islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

ИСЛОМ ХАҚИҚАТНИ АНГЛАШ ДЕМАКДИР

Шайхулислом Оллоҳшукур ПОШШОЗОДА, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, МДҲ Динлараро кенгаши ҳамраиси, Кавказ халқлари Олий диний кенгаши раиси:

“Бугун, муҳаддислар, олиму уламолар етиштириб берган заминда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг номи билан боғлиқ савобли юмушлар амалга оширилаётгани, хусусан, у кишининг қаламига мансуб ва бошқа диний-маърифий китоблар чоп этилиб, юртингизда ташкил этилган “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан масжид ва мадрасаларга етказиб берилаёттани, Тошкент шаҳрида Шайх ҳазратларининг номлари билан юритилувчи кўркам масжид очилгани энг хайрли ишлардир, десак, айни ҳақиқат.

Ўзбекистонда яшаб ўтган улуғ алломалар Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Исо ва Ҳаким Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Муҳаммад Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа кўплаб даҳоларнинг қолдирган бебаҳо илмий-маърифий меросига суянган ҳолда фаолият олиб бораётган ўзбек жамиятининг танлаган йўли энг тўғри эканини бутун жаҳон афкор оммаси эътироф этиб турибди.

Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг бошларидаёқ юртингизда ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43 -сессиясида таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл эканлиги ғоясини илгари сурган эди. Диний ислоҳотларнинг замонавий дунёга, она сайёрамиз тинчлигига, инсонлар ҳаёти хотиржамлигига, фаровон турмуш кечиришига, бахтли-саодатли бўлиши, ёш авлод келажагини таъминлашга қаратилган, ислом жамиятининг энг илғор тамойилларини ўзида мужассам этган бу ҳаётбахш ғоялар кўп ўтмай бутун Ер юзини қамраб олиб, ажойиб самаралар берганига барчамиз гувоҳ бўлдик. 2018 йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Резолюциянинг қабул қилиниши 2017 йил сентябрь ойида Нъю-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси бўлди. Ўзбекистонда обод қилинган муқаддас қадамжолар бутун дунё сайёҳларини ўзига жалб этиб келаётгани бежиз эмас. Биз  ҳам ўша томонларга кўп боргимиз келади. Тошкент шаҳрининг ўзида буюк соҳибқирон Амир Темурнинг бевосита буйруғи билан қад ростлаб, асрлар давомида, халқнинг севимли даргоҳи бўлиб келган Шайх Зайниддин, Зангиота, Сузук ота мақбара-масжидлари борлигини биламан.  Сузук ота ва Сўгалли ота масжид-мақбаралари қайта тикланиб, ишга тушгани ҳакида ҳам эшитдим. Сузук отанинг дунёга машҳур Хўжа Аҳмад Яссавий авлоди экани, балоғат ёшига етганида отасининг  йўлланмаси билан Тошкентга бориб қолиб, юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳунарга, ҳалол меҳнатга ўргатгани бугунги кунда барчага ибратлидир. Касб-ҳунар билан машғул бўлиш, ҳалол ризқ топиб яшаш исломнинг энг эзгу таълимотларидандир.  Эшитишимга қараганда, Сузук ота масжидининг атрофида ҳунармандлар учун  ҳам алоҳида шарт-шароитлар яратиб берилибди.

Ислом оламида катта обрў-эътиборга эга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари энг оғир даврларда Ўзбекистон халқи, унинг тинчлиги, одамларнинг диний соҳада тўғри йўлдан боришида катта ҳисса қўшган. У кишининг қаламига мансуб “Очиқ хат” китобидаги “Ислом – тинчлик дини”, “Ислом шариати инсонга енгиллик келтирган, оғирлик эмас”, “Шошқалоқлик – зарарли иллат”, “Мўътадиллик – Энг зарур хислат”, “Йўлини топса, сулҳ ҳам фатҳ бўлади”, “Зарарни даф қилиш хусусидаги қоидалар” каби мавзулар ўрин олган. “Мусулмон олами ҳозирда бошидан кечириб турган мусибатлар ҳам ўзини билган ҳар бир шахс учун жуда катта мусибатдир, – деб ёзган эди Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари. – Бу мусибатнинг асосий айбдорларидан бири мусулмонларнинг ўзларидан чиққан бемаъни тоифалардир, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Мазкур тоифалар қўзғаган ва олиб бораётган жоҳилона ҳаракатлар оқибатида бутун мусулмон олами жафо чекмоқда. Ушбу жафо ва мусибатларнинг ҳажми шу қадар каттаки, ҳаётнинг турли соҳаларида дунё бўйлаб мусулмонларга катта зарарлар етмокда”. Кўринадики, бугунги кунда дунёдаги барча мусулмон аҳли исломнинг Ўзбекистондаги маърифатпарварлик ғояларини қўллаб-қувватлаётгани бежиз эмас. Маърифат, маданият, бағрикенглик, таълим-тарбия, аёллар ва ёшларга ғамхўрлик, кексаларга ҳурмат, ўзга дин аҳли иззатини жойига қўйиш каби инсонпарварликка йўғрилган ғояларнинг барчаси исломга хосдир. Улар бугунги  Ўзбекистонда ҳам амалга оширилаётгани ислом таълимотининг тўғри йўналишини белгилаб олиш нақадар зарурлигини акс эттиради.

“Ислом ҳақиқатни англаш демакдир, у одамзодни эзгу амалларни бажаришга ундайди, ҳар биримизни яхшилик ва тинчликка чорлайди, ҳақиқий инсон бўлишни ўргатади”. Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг бу сўзлари чин ҳақиқатдир. Бу ҳақиқатни англатиш учун Ўзбекистон дунёга ўз эшикларини очди. Бу заминдан етишиб чиққан улуғ зотларнинг, алалхусус, Шайх Муҳаммад Содик Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг руҳлари шод бўлсин!”

Манба: “Халқ сўзи”

83700cookie-checkИСЛОМ ХАҚИҚАТНИ АНГЛАШ ДЕМАКДИР
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!