Инсон ўз тарихини билсагина, келажакка ёрқин нигоҳ билан боқа олади. Шунинг учун ҳам Қуръони каримнинг бир неча оятларида Аллоҳ таоло бандаларини олдинги ўтган қавмларнинг ҳолларини, уларнинг оқибатларини эслашга, улардан хулоса чиқаришга буюради. Тарихни қанчалик ўрганар экансиз, ўзлигингизни англай бошлайсиз, бу дунёга келишдан асл мақсад Яратганнинг розилигини истаб халққа, динга, ватанга хизмат қилиш эканлигини тушуна бошлайсиз.
Тошкент ислом институти устоз ва талабалари “Ватанпарварлик ўлка тарихини ўрганишдан бошланади” шиори остида тарихий жойлар, муқаддас қадамжолар, мустақиллик йилларида бунёд этилган иншоотларга саёҳатлар ва экскурциялар ташкил қилиниб келинмоқда. Худди шундай тадбирлардан бири 9 октябрь куни Тошкент ислом институтининг махсус сиртқи бўлими битирувчи талабалари билан бўлиб ўтди. Унда талабалар Маънавият-маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи в.б. А.Олимов бошчилигида Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида жойлашган, ҳозирда “Усмон мусҳафи” сақланаётган “Мўйи муборак” мадрасасига ташриф буюрдилар. Зиёрат давомида талабалар музейда сақланаётган буюк аждодларимиз томонидан битилган ноёб қўлёзма асарлар, турли хил ёзув услубида ёзилган Қуръони карим нусхалари, хусусан, “Усмон мусҳафи” билан таништирилди. Уламоларимиз илм йўлида ўзларининг нечоғлик куч-ғайратларини бахшида этганларига гувоҳ бўлдилар. Ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Жуда кўплаб асарларни она тилимизга таржима қилиш, уларни кенг жамоатчиликка таништириш зарурати борлигини, айниқса, турли бузғунчи ғоялар урчиётган бизнинг давримизда халқимизга соф ислом асосларини етказишда ушбу асарлар муҳим қўлланма, дастур бўлиб хизмат қилиши тўғрисида тасаввур ва тушунчага эга бўлдилар.
Маънавият-маърифат ва иқтидорли талабалар билан
ишлаш бўлими бошлиғи в.б. А.Олимов