islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имомликка ким ҳақли?

Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан  ривоят килинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир дўстим билан бордик. У зотнинг ҳузурларидан туриб жўнамоқчи бўлганимизда бизга: «Намоз хозир булса, азон айтинглар, сўнгра иқомат айтинглар, иккингиздан каттангиз имом бўлсин», дедилар (Учовлари ривоят қилишган).

Абу Довуднинг ривоятида: «Яхшиларингиз азон айтсин, аҳли Куръонларингиз имом бўлсин», дейилган,

Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Молик ибн Хувайрис  розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик. Молик  ибн Хувайрис Басралик бўлиб, куниялари Абу Сулаймон эди. Бу зот ва қавмларидан бир неча кишилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида у зот уларга намоз ўқишни ўргатганлар, сўнг қавмларига қайтаётганларида уларга ҳам намоз ўқишни ўргатишни буюрганлар. Шунинг учун бўлса керак, бу саҳоба Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз хусусида кўплаб ҳадислар ривоят қилганлар.

Ушбу икки ривоятда бир неча муҳим масалалар баён қилинмокда:

  1. Икки киши бўлса ҳам азон, иқомат айтиб, жамоат бўлиб намоз ўқиш кераклиги.
  2. Фазлли икки кишидан каттаси имом бўлиши лозимлиги. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом «иккингиздан каттангиз» деганлари фазли ортиғингиз деганларидир.
  3. Қавмнинг ичида яхшиси азон айтмоғи кераклиги. Чунки муаззинга ўз қавмининг ибодат вақтлари ишониб топширилган бўлади. Бундай нозик иш ҳар кимга ҳам ишониб топширилавермайди. Ҳар кавмнинг ичида фақат яхшиларигина бу ишончга сазовор бўлишлари мумкин.
  4. Ахли Қуръонлар имом бўлиши лозимлиги. Бунда фақат Қуръонни  ёд олган киши эмас, аҳли Қуръон бўлган, Қуръонни ҳам, шариатни ҳам керагича билган, тақвода, ихлосда юқори мақомга етган зотлар кўзда тутилмокда. Чунки ҳар қавмнинг имоми уларга Аллоҳ таолони йулини танитувчидир.

Имом Дора Қутний ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энг яхшиларингизни имом қилинглар. Чунки улар сиз билан Роббингиз орасидаги вакилларингиздир», деганлар.

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қавмга уларнинг ичидан Аллоҳнинг китобига моҳирроғи, агар қироатда баробар бўлсалар, суннатни яхши биладигани, агар суннатда ҳам баробар бўлсалар, аввал ҳижрат қилгани, агар ҳижратда ҳам баробар бўлсалар, ёши каттароғи имом бўлади. Хеч ким бошқа бировга унинг салтанатида имомлик қилмасин ва унинг уйидаги ўзи учун тайёрланган жойга ўтирмасин. Магар унинг изни ила булса майли», дедилар. (Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган).

Ушбу ҳадиси шарифда ким имом бўлиши кетма- кет бир нечта сифатлар ила баён қилиб берилмоқда. Шу билан бирга, уламоларимиз таъкидлаганларидек, мазкур сифатлар ўша вақт воқелиги эътиборга олинмокда. Энди ўша сифатларни бирин–кетин кўриб чиқайлик.

Аввало, ҳар бир қавмга уларнинг ичидан:

  1. «Аллоҳнинг китобига моҳирроқлари имом бўлади».

Бу имом танлаш вақтида аввало Қуръонни билиши, қироат қилиш сифатига қаралади деганидир. Ислом жамиятида бу нарсага катта эътибор қаратилади. Чунки имом танлаш бу мусулмонлар орасидан энг яхшисини саралаб олиш демакдир. Мусулмон кишининг яхшилиги эса, энг аввало, унинг Қуръонни қай даражада билиши, уни тиловат қилиши, унга амал қилишига қараб белгиланади.

  1. «Агар қироатда баробар бўлсалар, суннатни яхши биладигани»

Намоз ўқиш учун ҳозир бўлган кишилар ичида имомликка лойиқ бир неча киши Қуръон қироати бўйича савиялари тенг бўлиб қолса, суннатни яхши билган, диний аҳкомларни тўлиқ тушунадиган киши имомликка ўтади.

Баъзи уламолар имомликка даъвогарлар ичидан муносибини танлаш учун ҳудди шу тартибга риоя этиб, унда аввал қори кейин олим эътиборга олинади деганлар. Улар ушбу ҳадисни зоҳирига қараб шундай хулоса қилганлар.

Аммо жумҳур уламолар, жумладан, ҳанафий мазҳаби уламолари суннатни яхши биладиган олим қоридан муқаддам бўлади, деганлар.

Чунки олим одам намозга керакли даражада Қуръон қироатини яхши билиши турган гап, аммо қори одам намозда юзага келиб қоладиган масалаларни дарҳол хал килиб кетавериши осон эмас. Ушбу ҳадисда қорини муқаддам қуйилиши саҳобаи киромларнинг қорилари олим бўлганлиги эътиборидандир. Улар бир оятни ёд олганларидан кейин унга тўлиқ амал қилмагунларича иккинчи оятга ўтмаганлар.

  1. «Агар суннатда ҳам баробар бўлсалар, аввал ҳижрат қилгани»

Имомликка танлашда эътиборга олинадиган сифатларнинг учинчиси ҳам Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг даврларига хосдир. Ўша пайтларда кишиларни ҳижратни эртароқ қилганларига қараб хурматлаш бор эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўпгина ҳолатларда саҳобалар орасидаги афзалликни уларнинг ҳижратлари қадимлигига қараб олганлари маълум ва машҳур.

  1. «Агар ҳижратда ҳам баробар бўлсалар, ёши катта бўлганлари имом бўлади».

Уламоларимиз тўртинчи ўринга Исломи аввал бўлган кишиларни қўйганлар. Чунки бу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида «Ёшлари катта» ўрнига «Исломлари аввал бўлганлари» дейилган.

Албатта, Исломга аввал кириш ҳам катта фазилат ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам имомликдан бошқа ишларда ҳам Исломга аввал кирганларни устун қўйганлари маълум.

Бешинчи ўринда эса, аввал ўтган тўрт сифатда савияси тенг бўлиб қолса, ёши улуғи имомликка тақдим қилинади.

Кўриниб турибдики, имом танлашнинг ўзига хос ўлчови бор. Қолаверса Исломда аслида имомлик касб ёки мансаб эмас, балки шараф ва масъулиятдир. Имом намозга тўпланган намозхонлар ичидан бирини танлаш билан бўлади. Яъни, бунга ҳар бир мусулмон тавсия этилиши мумкин. Авваллари масжидларга алоҳида имом тайинлаш, имомликни касб қилиб олиш бўлмаган. Кейинчалик инсонлар Ислом таълимотидан узоқлашиб, дунёнинг орзу ҳавасларига берилиб кетганларидан кейингина имом тайин қилиш одати пайдо бўлди. Бу эса ўз навбатида турли муаммоларни келтириб чиқарди. Нолойиқ кишиларнинг имом бўлиб қолиш ҳоллари, имом ва қавм ўртасидаги келишмовчиликлар шу муаммолар сирасига киради.

4-курс талабаси
Ёрқин Жумабоев

73640cookie-checkИмомликка ким ҳақли?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: