Ҳар бир мўмин эътиқод қилиши зарур бўлган масалалардан бири қадарга иймон келтиришдир. Қадарга иймон келтириш деганда ҳаётимизда юз берган ва берадиган барча нарсаларнинг олдиндан белгилаб қўйилганига қатъий ишониш маъноси тушунилади. Чунки Қуръони каримда: “Албатта, биз ҳар бир нарсани қадар (ўлчов) билан яратдик”, дея хабар берилган.
Бу ҳақиқат кўплаб ҳадиси шарифларда ҳам баён қилинган бўлиб, жумладан Ибн Умар розияллоҳу анҳумадан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: “Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир нарса, ҳатто ожизлик ва ақллилик ҳам қазои қадар биландир”, дедилар”.
Қадарга иймон келтириш иймон рукнларидан бўлгани учун Аҳли сунна вал жамоа уламолари бу масаланинг моҳиятини ақида китобларида батафсил ёритиб берганлар. Уларнинг хулосаси шуки, қадар бандалардан махфий тутилган сир бўлиб, уни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Фақатгина Қуръонда хабар берилганидек Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган пайғамбарларга Ўзи хоҳлаган миқдорини билдириши мумкин ҳисобланади.
Демак кимки бандалардан сир тутилган нарсани билишини иддао қилса, ёки иддао қилганнинг даъвосини сўз биланми ё амал биланми тасдиқласа, мазкур оят ва ҳадисларни ёлғонга чиқарган бўлиб қолади. Уларни ёлғонга чиқариш эса диндан чиқишдир.
Аммо, минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунимизда ушбу нозик масалада айрим мусулмонларнинг хатога йўл қўяётганларига гувоҳ бўлаяпмиз. Иймон асоси бўлган ушбу масалани билмагани ёки унга бепарволиги сабабли ўзини мусулмон санайдиган айрим кимсалар мунажжим башоратига суяниб иш тутишларини оддий ҳол сифатида эътироф этадиган бўлиб қолдилар. Айрим газеталарнинг “мунажжим башорати” саҳифаси борлиги туфайли “бозори чаққон” бўлаётгани ҳам сир эмас. Мазкур газеталарда фалончи бурж остидаги одамлар: “бугун сиз учун омадсиз кун, таваккал қилманг” ёки “кутилаётгсан ойда сизни омад кутяпти” каби “меҳрибонлик тавсиялари” эълон қилинади.
Бундай “меҳрибонлик тавсиялари” аслида динимиз таълимотларига мутлақо зиддир.
Мунажжимлик, яъни астрология ҳақида сўз юритилар экан, унинг астрономия илми билан орасидаги фарқни ажратиш лозим бўлади. “Астрономия” осмон жисмлари, унинг жойлашувини ўргатадиган илм бўлса, “Астрология” осмон жисмларини дунёга ва инсонларга таъсири ҳақида баҳс юритувчи асоссиз назария саналади.
Мунажжимлик башорати тарихига қарайдиган бўлсак, бу иллатнинг қадимдан борлигига гувоҳ бўламиз. Айрим олимлар бу башоратларнинг воқеликка зидлигини далиллар билан исботлашган. Масалан, француз статистик олими Мишелл Гокеле 41 минг европалик, уларнинг ичида 6 минг таси машхур олимлар, санъаткорлар, ёзувчилар ва спорт усталарининг туғилишлари ва касбларини ўрганиб чиқиб, инсонларга буржларнинг таъсир қилмаслигини исботлаган.
Мичиган университети психологи Б. Силверман инсонларнинг турмуш қуриши, бахтли яшашида буржларнинг роли устида изланиш олиб бориб, 2978 та никоҳдан 478 тасида ажралиш содир бўлганини ёзган ва хулоса қилиб, инсонларнинг бахтли ё бахтсиз бўлишларига буржлар ва Қуёшнинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, “мунажжим башорати”га ишониш, мусулмончиликка зид бўлса, Аллоҳ махфий қилиб қўйган нарсани мунажжим ёрдамида ошкор қилишга чираниш соғлом ақлга зиддир.
Меҳрибон Роббимиз барчамизга тавфиқ берсин, Ўзининг тўғри йўлида собит қадам қилсин!
2-курс талабаси О. Ғофурова