islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Муҳкам ва муташобиҳ оятлар

عن عائشة رضي الله عنها قالت: تلا رسول الله صلي الله عليه و سلم هذه الاية {هو الذي انزل عليك الكتب منه ءايت محكمت هن ام الكتاب و اخر متشبهت} الي قوله {و ما يذكر الا اولوا الالبب} قالت: قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: فاذا رايت الين يتبعون ما تشابه منه فاولئك الذين سمي الله “فاحذروهم.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оятни тиловат қилдилар: “У сенга китобни туширган зотдир. Унда муҳкам оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор …” то мана бу сўзигача “Ва фақат ақл эгаларигина эслайдилар”.

Яна Оиша онамиз гапларини давом эттириб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар муташобиҳ оятларни ковлаб юрадиган (унга эргашадиган) одамларни кўрсанг, бас улар – Аллоҳ: “Улардан сақланинглар” , деб номлаган кишилардир”.

Фатҳул Борийда бу ҳадис 4547-рақам остида келган. Ҳадиснинг нави марфуъдир.

“Муҳкам” сўзи “маҳкам”, “очиқ-ойдин”, “бошқа ёққа буриб бўлмайдиган” деган маънони англатади. “Муташобиҳ” сўзи эса, “ўхшаш”, “бирини-биридан ажратиш қийин”, “бир неча маъноларни англатадиган” деган маъноларни билдиради. Қуръони карим оятлари ҳам муҳкам ва муташобиҳга бўлинади.

Бу ояти кариманинг аввалида юқорида зикр қилинган сифатларга эга бўлган Аллоҳ: “У сенга китобни нозил қилган зотдир”, деб Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилмоқда. Китобдан мурод – Қуръони карим.

Унда муҳкам (ойдин) оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир. Ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор …”. Қуръони каримда келган муҳкам (ойдин) оятларнинг маънолари равшан, тушунилиши ҳам осон. “Улар китобнинг аслидир”, яъни ўша муҳкам оятлар Қуръоннинг аслини ташкил қиладилар. Шу билан бирга, Аллоҳ ирода қилган ҳикмат учун Қуръонда муташобиҳ (бир-бирига ўхшаш) маъноларни билдирадиган, турлича маънога бориш мумкин бўлган оятлар ҳам бор. Лекин булар жуда ҳам оз бўлиб, кишиларнинг иймонини синашга хизмат қиладилар.

Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашадир”. Бу оятнинг давоми. Демак, аслида бузуқ ниятли кишиларни фош қилишда муташобиҳ оятлар иш берар экан. Қалбида касали бор, ҳидоятдан оғган бундай кишилар ақида ва шариатнинг нозик усулларини очиқ-ойдин баён қилиб берган муҳкам оятларни қўйиб, ғойибдан эшитиш орқали собит бўладиган хабарларга, турли маъноларга далолат қиладиган муташобиҳ оятларга фитна қўзғаш, уни таъвил қилиш мақсадида эргашар эканлар.

Хулоса: Ҳадиснинг охирида бундай кимсалардан сақланиш айтилмоқда.

3-курс талабаси
Ривожиддин Жўраев

91490cookie-checkМуҳкам ва муташобиҳ оятлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: