islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ИЛМ ДУНЁДАН АФЗАЛ

Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам иймонли илмли зотларнинг мартабаси улуғ бўлади. Худои таборак ва таоло иймонли ва илмли кишиларни Ўзининг китобида мақтаб дейди: “Аллоҳ таоло сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтаради[1].

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мен илмнинг шаҳри бўлсам, Али унинг дарвозасидир”.

Шу ҳадисни эшитиб, бир нечта хорижийлар ҳасад қилиб айтдиларки: “Ўн киши танҳо-танҳо бориб бир масалани сўраймиз, агар ҳар биримизга бошқа жавоб берса, Муҳаммадни сўзлари ростлиги маълум бўлади ва Али олимлиги аниқланади, аммо бир хил жавоб берса демак ҳамма гап ёлғон бўлади”, деб имтиҳон қилмоқни маслаҳат қилдилар. Биринчиси ҳазрати Али розияллоҳу анҳу олдиларига келиб: “Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, деб савол берди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу дедилар:

– Илм пайғамбарлардан қолган меросдир, аммо бойлик Қорун, Шаддод ва Фиръавн ва уларга ўхшаш кофирлардан қолган меросдир.

“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради иккинчиси.

– Илм кишига ҳамма балолардан сақловчи қўрғондир, у сенга қўрғон бўлади, аммо бойликка эса сен ўзинг қўрғон бўласан.

“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради учинчиси.

– Бой бўлган кишининг душмани кўп бўлур, илмлик зотнинг дўстлари бисёр бўлур.

“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради тўртинчиси.

– Бойликни сарф қилсанг камайиб кетаверади, аммо илмни сарф қилишинг сари кўпаяди.

“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради бешинчиси.

– Бойлиги бўлган кишини бахиллик ва зиқналик сифати билан ёд қиладилар. Илмлик кишини эса улуғлик ва ҳурмат ила ёд қиладилар.

“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради олтинчиси.

– Бойликни ўғридан эҳтиёт қилиш керак, аммо илмни эҳтиёт қилиш шарт эмас, чунки уни ўғри ололмайди.

“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради еттинчиси.

– Бойлиги бор кишини қиёматда молининг ҳисоб китоб қилинади, аммо илмлик кишини илмидан ҳисоб олинмайди.

“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради саккизинчиси.

– Бойлик кўп турса эскириб, чириб йўқ бўлиб кетади, аммо илм кўп турган сари қувват ҳосил қилади.

“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради тўққизинчиси.

– Бойлик дегани қалбни қорайтириб, хира қилади. Илм дилни равшан ва мунаввар қилиб нурли қилади.

“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради ўнинчиси.

– Одамни моли кўп бўлса, унга маст бўлиб, Фиръавндек даъвои Худолик қилади. Агар кишининг илми кўп бўлса, пайғамбарлардек шикасталик ила бандалик қиладилар.

Шундан сўнгра хорижийлар ҳаммалари ҳазрати Алини олимликларига ва Пайғамбар алайҳи саломнинг ростгўйликларига иймон келтириб мусулмон бўлдилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу уларга қараб: “Агар сизлар мени умрим тамом бўлгунча ушбу сўздан сўрасангизлар эди, ҳар бирингизга бошқа-бошқа жавоб берардим”, дедилар.

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтадилар: “Ким олимнинг олдига келиб, у билан бирга ўтирса, унинг илмини эгаллашга қодир бўлмаса ҳам, унга 7 яхшилик бор:

  1. Таълим олувчиларнинг фазилатига эришади.
  2. Олим билан бирга ўтиришда давом этса, гуноҳ ва хатолардан холи бўлади.
  3. Уйидан чиқса, унга Аллоҳнинг раҳмати тушади.
  4. Олимнниг олдида ўтирганларга Худонинг раҳмати тушади, демак, унга ҳам шу раҳматдан насиба етади.
  5. Модомики, эшитиб турар экан, унга ҳам яхшилик ёзилади.
  6. Малоикалар олимлардан рози бўлиб, уларни қанотлари билан ўраб турадилар. Табиий, ушбу мажлисда ўтирган илмсиз киши ҳам бундан насиба олади.
  7. Ҳар бир қўйган ва кўтарган қадами гуноҳлари учун каффорат бўлади, даражасини юксалтиради ва яхшиликларини зиёда этади.

Ҳасан розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Илм икки хил бўлади. (Биринчиси) қалбдаги илм, мана шу манфаатли илмдир. (Иккинчиси) тилдаги илм, буниси эса Аллоҳнинг махлуқотларига (яъни, бандаларига) ҳужжатидир

Қалб илми бу илми шариат, охират илми, қиёматда бизга фойда берадиган, тақвога олиб борувчи илмлар. Мана шуниси қиёмат кунида манфаатли илмдир. Тилдаги илм бу мана шу дунёмизга керакли бўладиган илмлар. Бизнинг ҳаётимиз осон кечишига ёрдам берадиган илмлар. Тижорат илми, тиббиёт илми, деҳқончилик илми, фалакиёт ва муҳандислик илми ва ҳоказо… бу илмларсиз ҳам бу дунёда хотиржам бўлолмаймиз. Хотиржам бўлолмадикки, ибодат ҳам ўзига яраша бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам деганлар: “Илмни Хитойда бўлса ҳам ўрганинглар, чунки илм ўрганиш ҳар бир мусулмонга фарздир”. Ҳар бир фарзанди зурриётимизга бизлар аввало ҳар бир ишни инсоф билан бажариши учун Худони танитишимиз лозим. Қилаётган ишларини ўзидан аввал миллатни ўйлаб бажариши учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ўргатишимиз зарурдир.

Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Олим бўл ёки ўрганувчи бўл ёки эшитувчи бўл ёки илм аҳлининг мухлиси бўл, аммо бешинчиси бўлма ҳалок бўласан”, деб марҳамат қилдилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Мен Ҳасан Басрийдан: “Бешинчиси ким?” деб сўраганимда: “Ўзидан янгилик чиқарувчи

Буюк машойихларимиз дейдилар: “Ким агар фарзанди олим бўлишини истаса, бечора ҳол бўлган шариат олимларини йўқлаб, қарашиб юрсин, уларни иззат – ҳурмат қилсин, уларга ўзинниг саховатини кўрсатсин ана шунинг баракотидан фарзанди олим бўлади, агар фарзанд олим бўлолмаса, аниқ набираси олим бўлади”.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
3- босқич талабаси Аллаберганов Аллаберган

[1]Мужодала, 11

105220cookie-checkИЛМ ДУНЁДАН АФЗАЛ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: