Ислом мукаммал дин ўлароқ инсон ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган. Унинг шахсий ҳаётини ҳам, инсонлар билан бўладиган ўзаро алоқаларини ҳам мукаммал ҳукмлар ва гўзал одоблар билан тартибга солган. Ислом энг аввало банданинг ўзи ва Роббиси билан бўладиган алоқани яхшилашни бирламчи мақсад қилиб қўйган. Банда Роббиси ҳақида қандай эътиқод қилиши керак? Динимизда, хусусан, ақида китобларимизда шу ва шу каби эътиқодий масалалар батафсил ёритилган.
Хусусан, инсонлар ўзаро мулоқотларида Аллоҳ таоло ҳақида гапирганларида бош ёки қўл билан осмонга ишора қилиш шу каби масалалар сирасига киради. Хўш, осмонга ишора қилиш нимани англатади? Осмонга ишора қилиш Аллоҳ таоло осмонда, деган маънони билдирадими ёки У зотнинг олийлигига, буюклигигами? Динимизда бу ҳақда қандай маълумотлар келган?
Энг авало, Аллоҳ таолонинг бирор жойда ўрин олишдан, бирор тарафда қарор топишдан Беҳожат Зот эканини ёдда сақлашимиз лозим. Зеро, барча тарафлар ҳам, барча макон ҳам Аллоҳ таолонинг яратган нарсалари сирасига киради. Роббимиз Ўзи яратган нарсаларда ўрин олишдан покдир (бунга муҳтож эмас). Қолаверса, бирор жойда қарор топиш, ўрин олиш махлуқотларга хос сифатдир. Аллоҳ таоло эса бундай сифатлардан покдир. Бу ҳақда аллома Ўший раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Бадъул амолий» номли назмий асарида қуйидагиларни айтадилар:
و ذاتا عن جهات الست خال
«Олти тарафдан холи бўлган Зот деймиз».
Мазкур матнда Аллоҳ таоло олти тарафдан: тепа, паст, ўнг, чап, олд ва орқалардан холи экани таъкидланмоқда. Чунки бошқа бор нарсалар мазкур тарафларнинг бирида бўлади.
Яна машҳур ватандошимиз Умар Насафий раҳимаҳуллоҳ «Ақоидун Насафий» номли асарида бундай дейдилар:
ولا يتمكن في مكان
«У зот бирор-бир маконда ўрин олмайди».
Бирор жойдан ўрин олиш бошқа маконга нисбатан узоқда ёки яқинда бўлиш ҳисобланади. Бу эса жисмларнинг хусусиятларидандир.
Али розияллоҳу анҳу бундай деганлар:
كان الله ولا مكان وهو الآن على ما كان
«Аллоҳ таоло бўлган, бирор макон бўлмаган, У ҳозир аввал қандай бўлса ўшандайдир».
Юқоридаги далиллардан Аллоҳ таолонинг бирор маконда ўрин олмаслиги, бирор жойдан ўрин олиш махлуқотларга хос хусусиятлигини тушундик.Аммо ояти карима ва хабарларнинг зоҳирида Аллоҳ таолонинг осмонда эканига далолат қилувчи маънолар ҳам келган. Масалан, Аллоҳ таоло “Мулк” сурасида қуйидагича марҳамат қилади:
ءأمنتم من في السماء أن يخسف بكم الأرض فإذا هي تمور
«Осмондаги Зот сизларни изтиробда ҳаракатланиб турган ерга юттириб юборишдан омонда бўлдингизми?»
Ушбу ояти кариманинг зоҳири «Осмондаги Зот» дея Аллоҳ таолонинг осмонда эканига далолат қилмоқда. Аммо ҳақиқатдан ҳам шундайми? Бунга Аҳли сунна уламолари қуйидагича жавоб берадилар: «Оят салтанати, буйруғи, қайтариғи ва тадбири самода бўлган Зотнинг сизларни ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми, маъносида бўлади».
Қолаверса, Аллоҳ таоло осмонда ёки юқорида дейишдаги «Осмон» ва «Юқори» ҳам бошқа нарсага нисбатан паст ҳисобланади. Масалан, дунёнинг бир бурчагидаги инсоннинг юқориси нариги бурчагидаги инсонга нисбатан паст ҳисобланади. Шунингдек, Аллоҳ таоло жой олмасдан осмонда, дейиш ҳам тўғри эмас. Бу борада Маймун ибн Муҳаммад Насафий роҳимаҳуллоҳнинг «Баҳрул калом» асарларида қуйидагиларни ўқишимиз мумкин:
و باطل أن يكون بمكان دون مكانلأنه يحتاج إلي الإنتقال وهو من صفات المخلوقين و أمارت المحدثين والله تعالي منزه عن ذلك.
«(Аллоҳ таолонинг) бирор маконсиз маконда бўлиши ҳам ботилдир. Чунки (бунда бир жойдан бошқа биржойга) кўчиш бор. Бу эса, махлуқотларнинг сифати ва ҳодислик (кейин яратилганлик) белгисидир. Аллоҳ таоло эса бундан пок зотдир» .
عن أبي هريرة رضي الله عنه أن رجلا أتي النبي صلي الله عليه وسلم بجارية سوداء فقال يا رسول الله إن علي رقبة مؤمنة فقال لها أين الله فأشارت إلي السماء بإصبعها فقال لها فمن أنا فأشارت إلي النبي صلي الله عليه وسلم و إلي السماء يعني أنت رسول الله صلي الله عليه وسلم فقال أعتقها فإنها مؤمنة. رواه أبو داود.
«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қора танли чўрини олиб келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, менинг зиммамда мўмина чўрини озод қилиш мажбурияти бор», деди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам чўрига: «Аллоҳ қаерда?», дедилар. У бармоғи билан самога ишора қилди. «Мен кимман?», дедилар. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва самога ишора қилди, яъни сиз Аллоҳнинг элчисисиз маъносига ишора қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни озод қил, у мўминадир», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Мазкур ҳадиси шариф ҳақида Аҳли сунна вал жамоауламоларимизнинг жавоблари қуйидагича: «Осмонга ишора қилган чўри ҳақидаги ҳадисдан ҳам Аллоҳ таолонинг осмонда экани маъноси чиқмайди. Чунки баъзи ривоятларда ушбу чўрининг соқов бўлгани айтилган. Соқов ўзининг эътиқодини ишора билан тушунтирган. Яъни, у ўзининг маъбуди санамлар уйида эмас, балки самонинг илоҳи эканини тушунтирган. Чунки уларнинг урфида санамлар ернинг илоҳлари, Аллоҳ самонинг илоҳи деган тушунча бўлган».
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таолони бирор жойда, осмонда ёки макон олмасдан осмонда дейиш, бунга эътиқод қилиш хатарли ҳисобланади. Ўзаро мулоқотда, Аллоҳ таолони гувоҳ келтиришда осмонга ишора қилиш ҳам У зот осмонда, деган гумонни келтириб чиқаргани учун ҳам Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зиддир.
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Абдуллоҳ Ғофуров