islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Намозгоҳ масжидидаги битиклар

Намозгоҳ масжиди ҳам Ҳазрати Имом мажмуаси таркибига киради. Қаффол Шоший мақбарасидан қирқ метрлар шимоли-шаркда жойлашган бўлиб, масжиднинг қурилиш вақти тўғрисида аниқ тарихий маълумотлар келтирилмаган, фақат унинг Қўқон хонлиги даврида қурилгани маълум яъни ХIХ аср ўрталарида (1845-1867 йй.). Масжид ҳудудида археологик тадқиқотларнинг энг қадимги маданий қатлами XVII асрга оид эканлигини белгилайди.

Намозгоҳ масжидида асосан жума ва ҳайит намозлари адо қилинар эди. Кундалик беш вақт намоз эса Мозорихон, Зарқайнар, Ёв, Ҳалимкўп каби эски маҳаллалардаги кичик масжидларда ўқилган. Шариатга кўра,  жума ва ҳайит намозлари шаҳардаги ёки маълум ҳудуддаги энг йирик масжидларда ўқилиши лозим. Намозгоҳ масжидида ҳам жамоат катта бўлган. Тошкент шаҳрининг тўрт даҳаси аҳолиси жума ва ҳайит намозларини Қаффол Шоший мақбараси ёнидаги ушбу масжидда адо этиб келишган. Намозхонлар кўплигидан имом домланинг овозини орқадагиларга эшиттириб турадиган мукаббирлар сони ҳам анчага етган.

Советлар даврида барча исломий осори атиқалар сингари Намозгоҳ масжиди ҳам хароба ҳолига келтирилган эди. Бино бир қанча вақт турли миллат вакиллари учун ётоқхона ва автомобил ҳайдовчилари тайёрлайдиган мактаб вазифасини ўтади. 1970 йили Намозгоҳ масжиди Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ихтиёрига берилди ва шу йили таъмир ишлари бошланди. Ҳастимомлик машҳур уста Насиб ота ва унинг ўғли уста Карим, уста Наим ёрдамида масжид биноси қайта тикланди.

Марҳум муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ташаббуси билан 1971 йили Тошкент шаҳрида Имом Бухорий номидаги Ислом олий маъҳади очилди. Янги ўқув даргоҳи айни шу Намозгоҳ масжидига жойлашди.  Тошкент Ислом олий маъҳадининг биринчи мудири бўлиб 1971-1975 йиллар Асроркул Мавлонқулов фаолият олиб борди.

1975-1976 йиллари қўқонлик уста Мансуржон ака бошчилигида масжид ёнида институтнинг маъмурий биноси, кутубхона ва таҳоратхона қурилди. 1982 йили бу ерда ошхона ва мажлисхона, 1984 йили айвонли дарсхоналар тикланди.

2007 йилда масжидни таъмирлаш, сақлаш ва реконструкция ишларини “АRX-DIZAYN SAN’ATI” гуруҳ томонидан амалга оширилган.

Обида  пишиқ ғиштдан қурилиб, айвонли кўп гумбазли композицияга эга устунлари ёғочли, меҳроби, гумбазлари муқарнасли қилиб ишланган.

Бош пештоқнинг кўк фонига оқ рангли сусл хатида Қуръони каримнинг “Алақ” сураси битилган. Кўк фоннинг тепа қисмига куфий хатида الملك لله  – “Мулк Аллоҳники” калимаси такрор-такрор келади.

 

“Алақ” сураси

قال الله تعالىى:  بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ   اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ(1) خَلَقَ الْإِنسَانَ مِنْ عَلَق اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ  الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ  عَلَّمَ الْإِنسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ  كَلَّا إِنَّ الْإِنسَانَ لَيَطْغَىٰ  أَن رَّآهُ اسْتَغْنَىٰ  إِنَّ إِلَىٰ رَبِّكَ الرُّجْعَىٰ  أَرَأَيْتَ الَّذِي يَنْهَىٰ  عَبْدًا إِذَا صَلَّىٰ  أَرَأَيْتَ إِن كَانَ عَلَى الْهُدَىٰ  أَوْ أَمَرَ بِالتَّقْوَىٰ  أَوْ أَمَرَ بِالتَّقْوَىٰ  أَلَمْ يَعْلَم بِأَنَّ اللَّهَ يَرَىٰ  كَلَّا لَئِن لَّمْ يَنتَهِ لَنَسْفَعًا بِالنَّاصِيَةِ  نَاصِيَةٍ كَاذِبَةٍ خَاطِئَةٍ  فَلْيَدْعُ نَادِيَهُ   سَنَدْعُ الزَّبَانِيَةَ كَلَّا لَا تُطِعْهُ وَاسْجُدْ وَاقْتَرِب ۩

Аллоҳ таоло айтади: Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

  1. Яратган Роббинг номи билан ўқи. 2. У инсонни алақдан яратди. 3. Ўқи! Роббинг карамлиларнинг карамлисидир. 4. У қалам билан илм ўргатгандир. 5. У инсонга билмаган нарсасини ўргатди. 6. Йўқ! Инсон, албатта, туғёнга кетур… 7. ўзини жуда бой кўргани учун. 8. Албатта, қайтиш Роббинггадир. 9. Қайтарганни кўрдингми… 10. бандани намоз ўқиётганида?! 11. Айтинг-чи, агар ўша ҳидоятда бўлса… 12. ёки тақвога чақирса… 13. Айтинг-чи, агар у ёлғонга чиқарса ва юз ўгирса… 14. Аллоҳ уни кўриб туришини билмасми? 15. Йўқ! Агар қайтмаса, пешона сочидан шиддат-ла тутамиз! 16. Ёлғончи, хатокор пешона сочидан! 17. Бас, у ўз тўпини чақирсин. Биз ҳам забонияларни чақирурмиз. 18. Йўқ! Сен унга итоат қилма! Сажда қил ва қурбат ҳосил қил.

Пештоқнинг икки четидаги кичик пештоқчаларнинг тепа қисмига ҳадиси шарифдан намуналар келтирилган.

Ўнг томондаги пештоқчанинг устига оқ рангли сулс хатида :

العلم علمان: فعلم في القلب فذاك العلم النافع و علم على اللسان فذلك حجة على ابن ادم.

“Илм икки турли бўлиб, биринчиси: бу – фойдали бўлган қалбдаги илм. Иккинчиси: бу Аллоҳнинг фойдасига ва банданинг зарарига ҳужжат бўлган тилдаги илмдир.”

Чап томондаги пештоқчанинг тепасига эса оқ сулс хатида

طلب العلم فريضة على كل مسلم. و ان طالب العلم يستغفر له كل شيء حتى الحيتان في البحر.

“Илм талаб қилиш – ҳар бир мусулмонга фарз. Дарҳақиқат, илм талаб қилувчилар учун ҳамма нарсалар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади.”

 

ТИИ “Тиллар” кафедра ўқитувчиси А.Абдуллаев

 

431860cookie-checkНамозгоҳ масжидидаги битиклар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: