islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Пайғамбаримизга эҳтиром бахт-саодат, ҳурматсизлик ҳалокатдир

Фарғонанинг чекка қишлоқларидан бирида яшовчи Мухтор ака деган киши бор. Ёшлари олтмишдан ошган. У кишини мен эллик ёшларидан бери танийман. Бир куни қудамиз ўғлини уйлантираётганда тўйда бирга ўтириб қолдик. Қуда холанинг тоғалари бўлар эканлар. (Буни мен синглимни тўйидан кейин анча кеч билганман). Шу ерда бу киши ўзининг ибодатга кириш сирини айтиб берди. Ёқамни ушладим, субҳаналлоҳ!

Воқеани қаҳрамонимизнинг тилидан эшитамиз:

“Домла, мен қурувчи-дурадгорман. Бир айбим – авваллари ичкиликка ружу қўйганроқ одам эдим. Тошкентга ишга бориб, дурадгорлик билан кун кўрар эдим. Ишбоши сифатида одам олиб бориб, бирга ишлаб, уларнинг ҳақини олиб берардим. Бир сафар бир тошкентлик исмига “вич, вич” қўшиб чақириладиган казо-казолардан бирининг уйига бориб қолибмиз. Унинг отасини асти қўяверасиз, кўрмаганни кўргани қурсин, жудаа каттазанг (шева: кибрли). Ҳаммамизга жуда қўпол муомала қилади, қуллардек қарайди бизга. Ишчилик, халқни кети кенг, бунақалариям учраб турадида энди деб тишни-тишга қўйиб чидаб ишни давом эттиравердик. Бир куни шу отахон негадир Пайғамбаримиз ҳақида ножўя сўзлар айтиб, ҳақорат қилиб қолди. Чидаб туролмадим, юрагим тез уриб кетди ва “Ҳе сени ўша, … нананай-нананай” деб ёмон сўзлар билан сўкиб-сўкиб, “ишинг бошингда қолсин сен расвони” деб битиб қолай деган, пулини қўлга олишимизга яқин қолган ишни ташлаб кетишга қатъий қарор қилдим ва олтита шерикларимга “Кетдик. Бу бемазани уйида ишламаймиз. Ҳаммаларингни хизмат ҳақларингни ўзим уйга бориб тўлайман”, дедим-да, қишлоққа қуруқ қўл билан қайтдик. Ўзи мардикорман. Ота-онам ўлиб кетган. Бош фарзандман. Бир неча ука-сингилларимга ота бўлиб қолганман. Келиб, эртасига тўғри жума мачитга бориб, Шукруллоҳ ҳожи домла (1944-2006. Ҳожи Ҳиндистоний домла ва бошқа бир неча улуғ устозлардан таълим олиб, ҳикмат эгаси бўлиб етишган зот) нинг олдига кириб, кечаги бўлган ишларни айтиб бердим ва “Домла, шу ишим тўғрими? Нотўғри иш қилмаяпманми? Шу иш ҳақи кечвориб, шерикларимга ёнимдан тўласам бўлаверадими?”, деб сўрадим. (Чекка қишлоқларда оз бўлса-да, шунчалик соддадил, виждонли кишилар борки, кишини ҳақидан қаттиқ қўрқадилар). Домла мени эшитиб, йиғлаб-пишиб кетдилар. Бу ишимдан хурсанд бўлиб, отамга раҳматлар айтдилар ва ўринларидан туриб, қиблага қараб, мени ҳақимга файз-барака тилаб, шунақа ёқимли ва узоқ дуо қилдиларки, қўлларим чарчаб кетди…

Уйга қайтиб, бисотимдаги бор нарсаларимни сотиб, шерикларимга тўладим, рози қилдим. Анча қимматга шартнома қилгандик. Тузуккина маблағ бўлди тўлаган пулим ҳам! Кунлар зўрға-базўр ўтиб, қора қозонимиз бақадриҳол қайнаб турди. Келаси йил баҳорда чўлга чиқиб, шоли экдим. Худо кузидан бериб (куз баракали келиб), шунақа кўп ҳосил олдимки, шу йилнинг ўзида иккита тўй қилиб, уй ҳам солиб, битта сигир ҳам олдим. Ўзим ҳам ҳайронман бу ҳолдан. (Бу мустақилликни дастлабки йилларидаги гап. Қишлоқ шароити учун битта сигир ҳозир ҳам бир оилани боқувчисидек гап). Шу Пайғамбаримизга ўзимча кўрсатган ҳурматим Худога хуш келиб,

Шукруллоҳ ҳожи домлани дуолари ижобат бўлганми, дейман-да, домла. Бир сафар тошкентлик дўстим (ҳарбий хизматдоши бўлса керак) ҳам уйида тўй бўлаётганда таклиф қилди. Билсам, улар ҳам диндор оила экан. Мен ичкиликбозлигимни билиб туриб, қолаверса, “мен бу даврага нолойиқман”, дейишимга қарамасдан, тўйга ташриф буюрган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазрат​лари ўтирган жойга чой олиб боришимга қистади ва у кишидан ҳам ҳақимга дуо олиб берди. Шу ишлардан сўнг Худо қалбимга бир нима солиб, жумага боргим келишни бошлади. Ҳеч нарса билмайман, ичиб тураман ҳали ҳам. Ахийри, бордим. Мачитни ташқарисида дарвозаси ёнида ўтириб, маърузани эшитиб, ичкарига киришга журъат қилолмай, қайтиб келдим. Шу ҳол олти марта такрорланди, бораман, мачитга киролмай, қайтаман. Еттинчи сафар ҳам маърузани эшитиб, охири ичкарига киришга қарор қилдим.Азон айтилаётганда мачит томонга икки қадам ташлашимни биламан, ортимдан бир ичкиликбоз таниш одам “Ҳой Мухтор, бу сен кирадиган жой эмас”, деб бақириб қолса бўладими, устимдан муздай сув қуйиб юборгандек бўлди. (Бу каби ғаламис одамлар ҳар ерда ҳам бор-у лекин қишлоқда шаҳардагидан кўра кўпроқ бўлади бунақа бировдан кир изловчи пасткашлар ҳам). Кўзимдан ёш оққан ҳолда йиғлаб мачитга киравердим, ортга йўл йўқ энди мен учун, деган ўй билан. Шу гапини аввалроқ айтганда эди, уриб ўлдирардим. Чунки мен “алкашлик” пайтимда муштумзўр ҳам эдим. Бахти бор экан бу одамни ҳам. Ҳозир мен бошқача одамга айланиб, қалбим юмшаб қолган эдим. Мачитга кирдим ва ўша йиғи билан домлани амалларини такрорлайвердим. Намоз ўқишниям билмасдим. Худога шукр, кейинчалик, беш вақт намозга мачитга қатнашни бошладим, кейинроқ, “Малим соний (ёши катталар “Муаллим  соний”ни шундай айтадилар биз томонларда)”ни ўқиб, Қуръон ўқишни ўргандим. “Мабдал-қироат (бу ҳам шевада “Мабдаул-қироат” дегани)”ни ўқидим”, деб менга “Дийкун ясийҳу”, деб, баъзи луғат ва ибораларни айтиб таржималарини ҳам айтиб берди. (Бу киши Қуръон ўқишни эллик ёшидан кейин бошлаган). Кейин у киши ҳозирда асал аричилик билан шуғулланаётганини айтиб, “20% ушр бериларди а?”, деб сўрадилар. Мен ушр 10% берилиши ва баъзи ҳолларда 5% берилиши ҳам борлигини айтсам, “Йўғе, қўйинг, домла, келинг, мен 20% бераверай, кўнглим тўлмайди-да”, деб қолдилар. Мен кулиб, майли, дегандек бўлдим. Қаранг, азизлар, бу киши даставвал, қанчалик ёмон одам бўлса ҳам, Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломга бўлган ҳурматлари ва У зот ҳақоратланадиган уйдан ўз ҳақини ҳам олишга жирканиб, У зотни муносиб ҳимоя қилганлари учунми, Аллоҳ унга келгусида қандай бахт, омадларни тақдир қилди?!

Ана у ҳақорат қилган одамни кейинги аҳволидан бехабармиз. Аллоҳ тавба қилишни насиб этган бўлсин. Лекин филология фанлари номзоди бўлмиш устозимиз бир диёнатли ёзувчидан эшитганини ҳикоя қилган эдилар: ёзувчининг буюк унвондор коммунист ҳамкасби ҳам Пайғамбаримизга ана у одамдек, ҳурматсизлик қилган, У зотнинг хотинлари кўплиги жумладан, тутинган фарзанди Зайд ибн Ҳориса хотинини талоқ қилгач, айнан Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси билан уни яьни тутинган фарзандининг хотинини Набийимизўз никоҳларига олганликларини ўқиб қолиб, У зотнинг айбини топгандек, тезда буни динга қизиқиши борроқ мазкур ёзувчига “Муҳаммад ҳам шўх бўлган экан-ку, а?”, деган масхараомуз гап айтган экан. Шунда диёнатли ёзувчи бир оғиз сўз демай, ичида, “ух, ёмон гап гапириб қўйди-ю бу одам. Астағфируллоҳ”, дейиш билан кифояланган экан. Шу ёзувчининг айтишича, шу сўзидан кўп ўтмай, ҳалиги унвондор киши хасталаниб, бинин-кетин қисқа муддат ичида икки оёғи кесилиб, ногиронлик аравасига михланиб, кейинчалик ҳам бошқа аъзолари ҳам кетма-кет ишдан чиқиб, алал-оқибат, яхши бўлмаганини ўз кўзи билан кузатган экан.

Хулоса ўрнида сўзимизни Пайғамбаримизга эҳтиром бахт-у саодат, омаддир. Аксинча, беҳурматлик эса, фалокат ва ҳалокатдир, деб якунласак, айни ҳақиқат бўлса керак…

Оққа кўчирувчи: “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Баҳодир Баҳромжон ўғли

60890cookie-checkПайғамбаримизга эҳтиром бахт-саодат, ҳурматсизлик ҳалокатдир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: