islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мушораканинг исломий асослари

Замонавий молиявий тизимда Ислом молияси (التمويل الإسلامي) алоҳида аҳамият касб этмоқда. Унинг асосий мақсади — инсонлар ўртасида адолатли, ҳалол ва барқарор иқтисодий муносабатларни йўлга қўйишдир. Ислом молиясининг энг муҳим воситалари қаторида мушорака (مشاركة), мудораба (مضاربة), мурабаҳа (مرابحة), ижара (إجارة) ва бошқалар бор.

Улар ичида мушорака — шерикчиликка асосланган молиявий инструмент бўлиб, иқтисодий фаолиятни биргаликда амалга ошириш, фойда ва зарарни адолатли тақсимлашни таъминлайди. Бу восита жамиятда ҳамжиҳатлик ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлайди.

Мушорака — бу “шерикчилик” деган маънони англатувчи арабча сўз бўлиб, у икки ёки ундан ортиқ шахснинг муайян иқтисодий лойиҳани биргаликда амалга ошириш мақсадида маблағ, меҳнат ёки ресурс қўшиши орқали ташкил топади.

Мушорака Қуръон ва Суннадаги умумий адолат ва шерикчилик принципларига асосланади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَإِنَّ كَثِيرًا مِّنَ الْخُلَطَاءِ لَيَبْغِي بَعْضُهُمْ عَلَىٰ بَعْضٍ إِلَّا الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ

“Шериклардан кўплари бир-бирларига зулм қиладилар, фақат иймон келтирган ва солиҳ амал қилганлар бундан мустасно”. (Сод, 24).

Бу оятдан кўринадики, шерикчилик (мушорака) шаръий жиҳатдан рухсат этилган бўлиб, у адолат ва ҳалолликка асосланиши шарт.

Расулуллоҳ ﷺ ҳам шерикчиликни маъқуллаб:

قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: أَنَا ثَالِثُ الشَّرِيكَيْنِ مَا لَمْ يَخُنْ أَحَدُهُمَا صَاحِبَهُ، فَإِذَا خَانَهُ خَرَجْتُ مِنْ بَيْنِهِمَا

“Аллоҳ таоло марҳамат қилди: Мен икки шерикнинг учинчиси бўламан, агар улардан бири иккинчисига хиёнат қилмаса. Агар хиёнат қилса, Мен уларнинг орасидан чиқаман”. (Абу Довуд ривояти).

Бу ҳадисдан кўринадики, мушорака илоҳий барака ва ишончга асосланади. Унда ҳалоллик ва шаффофлик муҳим шарт ҳисобланади.

Мушорака бу икки ёки ундан ортиқ шахснинг муайян лойиҳани биргаликда амалга ошириш учун қўшма капитал (مال مشترك) ташкил этиши ва фойдани олдиндан келишилган улушда тақсимлаши, зарарни эса капитал улушига нисбатан бўлишишидир.

Ислом фиқҳига кўра, мушораканинг икки асосий тури мавжуд:

  1. Ширкат ал-милк (شركة الملك) — мулкдорлик шерикчилиги.
  2. Ширкат ақд.

Ширкати ақдни ҳам ўз навбатида қуйидаги икки турга бўлишимиз мумкин:

  1. Амал (ёки тақаббул) ширкати;
  2. Тижорат ширкати

Тижорат ширкати эса, бизга маълум бўлганидек, муфоваза, инон ва вужуҳ ширкатлари кўринишларида намоён бўлади.

Шартли равишда мушоракани яна доимий ва камайиб борадиган турларга бўлиш мумкин.

  1. Доимий мушорака (المشاركة الدائمة)да шериклик узоқ муддатли бўлиб, ҳар икки тараф доимий равишда лойиҳада иштирок этади. Масалан, икки компания биргаликда қурилиш фирмаси ташкил қилиб, доимий равишда фаолият юритади.
  2. Камаядиган мушорака (المشاركة المتناقصة)да бир ёки бир неча томон (масалан, банк ва мижозлар) бошланғич сармоя киритади ва кейинчалик банк ўз улушини босқичма-босқич иккинчи томонга (мижозга) сотиб боради. Натижада, мижоз лойиҳа ёки мулкка тўлиқ эгалик қилади.

Бу модель исломий ипотека (шариатга мос уй-жой кредити)да кенг қўлланилади.

Замонавий ислом банки амалиётида ширкатул-ақд тури кенг қўлланилади, яъни банк ва мижоз биргаликда инвестиция киритиб, фойдани келишилган улушда бўлишади.

Мушорака тўғри бўлиши учун қуйидаги принципларга амал қилиниши лозим:

  1. Ихтиёрийлик (التراضي) — ҳар икки томон ҳам эркин рози бўлиши керак.
  2. Аниқ фаолият ёки лойиҳа мавжуд бўлиши (وضوح النشاط).
  3. Фойда улуши олдиндан келишилган бўлиши.
  4. Зарар капитал ҳиссасига қараб тақсимланиши.
  5. Хиёнат, рибо (فوائد), ғарар (الغرر) каби ношаръий омиллар бўлмаслиги.

Мушорака ислом молиясининг энг табиий ва адолатли инструментларидан бири бўлиб, ишончга ва тенгликка асосланади. Унинг илдизи Қуръон ва Суннада мужассам бўлган адолат принципларига бориб тақалади. Шунинг учун замонавий исломий банклар ва инвестиция институтларига ушбу моделни амалиётда кенг қўллаш тавсия этилади.

Мушорака инвестиция соҳасида бир қатор илмий ва амалий афзалликларга эга:

Жумладан шерикчилик амалиётида хавф (таваккалчилик) тақсимланади, фойда билан бир қаторда зарар ҳам шериклар ўртасида бўлинади. Бу эса иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим рол ўйнайди. Бунда яна ҳар ким ўз ҳиссасига мос равишда фойда олади.

Энг асосий афзалликларидан бири бу – мушораканинг тараққиётга туртки бўлиши. Зеро мушорака орқали инвестициялар кўпинча, реал иқтисодиётга йўналтирилади, яъни инфраструктурани шакллантириш, йирик ишлаб чиқаришни ташкил этишга эришилади.

Иқтисодий нуқтаи назардан мушорака исломий инвестициянинг улушга асосланган моделига киради. Бу моделда банклар фойда олиш учун қарз эмас, балки шериклик орқали капитал киритади. Шу сабабли, банк реал иқтисодий фаолиятда иштирок этади ва таваккалчилик юкининг бир қисмини ўз зиммасига олади, молиявий тизимни фоизли қарзлардан халос қилиб, фоизсиз инвестиция муҳитини яратади, ҳақиқий иқтисодий қиймат яратишга хизмат қилади. У шу жиҳатдан анъанавий (капиталистик) тизимдаги “risk transfer” (хавфни бошқа томонга юкла) моделидан тубдан фарқ қилади, натижада бойликнинг фақат бир қўлда тўпланишини олдини олади.

Мушорака иқтисоддаги “реал сектор”ни қўллаб-қувватлайди, яъни ишлаб чиқариш, қурилиш, хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолликни оширади. Демак фойда реал ишлаб чиқаришдан келиб чиқади, бу молиявий барқарорликни таъминлайди. У молиявий тизимни соғломлаштиради, фоизли механизмларга муқобил этика асосидаги молиявий восита сифатида намоён бўлади. Унда иқтисодий фаолият моддий активларга боғлангани учун инфляция, қарз хавфи ва молиявий пуфаклар камаяди.

Мушораканинг хусусиятлари ва афзалликларини янада аниқроқ тушуниш учун уни муробаҳа инструменти билан солиштириб кўриш мумкин.

Муробаҳа (مرابحة) — бу исломий савдо модели бўлиб, банк ёки молия ташкилоти мижоз сўраган молни сотиб олиб, унга маълум устама (фойда маржаси) билан сотади. Мижоз товарни бир йўла ёки муддатли тўлов асосида харид қилади.

Муробаҳа анъанавий қарз тизимига ўхшаб кетса-да, шаръий жиҳатдан фарқ қилади, чунки бу ерда банк товарга мулкдор бўлади, кейин уни сотади. Бу — қарз эмас, савдо битими ҳисобланади.

Муробаҳа амалиёти банклар учун қулай восита, чунки у хавфсиз ва тез фойда келтиради. Бироқ у реал иқтисодий шерикчиликни таъминламайди, яъни банк фақат молни сотади, узоқ давом этадиган иқтисодий фаолиятда иштирок этмайди. Шу сабабли, муробаҳа молиявий жиҳатдан самарали бўлса-да, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан чекланган ҳисобланади. Мушоракада эса, юқорида айтиб ўтилганидек, ушбу жиҳатларнинг айни аксини кўриш мумкин.

Бизнингча, исломий банклар Мушорака асосидаги инвестиция дастурларини жорий этса, бу нафақат банк тизимида адолат ва шаффофликни таъминлайди, балки реал иқтисодиётга молиявий ресурсларни тўғридан-тўғри йўналтириш орқали иқтисодиёт ривожида катта ижобий натижаларга эришишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Яҳё РАЗЗАҚОВ,

Тошкент ислом институти

“Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси” 

катта ўқитувчиси

459400cookie-checkМушораканинг исломий асослари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: