islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Убайдуллоҳ ибн Масъуд роҳматуллоҳи алайҳ

      Мовароуннаҳрда  муқаддас ислом дини кенг тарқалиб, миллатнинг қон-қонига сингиб кетгандан сўнг, ушбу диёрдан забардаст дин пешволари, етук қомусий уламолар етишиб чиқди. Улар ўз даврларида илму маърифатни пухта эгаллаб, исломий таълим ва тарбия соҳасида ўзига хос тамал тошини қўйганлар. Айнан Ўрта Осиёда IX-XII асрларни “Ислом ренессанси”, яъни “Ислом уйғониш даври”дейилиши бунинг ёрқин мисолидир. Мовароуннаҳрда мўғуллар босқинига қадар ислом дини ва аҳкомлари юксак тараққий этган. Чингизхон босқини оқибатида эса исломий ўлкалар хонавайрон этилиб, муқаддас даргоҳларнинг кули кўкка совурилган. Лекин шунга қарамай дин омонатини жонни сақлагандай авайлаб келгуси авлодга етказган дин пешволарига тарих гувоҳдир. Шундай қомусий уламолардан бири таржиҳ соҳибларидан бўлмиш Убайдуллоҳ ибн Масъуд роҳматуллоҳи алайҳдирлар. У кишининг тўлиқ исмлари Убайдуллоҳ Содруш шарийъа ал-Аcғар ибн Масъуд ибн Тожуш шарийъа Мах­муд ибн Содруш шарийъа Ахмад ибн Жамолиддин Убайдуллоҳ ал-Маҳбубий ал-Бухорийдир.

«Содруш шарийъа ал-Аcғар» «кичик Содруш ша­рийъа» деганидир. У кишининг катта боболарининг лақаби ҳам Содруш шарийъа бўлганлиги насабларидан кўриниб турибди. Шунинг учун, катта бобо «Содруш ша­рийъа ал-Акбар» — «Катта Содруш шарийъа», набира эса «Содруш шарийъа ал-Аcғар» — «Кичик Содруш шарийъа» деб аталган. Баъзи манбаларда икковларини «Содруш шарийъа биринчи» ва «Содруш шарийъа иккинчи» деб ҳам фарқлаганлар.

Аммо Содруш шарийъа лақаби асосан Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Бухорий роҳматуллоҳи алайҳга нисбатан ишлатилган. Имом Содруш шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Бухорий р.а. Бухоро шахрида илму маърифат булоғи бўлган, ўз бағрида етук фақиҳ уламоларни тарбия этган оилада таваллуд топдилар.

Боболари имом Тожуш шарийъа Маҳмуд ибн Содруш шарийъанинг тарбиялари натижасида машҳур аллома бўлиб етишдилар.  Ўша даврда Бухорода ҳукм сурган таҳликали вазият Содруш шарийъа оиласини Хуросон томонга, яъниким Кирмон шаҳрига кўчиб келишга мажбур қилди. Убайдуллоҳ ибн Масъуд у ерда боболари қўлларида таълим ва таҳсилни давом эттирадилар. Манбалардаги  маълумотларга кўра боболари Кирмон шаҳрида вафот этганлар. Кейинчалик у зот Кирмонни ташлаб, ўша даврда Хуросоннинг йирик марказларидан бири бўлмиш Ҳирот шаҳрига келадилар ва илмий фаолиятларини шу ерда давом эттирадилар. У кишиниг қалби доимо она ватан Бухорога қайтиш илинжида бўлган.

         Убайдуллоҳ ибн Масъуд р.а.нинг насаблари улуғ саҳобий Убода ибн Сомит р.а.га бориб тақалади.У кишига “Убодий” нисбасининг берилиши ҳам шу сабабдандир. “Маҳбубий” нисбати ҳам боболаридан бирларига бориб тақалади.

        У зотнинг устозлари силсиласи қуйидагича:

  1. Шайхул имом муфтий Имомзода
  2. Имомиддин Заранжарий.
  3. Бакр ибн Муҳаммад Заранжарий
  4. Имом Сарахсий
  5. Имом Ҳалвоний
  6. Абу Али Насафий
  7. Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл
  8. Абдуллоҳ ибн Абу Ҳафс Сағир
  9. Абу Ҳафс Кабир
  10. Имом Муҳаммад
  11. Имом Абу Ҳанифа р.а.

Имом Содруш шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Бухорий замонасининг кўзга кўринган алломаларидан бўлиб, айниқса, усулул фикҳ ,фуруъул фикҳ, хилоф, жадал, ҳадис, наҳв, луғат, адабиёт, илми калом, мантиқ каби илмларда пешқадам бўлганлар.У кишининг таълим беришда ўзига хос услублари бўлиб, толибларга таълим бериш жараёнида масалаларнинг туб моҳиятини англаб етиш учун ўта дақиқлик ва илгари ҳеч ким пайқамаган нозик нукталарга жиддий эътибор қаратганлар. Тасниф этган рисола ва шарҳ китобларида ҳам у кишидаги фанга хассослик билан ёндашув яққол намоён бўлади. “Ниқоя” номли китобларининг дебочасида айтадиларки: “Мен баъзи илм таҳсил қилувчиларнинг“Виқоятур ривоя” матнларини ёд олишликда ҳимматларининг камайиб кетганини кўрганимдан сўнг, толиби илмлар ҳифз қилишлари лозим бўлган “Мухтасарул виқоя” асарини таълиф этмоққа киришдим.”Ҳидоя” масалаларини ўз зеҳнида ҳозир бўлишини маҳбуб кўрган ҳар қандай инсон ушбу “Мухтасарул виқоя”ни ёд олмоғи лозимдир. Кимники вақти тиғиз ва илм олмоқликдаги муддати қисқа бўладиган бўлса, “Мухтасар”ни ҳифзи учун вақтини сарф этсин”. Дарҳақиқат, ҳанафийлик фиқҳига оид ушбу мўжаз асар қанча асрлардан буён Бухоро мадрасалари,қолаверса Ўрта Осиёдаги кўплаб мадрасаларда фиқҳ фанидан асосий дарслик сифатида талабаларга ёд олдирилган.Унда мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисқа ва лўнда шаклда, ёд олишга қулай тарзда моҳироналик билан келтирилган.

Убайдуллоҳ ибн Масъуд р.а. фикри теран ва сўзи ўткир аллома бўлганликлари боис, ҳар қандай олим у киши билан илмий баҳс ва мунозара олиб боришга журъат қила олмаган. Ҳар бир масалага ўта хассослик ва дақиқлик билан қаровчи ушбу уламо шаръий далиллар ва раддияларни керакли ўринларда ўз эгаларига бера олган.

Тошкўпирзодадан ҳикоя қилинади:

Аллома Қутбиддин Розий р.а. Содруш шарийъа билан имий мунозара қилмоқ истагида шогирдларидан бири мавлоно Муборакшоҳни у кишининг ҳузурларига юбордилир. Содруш шарийъа у вақтда Ҳиротда эдилар. Муборакшоҳ у зотнинг ҳузурларига келган онда у кишини Ибн Синонинг “Ишорот” китобидан талабаларга дарс айтиб турган ҳолда топади. Муборакшоҳ дарс жараёнида Содруш шарийъанинг кучли шижоати, китоб мусаннифи Ибн Сино ва унинг шориҳи Муҳаммад Тусийларнинг бирортасига ҳам эргашмай,мкучли ва ёрқин далиллар билан уларга бераётган раддияларини кўриб ҳангу манг бўлиб қолади.Устози Қутбиддин Розийга мактуб йўллаб, айтади: “Бу киши “нарун ваққодун”, яъни “ёндирувчи олов” эканлар. У киши билан мунозара қилишингиз сизга фақат маломат олиб келади холос. Аллома ўз фикри ва ижтиҳоди ила иш кўрарканлар”. Аллома Розий шогирдларининг фикрини қабул қилиб, қасд қилган мақсадларидан қайтадилар.

Содруш шарийъа р.а. турли фанларга оид бир қанча китоблар тасниф этганлар. Бу борада Абдулҳай Лакнавий р.а. ўзларининг “Фавоид” номли китобларида: “Содруш шарийъа тасниф этган китобларнинг барчаси уламолар наздида мақбул, фуқаҳолар наздида эса эътиборга сазовордир” деганлар.

У кишининг қаламларига мансуб мўътабар манбалар қуйидагилар:

  1. “Танқиҳул усул”. Бу асар ҳанафийлик усули фиқҳига оид бўлиб, аҳли илмлар орасида “Танқиҳ” номи билан машҳурдир.
  2. “Тавзиҳ аълат-Танқиҳ”. Бу асар “Танқиҳ”нинг матнига ёзилган шарҳ бўлиб, мусанниф унда бошқа усул китобларида учрамайдиган дақиқ масалаларни ёритганлар.
  3. “Муқаддаматул арбаъ”. Бу китоб ҳам “Тавзиҳ” масалаларини ўз ичига олади ва унда усулда мушкул саналган масалалар баён этилади.
  4. “Шарҳи виқоя”. Ҳанафийлик фиқҳининг муфассал манбаларидан.
  5. “Мухтасарул виқоя”. Унинг бошқача номи “Ниқоя”.
  6. “Аш-шурут вал маҳозир”.
  7. “Таъдилул улум”.
  8. “Шарҳул фусулил хомсийн”
  9. “Ал-виҳош фил маъони вал баён”.
  10. “Ал-арбаъун ҳадисан”.

         У зот таълиф этган асарлар ҳанафий мазҳабида ёзилган бошқа йирик манбалардан тубдан фарқ қилади. Яъни асар таълиф этишда мусаннифнинг ўзига хос бўлган йўналиши мавжуддир. Билдириладиган танқидий ва эътирозий фикрлар асосли ва ишонарли тарзда, ўқувчи фаҳмига тез етиб борадиган услублар билан баён қилинган. Шунинг учун ҳам таълим услубининг довруғи достон бўлган Бухоро мадрасаларида Содруш шарийаънинг асарлари асосий дарслик сифатида қунт билан ўқитилган. Ҳозирги кунга қадар ҳам у зотнинг муборак мерослари илм аҳлининг асосий эътиборида бўлиб келмоқда. Юртимиздаги мадрасалар таълим дастури фиқҳ фани бўйича у кишининг “Мухтасарул виқоя” асарлари асосида шакллантирилган.Толиби илмлар фиқҳий сабоқларни айнан ушбу дарсликдан ўзлаштирадилар. Чунки “Мухтасарул виқоя” фиқҳни англашда “Ҳидоя” масалаларини тўла тушуниш учун муҳим восита вазифасини бажаради.Бундан ташқари “Ҳидоя” масалаларини ўрганишда диёрларимизда у кишининг “Шарҳул виқоя” асарлари ҳам алоҳида аҳамият билан ўқитиб келинган. Бу асарни ўқиш орқали талабалар катта фиқҳий китобларни тушуниш учун етарли малака ҳосил қилганлар.

          Миллатимизнинг етук фиқҳий арбоби, ўзидан сўнг авлодларга муносиб мерос қолдирган Убайдуллоҳ ибн Масъуд р.а. ҳижри й 747-йили, милодий ҳисоб бўйича 1346-йили бу фоний ҳаётдан кўз юмдилар. У кишининг ва ўзларидан кейинги барча авлодларининг қабрлари Бухоро вилоятининг Шеробод деган жойидадир.

 

          Заҳабий ўзларининг “Сияру аъламун нубало” номли асарларида шундай деганлар: “Убайдуллоҳ ибн Масъуд шарқнинг етук олими ва Мовароуннаҳр ҳанафийларининг шайхидир. У киши мазҳабни билиш у билан комил бўладиган ягона шахсдир”.

Кафавий “Китаибу аъламил ахёр” номли рисолаларида: “Содруш шарийъа ўз замонасининг беназир фақиҳ имоми бўлиб, мазҳаб ва хилоф илмини билишда тенгсиз эдилар” деганлар.

“Мухтасарул виқоя”  матний асарлар жумласидан ҳисобланади. Унинг матни фатводан устун туради.Унда фиқҳий масалалар лўнда шаклда баён қилинишининг боиси толиблар зеҳнида масалалар силсиласини бир тизгинда ушлаб туриш бўлган. Ушбу манба Марказий Осиё мадрасаларида фиқҳ фанидан асосий дарслик сифатида ўқитилгани боис унга ўндан ортиқ шарҳ ва ҳошиялар ёзилган. Шулардан мўътабарлари қуйидагилардир:

  • Маҳмуд ибн Илёс Румийнинг “Шарҳун Ниқоя” асари;
  • Шарҳи Биржандий;
  • Шамсиддин Муҳаммад Кўҳистонийнинг “Жомеъур румуз”;
  • Мулла Али Қорийнинг “Фатҳу бобил иноя”.

Ушбу шарҳлар китоб матнида толиблар учун мушкуллик туғдирган ўринларни очиб беришда муҳим восита вазифасини ўтаган.

                                4-курс талабаси
Шавкатжон Халилов

 

 

 

86570cookie-checkУбайдуллоҳ ибн Масъуд роҳматуллоҳи алайҳ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: