islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Такфир (Мусулмонни куфрда айблаш)

Аввало ушбу сўзнинг луғавий маъносига тўхталиб ўтайлик. Бу сўз араб тилидаги “куфр” сўзидан олинган бўлиб, ўзбек тилидаги инкор қилиш, осий бўлиш, тан олмаслик каби маъноларни билдиради. Истилоҳда, яъни шаръий атама сифатида эса ­икки хил маънода келади. Бири – динда, яъни, Аллоҳ ва Унинг Расулига итоатсизлик, иккинчиси, инъом этилган неъматни менсимай, инкор этишга нисбатан қўлланилган. Булардан келиб чиқадўиган бўлсак, такфир бировни кофирга чиқариш маъносини билдиради.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда баён этилган мазкур ибора унинг қайси маъносига далолат қилишини сўзнинг қўлланилиш ўрнига қараб ёки кўзда тутилган маънони ёритувчи қўшимча далиллар орқали тушуниш мумкин. Масалан, Қуръонда куфр лафзи бир неча ўринларда келган бўлиб, унда Аллоҳ таоло очиқ куфрни ирода қилмаган. Баъзи оятларда куфрдан мақсад шахсни ислом динидан чиқарадиган куфр эмас, балки чеклов ёки тўхтамларни ўз ичига олади. Бошқа бир оятларда “мутлақ куфр” зикр этилиб, ислом миллатидан чиқишгача бўлган ҳолатлар назарда тутилган.

Исломда такфир тушунчасини нотўғри қўллай бошлашлик тарихи, халифа Али розияллоҳу анҳу даврида пайдо бўлган хорижийлар фирқасига бориб тақалади. Улар ушбу тушунчани ўзларига эргашмаган барчага нисбатан қўллаган. Улар дастлаб халифа Алининг ашаддий тарафдорлари бўлиб, “Сиффийн” жангидан сўнг ҳазрати Алидан ўн икки минглик қўшин билан ажралиб чиқиб, унга ва Муовияга қарши баробар кураш бошлаган.

Хорижийлар қурол ишлатиш орқали ўз эътиқодини тарқатиш ва ҳокимиятга эришишни мақсад қилиб қўйган. Улар тарафдорлари бўлмаганларни ҳаттоки мусулмон бўлса ҳам ўлдиришликни ҳалол санайдилар. “Жамал воқеаси” иштирокчилари, Усмон, Али, Муовия, Амр ибн Ос, Абу Мусо каби саҳобаларни ҳам куфрда айблайдилар. Катта гуноҳ қилган кишини кофирга чиқариб, уларни авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган. Таъкидлаш ўринлики, хорижийларнинг мазкур такфир тушунчаси орқали минглаб мусулмонлар, жумладан, халифа Алининг ҳам ҳаётларига тажовуз қилинган.

Ислом уламолари хорижийларнинг катта гуноҳ бўйича даъволарини таҳлил қилиб, умуман уларни исломий тушунчалардан йироқ эканлигини таъкидлашади. Содир этилган катта гуноҳ сабабли кишини исломдан чиқмаслиги ҳақида қатор далиллар мавжуд. Жумладан, Ислом уламолари айтадилар: Ислом шаҳодат калимасидир. У билан инсон мусулмон бўлади. Бунга Убода розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадислари далил бўлади: “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расули эканлигига гувоҳлик берса, дўзах унга ҳаром бўлади” (Имом Муслим ривояти). Яна: Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан келтирган ҳадислари далил бўлади: “Умматимдан бирор киши Аллоҳга ҳеч бир нарсани шерик қилмаган ҳолда вафот этса, жаннатга киради”, – дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Инсон шаҳодат калимасини айтса, мусулмон бўлаверади. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳодат калимасини айтган кишини Исломини қабул қилиб, уни мусулмон деб эътиборга олган. Ҳаттоки кишини мажбурланган пайтда “кофирман” деса ҳам уни азобланмаслиги ояти каримада айтилди. Бунга кўра, куфрга мажбурланган киши диндан чиққан ҳисобланмайди. Бу борада Савбон розияллоҳу анҳудан Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Менинг умматимдан хато қилганда, эсдан чиқарганда ва мажбурланганда қилган ишидан қалам кўтарилди (яъни. гуноҳ ёзилмайди)”, – деган машҳур ҳадиси ривоят қилинган.

Бир киши куфрга мажбурланса, у ўлимдан қўрқиб куфр сўзини айтиб юборса-ю, қалби иймон ила хотиржам бўлса, уламолар унга гуноҳ бўлмаслигига, у ҳақда “кофир” деб ҳукм чиқармасликка ижмоъ қилганлар. Бу Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Шофеий ва бошқа уламоларнинг сўзидир.

Катта (кабира) гуноҳ содир этган шахс қилган ишини ҳалол санамас экан, демак у кофир бўлмайди. Қолаверса, “аҳли сунна” уламолари иттифоқига кўра, катта гуноҳ содир этган шахс дўзахга кирган тақдирда ҳам унда абадий қолмайди.

Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар сабабидан Қуръон ва Сунна ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтарган. Жумладан, “Нисо” 94-оятда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда, аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, – демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингиз, (сўнгра) сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир”.

Бу оятни нозил бўлиш сабаби ҳақида ибн Касир ўз тафсирида шундай дейди: Имом Аҳмад ибн Аббосдан ривоят қиладилар: “Бану Салимдан бир киши ўзини қўйларини боқаётганда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг бир гуруҳининг олдидан ўтиб туриб уларга салом берди. Улар: “бизга салом берма, балки биздан паноҳ сўра”, дедилар. Сўнг уни ўлдирдилар, кейин уни қўйи билан Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келдилар. Сўнг ушбу оятни “Эй иймон келтирганлар”дан охиригача нозил бўлди”.

Ҳадиси шарифларда ҳам ўзга шахсни куфрга чиқаришдан огоҳлантирилади. Жумладан, Имом Бухорий ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам айтди: “Агар киши биродарига “Эй кофир”, – деса, у (сўз) иккисидан бирига қайтади”.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай деганлар: “Ҳеч бир киши бошқа кишини фосиқ, кофир деб айбламасин. Агар у киши бундай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтиб келади”.

Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра бирор-бир аҳли қибла бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик лозимдир.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳам қибла аҳлларидан бўлганларнинг бирортасини кофирга ҳукм қилмаган экан. Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ эса фақатгина бидъат аҳлларидан бўлган хаттобийларнигина очиқ сувратда ҳаромни ҳалол деганлари учун куфрга ҳукм қилган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳнинг одамларни Қуръонни махлуқ дейишга ундаб, уларни шу бидьатга чорлаган кимсаларга нисбатан тутган мавқеларини шу ўринда эслаш ўринлидир. Ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳнинг ўзлари мана шу сўз, яъни “Қуръон – махлуқ” дейиш куфр бўлади, деб фатво берган бўлсалар ҳам, у зот бирор муайян кишини уни махлуқ дегани учун кофирга чиқармаган экан.

Ақида китоблари, жумладан, “Таҳовий ақидаси”да: “Қибла аҳлидан бўлган бирор бир мусулмонни гуноҳи туфайли кофир санамаймиз”, – дейилади. Шунингдек, бошқа ақида ва уларга ёзилган шарҳларда катта гуноҳ қилган кишилар гарчи уни содир этиш пайтида вафот этса ҳам, қилган ишини ҳалол санамаса, кофир бўлмаслиги, агар ўз уқубатларини дунёда олса катта гуноҳи учун каффорат бўлиши, мободо вафот этса, бу – Аллоҳнинг ҳоҳиши: хоҳласа азоблаши, хоҳласа кечиши баён қилинган.

Ақида илмининг етук билимдони Абул Ҳасан Ашаърий айтади: “мен аҳли қибладан бирортасини кофирга чиқармайман. Чунки уларнинг барчалари ёлғиз маъбудга ибодат қиладилар”.

Бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмонга қони, обрўси ва моли ҳурматли бўлиши лозим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг видо ҳажларида айтган қуйидаги гаплари буни тасдиқлайди: “Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз ўзларингиз учун худди шу кунингиз, шу ойингиз ва шу шаҳаринигиз каби ҳурматлидир. Шу ерда ҳозир бўлган киши ҳозир бўлмаганларга етказсин”.

Ислом тарихида хорижийлар томонидан қўлланилган услуб бугунги кунимизда ҳам жиҳодий жамоалар мафкурасида давом этиб, унга кўра уларга эргашмаган шахслар ва тузумларни кофирликда айблаш тамойили марказий ўринда турибди. Шунинг учун ҳам 2005 йил июлъ ойида Оммон (Иордания) шаҳрида ислом дунёсининг етакчи уламолари томонидан қабул қилинган фатвода “тўрт сунний мазҳабга эътиқод қилувчиларнинг барчаси мусулмон ҳисобланади. Уларни имонсизликда айблаш, жонига, номусига ва мулкига қасд қилиш мумкин эмас”, – деб эълон қилинган.

Шайх Юсуф Қарзовий мусулмонни кофирга чиқариш хусусидаги саволга жавоб бераркан жумладан, бундай дейдилар: “Ким Алоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг расули эканлигига қалби билан тасдиқлаган ҳолда гувоҳлик берса, мусулмон бўлади. Унга тўлалигича мусулмонларга қилинадиган муомала қилиш лозим. Бу билан у дўзахда абадий қолишдан нажот топади. Агар тили билан айтса лекин, қалби билан ишонмаса, мунофиқ бўлади. Унга зоҳиран мусулмонларча муомала қилинади, лекин у дўзахнинг энг тубида бўлади.

Инсон шаҳодат калимасини ихлос билан айтганидан ташқари бажариши лозим бўлган фарз амаллар бор. Лекин ўша амалларни бажармай шаҳодат калимасининг ўзи билан кифояланса ҳам мусулмон бўлаверади. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳодат калимасини айтган кишини исломини қабул қилган ва уни мусулмон деб эътиборга олган эдилар.

Аниқ мусулмон бўлган кишини кофирга чиқариш учун уни имондан чиққанлигига ўта ишончли далиллар мавжуд бўлгандагина кофир дейиш мумкин. Чунки шаръий қоидага кўра ўта ишончли нарсани шубҳали нарса билан кетказилмайди.

Шариат зинокор, туҳматчи, ўғри, йўлтўсар, ароқхўр, муртад ва бошқа кабира гуноҳлар жазоларини турли хил қилиб белгилади. Агар ҳамма кабира гуноҳлар куфр бўлганда ҳаммасига битта қилиб муртаднинг жазоси белгиланиши керак бўларди”.

С.Масаитов

Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси

7360cookie-checkТакфир (Мусулмонни куфрда айблаш)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: