islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Туркистон фахри Саййид Носирхон Тўра Косоний

Саййид Носирхон Тўра пароканда бир даврда яшашига қарамай, бутун умрини халқ маънавияти ва маърифатига, муқаддас динимиз хизматига бағишлаган бу алломанинг ҳаёти ва фаолияти кишилар учун ибратдир. Илм-маърифат йўлида бошига келган турли оғир синовлар, таъқиб ва тазйиқлар олдида сабр ва матонат билан туриб, бу йўлда юксак мартабаларга эриша олган.

Носирхон Тўра Саид  Камолхонтўра ўғли – Фарғона водийсидаги буюк уламолардан бири, Туркистон Мухторияти маориф вазири, Туркистондаги истиқлолчилик ҳаракатининг ғоявий раҳнамоларидан, ўз замонасининг олим ва ойдин кишиларидан бири бўлган.  У зот  1873 йилда Қўқон хонлигининг йирик маданий марказларидан бири бўлган Наманган яқинидаги Косон қишлоғида мударрис оиласида туғилган. Саййид Носирхон Тўра ҳазратлари силсила жиҳатдан Расулимиз алайҳиссаломга боғланганлар.

Саййид Носирхон Тўра аввалги таълимни ўз оталаридан олгандан сўнг Наманган, Бухоро мадрасаларида таҳсил олди. Мадрасани битиргандан кейин чет мамлакатларига кетиб, Бағдод, Деҳли, Ҳижоз ва Кобул, шаҳарларида таҳсил олди.  Ўз замонасининг илғор  олимларидан бирига айланиб, Намангандаги Мавлавий ва Мулла Қирғиз мадрасаларида мударрислик қилган.

“Саййид Носирхон Тўра 1912 йилда яна мамлакатга қайтди.  Чет мамлакатларда яшаган  вақтида  мамлакатнинг тараққиёти учун унда туганмас қизиқишлар бошланди. Айниқса, унга Қоҳирадаги, Теҳрондаги ижтимоий, сиёсий ҳаёт, Ҳижоздаги тараққийпарвар оқимлар кўпроқ таъсир этган эди. Шунингдек, Туркиядаги “Ёш турклар” ҳаракатини яқиндан кузатиб борган эди. Мамлакатга қайтгач, Наманган шаҳар қозиси вазифасида ишлади. 1913 йилдан бошлаб Фарғона жадидчиларнинг ёзма фикрларини тарқатар, отасининг босмахонаси орқали уларга катта ёрдам бера бошлаганди. 1916 йил қўзғолон вақтида Ўзганд, Косонсой ва Наманган атрофидаги қўзғолончиларга руҳий озиқ берувчи шул Носирхон Тўра бўлган эди”.

1913 йил ҳаж амалини бажаради, Сафар асносида ривожланган давлатларда амалга оширилаётган кашфиётлар ва илм-фан тараққиётидан хабардор бўлиб. Ислом мамлакатларидан ҳукм сураётган маданий таназзул, иқтисодий турғунлик ва сиёсий инқораздан ташвишга тушади. Ватанга қайтиш биланоқ ўзига яқин инсонлар ва қўрбошилар билан Ватанни қутқаришга бел боғлайди.

1913 йилдан бошлаб Фарғона водийсидаги жадидчилик ҳаракатида фаол қатнашган. “Шўрои исломия” ташкилотининг Наманган шўъбаси раҳбари, Наманган шаҳар Думаси аъзоси бўлган. Жангчиларни рағбатлантириш юзасидан “Мужоҳидалар нашида”сини битади.

Бутун Туркистон мусулмонлари фавқулодда IV қурултойини 1917 йил 26 – 28 ноябрда Қўқон шаҳрида ўтказишда жонбозлик кўрсатган. У зот 1917 йил декабрда Туркистон Мухторият ҳукумати таркибига маориф вазири сифатида киритилди.

Советларга қарши курашишда Саййид Носирхон Тўра ва у кишига яқин инсонларга кўп синовлар келади. 1918 йил февралда мухторият ҳукумати большевиклар томонидан ағдарилгач,  Саййид Носирхон Тўра Наманганда большевиклар қўлига тушади. Амнистия туфайли озод бўлгач, бир йил мобайнида яширин ҳаёт кечиради. 1919 йили Косонсойда “Миллий иттиҳод” ташкилоти ячейкасини ташкил қилади. Катта Эргаш ва Мадаминбек ҳузурида ғоявий раҳнамо сифатида фаолият кўрсатади. 1922 йилда “Маҳкамаи шаръиа” ташкилотида иш олиб боради. Совет режими томонидан бир неча марта қамоққа олинади. 1924-йилда йилларда Самарқандда қамоқда ўтиради. 1925-йилда Саййид Носирхон Тўра сургун қилинади, кейинчалик эса Оренбургга кўчади. Уни қайтариш учун яқинлари ҳаракат қиладилар лекин фойдаси бўлмайди. 1928-йилнинг сентябрь ойида Саййид Носирхон Тўра сургундан қайтадилар.

Сургунда сўнг ҳам Саййид Носирхон Тўра советлар тизгинидан омонда қолмайдилар. У зот ва унга яқин инсонлар ОГПУ назоратида бўлади. 1929-йилнинг охири ва 1930-йилнинг  бошларида Саййид Носирхон Тўрани ОГПУ аъзолари қидирадилар, унга яқин инсонларни қийноққа соладилар. Носирхон Тўрани 1930-йил 15-июлда Ўшда қўлга олинадилар. Саййид Носирхон тўра СССРнинг давлат хавфсизлиги бўйича махсус органи учлигининг 1930 йил 27 ноябрдаги йиғилиши қарори билан отишга ҳукм қилинган. У билан бирга яна кўплаб кишиларга ўлим жазоси берилган. Давлат арбоби  1931 йил 13 апрелда 58 ёшида Тошкент шаҳрида отиб ташланади. Унинг сафдошлари ҳам кейинчалик қатл қилинган.

Саййид Носирхон Тўра шахсияти енгилмас руҳият, ўз иймонига содиқ, миллатпарвар, курашувчи, тақводор ва илмли инсон бўлиб умрининг сўнгига қадар ўзининг ғояси учун, ўзи ишонган, ўзи суянган иймони йўлида шаҳодатни ҳеч қандай иккиланишларсиз қабул қилади.

Бундай улуғ зотнинг ҳаётини ўрганиш ва халқимизга  етказиш, миллатни юксак марраларга бошлайди.

ТИИ “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси А.Абдуллаев

 

431840cookie-checkТуркистон фахри Саййид Носирхон Тўра Косоний

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: