islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Жума куни ғусл қилиш

Биламизки жума куни ғусл қилиш, покланиш, атир сепиш, энг чиройли кийимларни кийиш ва шунга ўхшаган чиройли ишлар бу улуғ куннинг суннат ва одобларидан эканлигини, лекин кўпчилик бу кунда ғусл қилмоқлик фарз, вожиб ёки суннат амал эканлиги тўғрисида ихтилоф қилишади. Машхур аллома, ҳанафий мазҳабининг катта олимларидан саналмиш Имом Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг  “Шарҳи маъониул осор” китобларининг жума куни ғусл қилиш бобида, бу кунда ғусл қилмоқлик вожиб ёки фазилатли амаллардан эканлиги ҳусусида бир қанча ҳадисларни келтириб ўтади. Бу ҳадисларда бир қавм жума куни ғусл қилмоқликни вожиб деса яна бир қавм жума куни ғусл қимоқлик вожиб эмас балки суннат амаллардан эканини айтади. Биринчи қавм ўз даъволарига қуйидаги ҳадисларни далил қилиб келтиради.

Муҳаммад ибн Маҳзар тариқидан ривоят қилинади, бизга Яъқуб ибн Иброҳим у кишига отаси у кишига ибн Исҳоқ у кишига Зуҳрий у зотга Товус ривоят қилиб айтади:  “Мен ибн Аббос розияллоҳу анҳумга Набий саллоҳу алайҳи васалламнинг жума куни ғусл қилинг ва бошларингизни ювинг гарчи жунуб бўлмасангиз ҳам ва ўзингизга ҳушбўйлик суртинг деганини эсладингизми?”, дедим. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар: “Ҳа ғуслни билдим аммо ҳушбўйликни билмадим”, дедилар.

Бошқа бир ҳадисда ибн Марзуқнинг тариқларидан ривоят қилинади, бизга Аффон ибн Муслим ҳадис айтди у киши Шўбадан у киши Абу Исҳоқдан у киши Яҳё ибн Вассабдан ривоят қилиб айтади: “Бир киши Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан жума кунининг ғусли ҳақида сўради. Шунда у зот розияллоҳу анҳу: “Бизга Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васаллам шуни буюрганлар”, дедилар.

Яна бир ҳадисда Муҳаммад ибн Ҳумайднинг тариқидан ривоят қилинади, бизга Яҳё ибн Абдуллоҳ Букайр ҳадис айтди, у кишига Муфассал ибн Фуззола, у кишига Иёш ибн Аббос, у кишига Букайр ибн Абдуллоҳ ибн Ашаж, у киши Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг мавлолари ҳисобланмиш Нофедан, у киши Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан, у киши Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг завжайи мутоҳҳоралари Ҳафса онамиздан, у зот эса Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб айтади: “Ҳар бир балоғатга етган киши учун жумага бориш ва ҳар бир жумага борувчи учун ғусл қилиш вожибдир”, дедилар.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг Ансорларидан бўлган бир саҳобийларидан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Жума куни ғусл қилмоқлик ва ўзида ҳушбўйлик бўлса ҳушбўйлик ишлатмоқлик ҳар бир муслимнинг устидаги ҳаққидир”, дедилар.

Имом Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бир қавм жума куни ғусл қилмоқликни вожиб деб айтадилар ва бу иддаоларига ушбу ҳадисларни далил қилиб келтиришади. Бошқа бир қавм (яъни бизнинг мазҳабимиз уламолари) бу иддаоларга хилоф қилиб айтадиларки: “Жума куни ғусл қилиш вожиб эмас, лекин у Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам буюрган ишдир, қуйида келадиган ҳадисларнинг маъноларида бу иш нима учун буюрилганлиги келтирилади:

Муҳаммад ибн Ҳузайманинг тариқларидан ривоят қилинади, бизга Қонабий ҳадис айтдилар у киши Даровардийдан у киши Амр ибн Абу Амрдан у киши Икримадан ривоят қилиб айтади: “Ибн Умар розияллоҳу анҳудан жума куни ғусл қилиш вожибми?”, дея сўрашди. У киши жавоб бериб айтдиларки: “Йўқ лекин у поклик ва яхшиликдир. Кимки ғусл қилса у яхши ишдир, ким ғусл қилмаса унга вожиб эмасдур. Мен сизларга бу иш қандай бошланганлиги ҳақида сўзлаб бераман: инсонлар жун газламадан бўлган кийим кийган ҳолатда жидду жаҳд билан меҳнат қилишар эди, масжид эса тор ва шифтга яқин шийпонча эди. Иссиқ бир кунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар, инсонларнинг терларидан чиқаётган ҳид бир-бирларига азоб берар эди. Бу ҳидни кўрган Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам  дедилар: “Эй инсонлар, бу кун (яъни жума куни)бўлганда ғусл қилинглар ва сизлардан бирортангиз ёғга ўхшаган нарса топа олмасангиз ҳушбўйланинг”, дедилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сўнгра Аллоҳ таолодан яхшилик келди, инсонлар жун газлама бўлмаган кийимлар кийишди, ишлари енгиллашди ва масжидлари кенгайди.”

Кўрдикки ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан ғуслнинг буюрилиши уларга вожиб эмаслиги ҳақида хабар бердилар, балки ғусл қилмоқлик бир иллат сабабидан экан сўнгра у иллат кетди ва ғусл қилмоқлик ҳам ихтиёрий бўлди. Ваҳолангки ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан ғуслга буюрганликлари ҳақида ҳадис ривоят қилган кишилардан бири эди.

Оиша онамиздан ҳам шунга ўхшаган бир нечта ҳадислар ривоят қилингандир. Демак кўрдикки жума куни ғусл қилмоқлик фарз ёки вожиб эмас балки бу кунда ғусл қилмоқлик катта фазилатли ишлардан экан. Яна бошқа осорларда Абу Қатодадан ҳам бир қанча ҳадислар ривоят қилингандир буларнинг барчаси жума куни ғусл қилишлик улуғ фазл эканлигига далолат қилади, шундай экан бундай улуғ фазл соҳиби бўлишлик учун жума куни ғусл олиб, атир сепиб, янги кийимларни кийиб масжидга чиқмоқлигимиз мақсадга мувофиқ экан. Биз юқоридада зикр қилинган ҳадислар Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад роҳимаҳумуллоҳу таъололарнинг сўзларидур.

Аллоҳ таоло барчаларимизга жума кунининг фазиатларига эришмоқликларимизни насиб айласин!

“Шарҳи Маъониул осор” китоби асосида ТИИ талабаси
Ҳабибуллаев Шайхназар тайёрлади.

91530cookie-checkЖума куни ғусл қилиш

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: