Мамлакатимиз илм-фанининг нуфузини янада ошириш, илмий жамоатчилик фаолиятини янада такомиллаштириш, ёшларнинг фанга қизиқишини орттириш, тадқиқотчилар ўртасида билимлар алмашиниш, уларнинг малакасини ошириш мақсадида юртимизда қатор халқаро ва республика миқёсида илмий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилди.
2019 йилда жами 428 та, жумладан 137 та халқаро, 291 та республика миқёсида илмий тадбирлар ўтказилган бўлса, 2020 йилда жами 8 та йўналиш бўйича 530 та илмий тадбирлар, жумладан халқаро миқёсда 186 та, республика миқёсида 344 та ўтказилиши режалаштирилган. Илмий тадбирлар рўйхати қуйидагича:
👉2020 йилда республика миқёсида ўтказиладиган илмий ва илмий-техник тадбирлар режаси
👉2020 йилда ўтказиладиган халқаро илмий ва илмий-техник тадбирлар режаси
Мазкур тасдиқланган режага мувофиқ республиканинг ҳар бир ҳудудида унинг илмий ва инновацион салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясини кучайтиришга қаратилган республика миқёсидаги анжуманлар ташкил этилади. Ушбу анжуманларда республикадаги барча Олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари ва илмий ташкилотларнинг илм-фан бўйича директор ўринбосарлари иштирок этади. Шунингдек ҳудудлардаги корхона ва ташкилотларнинг масъуллари иштирокида тегишли соҳанинг илмий ва инновацион йўл билан ҳал этишга қаратилган ечимини кутаётган муаммолар мавзусига бағишланган тақдимотлари билан иштирок этишлари кутилмоқда.
Анжуман якуний натижаларига кўра қабул қилинган тавсия ва қарорлар асосида ҳудуднинг илмий ва инновацион салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган долзарб 3 та мавзуда ўрнатилган тартибда Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида танлов эълон қилиниши белгиланган.
Ўтказиладиган халқаро илмий тадбирларда соҳанинг етакчи хорижий давлатларнинг мингдан ортиқ нуфузли олим ва мутахассислари, жумладан хорижда истиқомат қилаётган ватандош олимлари жалб этилади ва улар мазкур тадбирларда маъруза ва амалий тавсиялар билан иштирок этишлари кутилмоқда.
Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий тадбирларнинг натижадорлигини баҳолаш ва таҳлилий ҳисобот тайёрлаш учун масъул ҳисобланади.
Манба: mininnovation.uz