islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Ватанпарварлик – мўминлик белгиси

Жорий йилнинг 14 январь куни Тошкент ислом институтида Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучларининг ташкил этилганини 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган Ватанпарварлик – мўминлик белгиси мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда “Ҳадис ва Ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси Абдурасул домла Тошпўлатов ҳамда 1-курс талабалари иштирок этди. Тадбирда Ватанга бўлган муҳаббат Ўз киндик қони тўкилган, ота-боболари хоки ётган она юртни дунёда тенгсиз, муқаддас Ватан деб биладиган одамнинг мақсад-муддаолари аниқ, ғурур ва ифтихори юксак бўлиши таъкидлаб ўтилди.
Тарих сабоқларидан маълумки, ҳар қандай эзгу ният, орзу ва мақсаднинг рўёбга чиқиши, аввало, Аллоҳ таборака ва таолонинг инояти ва жамиятдаги мустаҳкам тинчлик ва хотиржамликка боғлиқдир. Бу барча замонларда ўз исботини топган ҳақиқатдир. Аллоҳ инсонни халқ қилди. Ўзи ундан яратгани ва унга қайтарадигани ерга, заминга, она тупроққа муҳаббатни инсон фитратига қориштирди. Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтадилар: “Башар ўз ерига, гарчи у тап-тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”. Зикр қилганларимиздан кўриниб турибдики, ватанни севиш ёки айримлар истеҳзо билан тилга оладиган сўз – ватанпарварлик, ибодат даражасига кўтарилган соф ва асл исломий қадриятдир. Бундай сифатга эга бўлиш мўминнинг асосий хусусиятларидан биридир.

Ватан деганда, ҳамиша ўзимиз туғилиб ўсган, кўз очиб кўрган, таълим-тарбия олиб вояга етган, неча-неча авлод-у аждодларимиз яшаб ўтган, уларнинг ақл-идроки, меҳнати сарф қилинган юрт кўз олдимизга келади. Ватан она каби азиз ва мукаррамдир, инсонга бахт-иқбол берадиган заминдир. Абдулла Авлоний айтганидек: “Ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғилган, ўсган жойини жонидан ортиқ суяр… Биз туркистонликлар ўз ватанимизни жонимиздан ортиқ суйганимиз каби, араблар арабистонларини, қумлик иссиқ чўлларини, эскимуслар шимол тарафлар, энг совуқ қор ва музлик ерларни бошқа ерлардан зиёда суярлар. Агар суймасалар эди, ҳавоси яхши туронлик осон ерларга ўз ватанларини ташлаб ҳижрат қилурлар эди”.

Ватан – бу халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагидир. Ватан – муқаддас қадрият. Тараққиёт ватандан бошланади. У инсоннинг киндик қони тўкилган жой, инсонни ижтимоий етимликдан асровчи манзил, маънавий камолот ва фуқаролик майдони, ҳаёт мактаби, фаровонлик ва бахт-саодат ўчоғидир. Инсон учун ватан ягонадир. Ватаннинг катта-кичиги ҳам, бой-камбағали ҳам бўлмайди. Ватан танланмайди. Ватан бизнинг молимиз эмас. Шунинг учун ҳам у пулга сотилмайди ва сотиб олинмайди. Ватан инъом этилмайди, қарзга берилмайди. Ватан ҳар бир фуқаро учун муқаддас ва бетакрордир. Ватанни энг олий неъмат сингари бошимиз узра баланд кўтариб, ҳар он ва ҳар сонияда унинг тупроғини кўзларга суртиб, унга таъзим бажо айлашимиз фарзандлик бурчимиздир. Муқаддас хадиси шарифларнинг маъноларида “Ватанни севмоқ иймондандир”, дейилган. Яъни иймони бут, виждони пок ҳар бир инсон ватанни севади, уни ғанимлар кўзидан асрайди, унинг яшнаши ва яшаши, ҳурлиги учун курашади.

Ватан меҳрини, ватан сеҳрини, унинг мўътабарлиги-ю улуғворлигини сўз билан ифодалаш қийин. Ҳар бир баркамол инсон ватан камолоти ва истиқболи, эл-юртининг озодлиги ва мустақиллиги учун ҳамма нарсани, ҳатто ширин жонини ҳам аямайди. Бу ҳақда мавлоно Фузулийнинг, менинг битта ҳаётим бор, бордию мингта ҳаётга эга бўлган тақдиримда ҳам ҳаммасини ватан учун сарфлаган бўлур эдим, деб айтган сўзлари ҳар биримиз учун бебаҳо ўгитдир. Бу каби ҳолатлар эса бизнинг жаннатмонанд, диёримизда тинч ва фаровон ҳаёт кечираётганимиз учун шукроналар қилишга ва шу барқарорлик ва осойишталикни асраб- авайлаш учун барча имкониятларни татбиқ этишга ундайди.

Ислом дини таълимотига кўра, Аллоҳ таоло Одам наслидан дунёга келган зурриётларни ер юзида турли миллат ва элатларга бўлиб қўйган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар бериб бундай дейди: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.

Табиийки, инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга келса, ана шу ер унинг она-Ватанига айланиб қолади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расули Акрам (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамага юзланиб туриб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлур эдим”,- деганлари сийрати набавия китобларида баён этилган. Демак, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.

Тарихдан маълумки, бирор-бир миллат бошқа бир миллатни хорламоқчи бўлса, аввало унинг ватанини босиб олиб вайрон қилган ёки уларни ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллатга бундан ортиқ хўрлик ва азоб йўқ. Зеро, ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Буюк аллома Алихон тўра Соғуний ҳазратларининг қуйидаги сўзида она-Ватанини севувчи садоқатли ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади: “Ҳар бир инсонга маълумдурки, дунё ҳаётида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар чин инсонлик шарафидан маҳрум бўладилар. Улар озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган бойликка ўзи эгалик қилиш, туғилиб ўсган она-Ватани ва асрлар бўйи эътиқод қилиб келган муқаддас динидир”.

Динимизнинг илоҳий таълимотларида она-Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон фидо қилган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши қайд этилган. Донолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она-Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади, албатта.

Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган бебаҳо илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб бундай дейди: “Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўзи учун шукр қилур. Ким ношукурлик қилса, бас, албатта, Раббим (ҳамма нарсадан) беҳожат ва карамлидир”-деб айтиб ўтди Абдурасул домла.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
Маънавият, маърифат ва иқтидорли
талабалар билан ишлаш бўлими
бошлиғи Ў.СОБИРОВ

64420cookie-checkВатанпарварлик – мўминлик белгиси
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!