Ижара шартномаси ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан энг муҳим шартномалардан бири ҳисобланади. Чунки бугунги кунга назар соладиган бўлса, ижара шартномаси ҳаётнинг барча жабҳасини ўраб олганини кўриш мумкин.
Ижтимоий жиҳатдан ижара шартномасининг муҳимлиги:
Ижара бу икки тоифани ўртасини боғлайдиган шартнома бўлиб, ана шу ҳар икки тоифани ҳам жамиятда ўз ўрни бўлади. Бу икки тоифа: ижарага берувчи мулкдорлар ва ижарага олувчи фойдаланувчилар. Баъзи фақиҳлар мана шу икки тоифанинг ўртасида бўладиган шартномани шундай таърифлашади:
ولا يخفى ما بالناس من الحاجة إلى ذلك – الإجارة – فإنه ليس لكل أحد دار يملِكها، ولا يقدر كل مسافر على بعير أو دابة يملِكها، ولا يلزم أصحابَ الأملاك إسكانُهم وحملُهم تطوعًا.. فلا بد من الإجارة
Маълумки, ҳозирги кунда инсонлар мана шу шартнома – ижара шартномасига эҳтиёжлари бор. Чунки ҳаммани ҳам мулкида уйи, ҳамма мусофирни ҳам манзилига олиб борадиган ўз улови мавжуд эмас. Ҳамма мулкдорлар ҳам уйларини, ёки уловларини бошқаларга текинга беришга мажбур ҳам эмаслар. Бундай ҳолатда ижара шартномаси жуда керак бўлади[1].
Агар ижарага олувчилар ижарага берувчиларга нисбатан кўп эканлигини мулоҳаза қилинса, ижара шартномасида бу икки тоифанинг манфаатини ижтимоий одил қоидаларга кўра мувофиқлаштириш нечоғлик муҳим эканлигини билса бўлади.
Иқтисодий жиҳатдан ижаранинг муҳимлиги:
Ижара иқтисодий жиҳатдан бир қанча эҳтиёжларни қондиришга сабабчи бўлади. Ижарага олувчи томонидан қаралса: у эҳтиёжи тушиб турган, лекин сотишга қурби етмаган, ёки сотиб олишни хоҳламаган маҳсулотнинг манфаатидан фойдаланмоқда. Чунки у бу ҳолатда пулини мана шу нарсани сотиб олишга ишлатмайди, балки ундан муҳим нарсани сотиб олади, бу маҳсулотни эса ижарага олиб ишлатади[2]. Мисол учун бир шахс ўз юртидан бошқа юртга иш қилгани борди. Табиийки, унга тунаб қолиш учун турар жой керак бўлади. Энди ана шу шахс уй сотиб олгани яхшими, ёки ижарага бирор уйда туриб, пулини бизнесга ёки қандайдир ишга сарфлагани яхшими? Иккинчи ҳолат унинг учун яхши бўлади. Бу ижарага олувчининг ижара шартномасидан кўраётган манфаати.
Шу ўринда ижара берувчи ҳам бу шартномадан яхшигина манфаат олади. Ижарага бер ўз мулкидаги нарсалардан мулкидан чиқармаган ҳолатда фойда олади. Ҳозирги кунда мана шундай шартномаларга инсонлар эҳтиёжлари жуда ҳам кўп тушмоқда. Оддийгина бир инсон уй қурмоқчи бўлса ҳам бу шартномага эҳтиёжи тушмоқда. Қисқа қилиб айтганда, ижара шартномаси бугунги куннинг иқтисодий ҳаётининг ажралмас бир нуқтасига айланиб бўлди.
Бундай ҳолатда ҳар бир мусулмон киши бундай шартномаларда доимо шариатга юзланмоғи лозим бўлади. Зеро, жамиятдаги бундай муҳим масалани қусурсиз ечиб берадиган адолат – илоҳий адолат ҳисобланади.
Тошкент ислом иститути талабаси
Сарсенбаев Темурлан
[1] Ибн Қудома. Ал-муғний ва шарҳил кабир. – Ж. VI. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2012. – C. 3.
[2] Муҳаммад Тақий Усмоний. Ислом молиясига кириш. – Тошкент: Азон китоблари, 2023. – Б. 191.