Қаноат истеълоҳда ўзига тақдир қилинган нарсага рози бўлишдир. Қаноат иймоннинг мукаммаллигидан ҳамда исломнинг гўзаллигидан далолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳим, мени ризқлантирган нарсаларингда қаноатли қилгин ва барака ато қилгин”, дер эдилар. Бундан ташқари Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким иймон келтирган бўлса, етарли ризқи бўлса ва Аллоҳ унга берган нарсага қаноат қилса, батаҳқиқ, нажот топибди”, дедилар.
Қаноат саодатни асосидир. Мусулмон агар қаноат ва ризони ҳис қилсагина иймон ҳаловатини топа олади. Қаноатнинг фойдалари жуда кўп. Қаноат билан мусулмон ризо ва саодатга ва яхши ҳаётга етади. Инсон дунё ва уни ичидаги нарсаларни яхши кўришга мойил бўлади. Саодат инсоннинг барча хоҳлаган нарсаларга эришиши эмас, ўзини ҳузуридаги нарсага қаноат қилган инсон ундан бахтлироқ ҳисобланади. Саид ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўғлига: “Эй ўғлим, агар бойликни талаб қиладиган бўлсанг, уни қаноат билан талаб қил. Агар қаноат бўлмаса, мол-дунё сени тўйдирмайди”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким сизлардан қалби хотиржам, танаси соғ-саломат, ҳузурида бир кунлик таоми бўлса, дунё уники бўлибди” маъносидаги ҳадислари бор. Албатта, бу мақомга қаноат қилиш билан эришилади. Яна бир ҳадиси шарифда Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло тақводор, бой, холис бандасини яхши кўради”- дедилар. Бу ҳадисда келган “бой” сўзидан мурод – нафснинг тўқлигидир. Термизий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “бойлик- нафснинг тўқлигидадир”, деганлар.
Ибн Баттол бу ҳадис борасида шундай деганлар: “Бу сўзнинг маъноси: бойлик аслида молнинг кўплигида эмас. Чунки, Аллоҳ таоло мол-дунё берганларнинг кўпчилиги ўзига берилган нарсага қаноат қилмайди. У янада мол-дунёси кўп бўлиши учун ҳаракат қилади. Унга мол-дунё қаердан келаётганини фарқи йўқ. У инсон ҳирси кучлилиги сабабли, худди, камбағал инсон каби бўлади. Албатта, бойликни асл моҳияти нафснинг тўқлигидадир. Инсон ўзига берилган нарсага рози бўлиб, қаноат қилиши ҳамда мол-дунёга ҳирс қўймагани сабабли, у худди бой инсон кабидир.
Ҳадисда “нафснинг тўқлиги” деб сифатланиши Аллоҳ унга ризқ қилиб берган нарсага қаноат қилиши, бирор ҳожатсиз мол-дунёга хирс қўймаслиги ва Аллоҳ таоло унга тақсим қилган нарсага рози бўлишлигидир. Саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй бани Одам, Аллоҳ сизга тақсим қилган нарсага рози бўлинг, одамларнинг энг бойи бўласиз” деганлар.
Аллоҳ таоло барчамизни қаноатли бандалардан бўлишимизни насиб қилсин!
1-курс талабаси
Муниса Маҳмудова