва диросатул асанид.
- Хатиб Бағдодий.
- Ман лиссуннатил явм.
- Инаятул муҳаддисин биматнил ҳадис ка инаятиҳим биласанид.
- Мафҳумут таждид байнас сунатин набавийя ва адияит таждид[5].
Ёзган таҳқиқлари
- АЛ-Жомеъ лиахлақир ровий ва адабис сомеъ.
- Ал-мўжамул авсат.
- Ал-ҳадис ала абвабил фиқҳ.
Илмий изланишлари
- Ҳужжийятус сунна ва даҳзуш шубуҳатиллати тусару ҳавлаҳа.
- Ар-родду алад дуктур Ҳасан Туробий
- Мўжамул мусталаҳатил ҳадисийя.
Вафотлари
Маҳмуд Таҳҳон роҳимаҳуллоҳ Қоҳира шаҳрида ҳижрий 1444 йил робиул ахир ойининг ўттизинчи куни, милодий 2022 йил йигирма тўртинчи ноябрда, пайшанба куни тонггида вафот этадилар ва Қоҳира шаҳрига дафн қилинадилар[6].
Тошкент ислом институти талабаси
Зокиров Акбархон
[1] Манбиж – Сурия шимолида жойлашган, ҳалаб диёрини шимлий шарқидаги бир шаҳарнинг номи
[2] Абдулҳай ибн Аҳмад Ҳанбалий. Шузуротус заҳаб. Дару Ибн Касир нашриёти. Миср. 1996. Ж. 6. –Б. 265.
[3] Тақийюддин Абулфазл. Лаҳзул алҳоз. Дарул кутубил илмийя нашриёти. Байрут. Ливан. 2005. –Б. 378.
[4] Муҳаммад ибн Абдурроҳман Саховий. Аз-зовъул ломиъ. Дарул жил нашриёти. Байрут. 2012. Ж. 2. –Б. 259.
[5] Абдулҳай ибн Аҳмад Ҳанбалий. Шузуротус заҳаб. Дару Ибн Касир нашриёти. Миср. 1996. Ж. 6. –Б. 265.
[6] Хатиб Боғдодий Ал-кифоя фий илмир ривоя. Дорул кутубил илмийя нашриёти. Байрут. 2014. –Б. 189.