Жорий йилнинг 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳри “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференциясига меҳмонлик қилди. Аввал хабар қилганимиздек, мазкур халқаро анжуманга 15 та мамлакатдан 70 га яқин уламолар, исломшунос олимлар, нуфузли таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари иштирок этишди.
Халқаро конференция доирасида ишрокчилар Самарқанднинг диққатга сазовор тарихий обидалари ва замонавий иншоатларига саёҳат ташкил этилди. Конференция ишрокчилари 4 март куни Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюришди. Даставвал муҳаддислар султони Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишди. Шундан сўнг меҳмонлари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабига ташриф буюришди.
Меҳмонларга мактабнинг ташкил этилиш мақсадлари ва келажакда кутилаётган натижалар, мактабда талабаларнинг ўқишга қабул қилиш тизими ва мутахассислик ўқув режасидаги фанлар ва ўқув адабиётлари таркиби ҳамда уни ислом оламидаги нуфузли уламолар томонидан эътироф этилганлиги, ўқитишда қўлланиладиган замонавий методлар ҳақида маълумот берилди.
Мактаб ўқитувчи ва талабалари учун яратиб берилган шароитларни кўздан кечиришиб, давлат раҳбари томонидан буюк алломаларнинг илмий меросларини ўрганиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида албатта ушбу олийгоҳдан келажакда яна Имом Бухорий, Имом Термизий каби уламолар етишиб чиқишига ишонч билдиришди.
Мактабга ташриф буюрган исломшунос олимлар мактабининг фахрий меҳмонлар китобида давлатимизда олиб борилаётган диний-маъифий ислоҳотларга юқори баҳо бериб, бу эса келажакда ўз самарасини бериши тилаб дастхат ёзиб қолдиришди.
Жумладан, Босния ва Герцеговина собиқ бош муфтийси Мустафо Черич ўз тилакларини қуйидагича ифодалади:
“Илм нур, Қуръон чироқ, суннат дастур, Самарқанд эса дунё илми учун буюк йўлдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз фуқароларининг саодати йўлидаги раҳнамодир. Аллоҳ таоло яхши бир ишни ташкил этганлиги учун кўплаб ажр савобларни насиб қилсин. Мен Ўзбекистондан амалга оширилган ишларни кўриб жуда хурсанд бўлдим. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан алломалар диёрига ушбу илм масканини берган буюк Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамдлар бўлсин”.
Мустафо Черич, Босния ва
Герцеговина собиқ бош муфтийси.
2020 йил 4 март, ҳижрий
1441 йил ражаб ойининг 8 куни.
Тайёрловчи Ҳадис илми мактаби ректори
О.Юсупов