Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Мени дўстлик саҳифаларига қўшганларга аввало ташаккурларимни изҳор қиламан. Исмим Фотимахон, Қоҳирадаги ал-Азҳаруш-шариф университетининг санавийя босқичида таълим олганман. (2014-2016). Оилалиман, икки нафар фарзандим бор. Хўжайиним ал-Азҳаруш-шариф университетининг куллия босқичини тамомлаган. Фейсбук саҳифасига олдинлари ҳам, то турмушга чиққунимга қадар кирар эдим (4 йил олдин). Оила қурганимдан кейин саҳифамни ўчириб, тармоқдан чиқиб кетган эдим. Мана яна шу саҳифага яқин вақтлардан бери кира бошладим.
Биз миллатимиз ўзбек бўлсада, Ўзбекистонлик эмасмиз. Ота-онам ва қариндошларим Мисрда яшашади. Биз ҳам асли мисрликлармиз. Лекин айни вақтларда хўжайинимнинг ишлари билан боғлиқ, БАА сафаридамиз.
Хўжайиним илмий тадқиқотчилар. Аллоҳдан қўрқадиган холис инсон. У киши билан мен илк маротаба Азҳари шарифга борганимда танишганмиз. Ўшанда у киши куллияда ўқирдилар. Кўп вақт ўтмай оила қурганмиз. Жуда яхши, меҳрибон, гўзал муомалалик инсон – алҳамдулиллаҳ. Асосий вақтларини илмий изланишларга сарфлайдилар. Араб ва урду тилларини мукаммал ўзлаштирганлар. Инглиз ва немис тилларида ҳам эркин тиллаша оладилар.
Энди ушбу постни ёзишдан мақсад нима эканлиги ҳақида айтадиган бўлсам, мен улғайган муҳит, мен орасида яшаган кишилар ўзларини “аҳли ҳадис” деб аташади. Бу ерларда болаларга ёшликданоқ Қуръони карим ва ҳадис китобларини ёдлатилади. Ота-онамиз барча фарзандларига Қуръонни ёдлатганлар. Жумладан мен ҳам 11 ёшимда Қуръони каримни ёд олиб, жазарий туруқи бўйича устозларимга ўқиб бериб, имом Ҳафс ва имом Варш қироъатларидан ижозат олганман. Кейин ҳадис илми устозига беришган. У ерда имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ини тўлиқ ва имом Муслимнинг “Саҳиҳ”ини 501-ҳадисигача ёдлаганман.
Азҳари шарифда асосан араб бадиий тили ва балоғатни ўргандим. Бир нечта лаҳжаларни ҳам бошқа араб диёрларидан келган талабалар ёрдамида ўрганиб олдим. Айни вақтга қадар катта тафсир китобларидан “Қуртубий” ва “Ибн Касир” тафсир китобларини ўқиб тугатдим.
Шу вақтгача фақат “аҳли ҳадислар” ичида бўлганим боис, “аҳли ҳадис” олимлар суҳбатида, дарсларида қатнашганим боис дунё мусулмонлари ичра оммалашган 4 мазҳабга эргашишни салбий баҳолар эдим. Мазҳаб тутганларни адашган фикрда эдим. “Аҳли ҳадис” устозларнинг “Расулуллоҳ қайси мазҳабда бўлган эканлар? Салафи солиҳлар биронта мазҳабга эргашишмаган, мазҳабпарастлар ўзларининг райларини насслардан устун қўйдилар” каби сўзлари қулоғим остида жаранглар эди.
Азҳари шариф талабалари ичида мазҳабга эргашганларини кўрсам у билан гаплашмасдим ҳам. Чунки уларни адашган дея “аҳли ҳадис” устозларимиз доим огоҳлантирар эдилар. Устига устак хўжайиним ҳам “аҳли ҳадис” бўлганлиги мени бу йўлда янада дадил бўлишимга туртки бўлиб келган. Аммо алҳамдулиллаҳ, хўжайинимлар жуда инсофли, диёнатли шаръий масалаларда жуда холис бўлганликлари бизнинг ютуғимиз, десам адашмаган бўламан. Бирор масала устида изланиш олиб борсалар далилларни солиштириб охирига бормагунча хулоса билдирмайдилар.
Мен шу яқин орада ушбу тармоққа кириб турли инсонлар билан танишдим. Ўзим каби “аҳли ҳадислар” кўп бўлиши билан бирга, мен доим адашган деб ҳисоблаганим – баъзи сўфийлар ва мотуридийлар билан ҳам танишдим. Эътироф қиламанки уларни кўпгина масалаларда адашган деб билганман. Баъзида эса ширкка кириб кетган, деган фикрда ҳам бўлганман. Чунки, мен ўқиган оят ва ҳадислар шунга далолат қиларди. Аммо асосий сабаб бу эмас. Мен шу пайтгача сўфийлар билан яқин бўлмаганим, яқиндан муомала қилмаганим менинг шундай фикрлашимга асосий боис бўлган.
Шуни маълум қилмоқчиманки, фейсбук тармоғида баъзи сўфийя қизлар билан танишиб қолдим. Муомалалари жуда гўзал, одоб-ахлоқли қувноқ ва самимий бўлган бу қизларга чиндан меҳрим туша бошлади. Ўзбекистондан деярли ташқарига чиқмаган бу қизлар араб тилини жуда чуқур ўргангани мени ажаблантирди. Аввалига эътиқодим хато дея кўрсатган баъзи постларига эътирозлар билдирдим, шарҳлар ёздим.
Ўзи баҳсларни унча хушламайман, чунки илмий бўлмаган баҳслар фақат қалбни қаттиқлашиб қолишига олиб келади холос. Аммо сўфийя қизнинг далилларни келтириб бергани, ҳар бир оятни тафсирлари билан, ҳадисларни шарҳлари билан ёзиб бергани кўплаб китобларни ўқигани ва ёддан билгани мени ҳайрон қолдирди. Ҳатто бу қизнинг ёзган бир қанча маълумотлари менга янгилик бўлди. Жумладан шайх ул-ислом Аҳмад ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг тавассул ва истиво масаласида фикрларини ўзгартирганликлари ҳақида манба асосида келтирган маълумотлари менга тамоман янгилик бўлди. Ва мен ушбу олдин кўрмаган маълумотларни хўжайинимга ҳам кўрсатдим. Бу маълумотлар табиийки у кишининг қизиқишларини ошириб қўйди. Хўжайиним у қиз ёзган манбаларнинг бир нечта нусхаларини солиштирдилар. Жумладан Қуртубий, Ибн Касир, Шавконий тафсирларида “аҳли ҳадис” ноширлар чоп этишган нусхалари билан у қиз келтирган нусхалари орасида фарқлар бор экан.
Яна Имом Доримийнинг “ар-Радду ъалал-жаҳмия” китоби ва Ашъарийнинг “ал-Ибона фи усулид-дияна” китобининг ҳам нусхалари орасида баъзи тафовутлар мавжуд экан. Хўжайиним бу маълумотларни кўриб, бир қанча нусхаларни таққослаб чиқдилар. Чиндан ҳам биз фойдаланадиган тафсирлар ва ҳадис китобларининг Мадинада, Истанбулда, Қоҳирада ва Ливанда нашр қилинган нусхалари орасида, шунингдек, баъзи шомила тўпламларидаги нусхаларда ҳам баъзи тафовутлар борлиги аниқланди. Бу ҳақида “аҳли ҳадис” устозлардан сўраган эдилар, улар у нашр остида чиққан китобларни ўқишни тавсия қилмасликларини билдирдилар. Аммо, хўжайиним ўзлари ҳозирда иш олиб бораётган Дубайдаги илмий марказ ходимлари ва уламолари билан суҳбатлашгач, ҳамда бу ердаги кутубхоналарда сақланадиган эски нусхаларни ҳам текшириб кўрдилар. Натижада эса баъзи масалаларда бизнинг фикрларимиз ўзгарди.
ХУЛОСА
1. Тавассул масаласида: дуо қилувчи шахс фақат Аллоҳнинг исм ва сифатларини, ҳамда тирик шахсларнигина васила қилишлари жоиз деган фикрда эдик. Эндиликда барча Пайғамбарлар ва ўтган солиҳ кишиларни ҳам васила қилиш жоиз дея эътироф этамиз;
2. Истиво масаласида: Аллоҳ Қуръонда “Раҳмон Аршга истиво қилди” деган. (Тоҳа сураси, 4-оят). “истиво” сўзига “истақарра” ёки “имталаа” демасдан, балки асл маъносини Аллоҳга ҳавола қилиб, Аллоҳ нимани ирода этган бўлса ўшанга иймон келтирамиз. “Истава”дан макон ирода қилинди дейиш нотўғри дея эътироф этамиз;
3. Иймоннинг асли масаласида: тўрт имом эътироф этганидек, иқрор ва тасдиқдан иборат. Амал зиёда шарт(и) бўлиб, иймоннинг фаръларидир. Намоз ўқимаган ё зино қилган киши иймондан чиқмайди. Гуноҳи кабира қилган осий бўлади;
4. Қабрларни зиёрат қилиш масаласида: мусулмон киши ўтганларнинг қабрларини зиёрат қилиб, ҳаққига Қуръон тиловат қилиб, дуо қилиши жоиз эканини эътироф этамиз. Қабрдан ҳожат сўрамасдан, унга сиғинмасдан туриб зиёрат қилган киши мушрик дейилмайди.
5. Мазҳаблар масаласида: тўрт мужтаҳид имомга эргашган кишини бидъатчи демаймиз. Балки салафлар йўлини тутганлардан деймиз;
6. Тақлидий иймон масаласида: иймонида муқаллид бўлган кишини ҳам мўмин дея эътироф этамиз.
Бу масалаларни тўғридан тўғри қабул қиладиган даражада авом эмаслигимизни яна бир бор айтиб ўтмоқчиман. Оиламдагиларнинг барчаси, ота-онам, қариндошлари илмли кишилар бўлган. Хўжайиним ва мен эса дунёнинг энг машҳур таълим масканида таҳсил олганмиз. Ушбу масалаларнинг барида хулосага келгунимизга қадар хўжайиним ҳам, мен ҳам изланиш олиб бордик. Далиллари кучли тарафга қалбимиз таскин топгачгина шу хулосаларга келдик.
Бизнинг бу хулосаларга келишимизда асосий туртки бўлган фейсбукдаги дугоналаримга ўзимнинг ва хўжайинимнинг номидан ташаккур айтаман. Аллоҳ икки дунёда ҳам энг буюк мукофотларга насибадор айласин! Эҳтиром ила,
Фотимахон бинту Муҳаммадраҳим