islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“ТИРИК ЭНЦИКЛОПЕДИЯ” ВА “МАЪЛУМОТЛАР ХАЗИНАСИ” ЁКИ КУЧЛИ ТАРИХЧИ ОЛИМ

Табрик

Юртимизда ислом тарихи, манбашунослиги, аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш, буюк ўтмишимизнинг шонли даврларини турли манбалар, қўлёзма асарлар асосида холис тадқиқ этиш ишлари борасида ХХ асрнинг сўнгги чорагида Ўзбекистонда йирик илмий мактаб яратилди. Ушбу илмий мактабнинг ривожланишида замонамизнинг таниқли олими, тарих фанлари доктори, профессор Аҳаджон Ҳасановнинг хизматлари беқиёсдир.

Бугун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти жамоаси номидан Аҳаджон Ҳасановни табаррук 80 ёши билан самимий билан муборакбод этар эканмиз, бу табрик замирида устознинг фазилати, меҳнати, ўз касби-ю, атрофдагиларга бўлган меҳри, малака­маҳоратига чуқур эҳтиром ётади.

Одамлар учун зарурлигингни англаб яшаш, амалга оширган эзгу ишларинг беиз кетмаслигига ишонч ҳосил қилиш, ҳар қандай инсоннинг эл­юрт, жамият олдидаги бурчини бажаришида ўз самарасини бериши муқаррар.

А.Ҳасанов 1940 йил 29 мартда Тошкент вилояти Пискент туманида зиёли оиласида дунёда келади. Ёшлигидан илм-маърифатга илтилгани учун мактабда аъло баҳоларга ўқиб, барчанинг эътиборига сазовор бўлади. Ўқувчилар орасида аълочилиги, билимдонлиги, меҳнатсеварлиги билан ажралиб турган ёш Аҳаджонни устозлари ҳам яхши кўрар эдилар ҳамда уни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлар эдилар.

А.Ҳасанов 1958 йили Тошкент Давлат университетининг Шарқ факультетига ўқишга кириб, 1964 йилда мазкур олийгоҳни имтиёзли диплом билан тугаллайди.

А.Ҳасанов илмий, педагог фаолият билан бирга, республикамизда диний соҳа ривожланишига ҳам салмоқли ҳисса қўшдилар. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президент девони, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент ислом университети (ҳозирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси)да педагог устоз ва раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бордилар.

2011 йили устоз А.Ҳасановнинг меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланиб, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвонига сазовор бўлганлар.

Тарих фанлари доктори, профессор сифатида нафақат юртимизда, балки халқаро илмий жамоа орасида улкан обрў-эътиборга эга олим сифатида ном қозонган, Москва, Қозон, Қоҳира Бухарест, Париж, Южин (АҚШ)да ўтказилган халқаро илмий конференцияларда маърузалар билан қатнашган.

«Макка ва Мадина тарихи», «Қадимги Арабистон ва илк ислом. Жоҳилия асри», «Ислом тарихи», «Илк ислом тарихининг замонавий талқини», «Лексии по истории раннего ислама», «Диний мутаассиблик: моҳият, мақсадлар ва олдини олиш йўллари» каби монография ва ўқув-услубий қўлланмалар, шунингдек, исломшунослик, диншунослик, ислом тарихи, хорижий Шарқ мамлакатлари тарихи бўйича 100 дан ортиқ илмий ва илмий-оммабоп мақолалари эълон қилинган бўлиб, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўқиб келинмоқда.

А.Ҳасанов илмий раҳбарлигида юртимизда кўплаб тадқиқотчилар етишиб чиқиб юртимиз илм-фанига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Бугунги кунда ҳам юртимиздаги илмий-тадқиқот институтларида, илмий марказларида, ўқув даргоҳларида ёш тадқиқотчиларга ўзларининг маслаҳат ва тавсияларини бериб, келмоқдалар.

Хусусан, Аҳаджон домла 1980-йилларнинг биринчи ярмида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида араб тили, жумладан “Муҳовара” фанидан дарс бериб, кўплаб талабаларнинг қалбида чуқур эҳтиром ва ҳурматга сазовор бўлдилар. Ўша йилларга келиб моҳир арабшунос ва шарқшунос-тарихчи сифатида шаклланиб бўлган А.Ҳасанов талабаларни араб дунёсининг ажойиботлари билан яқиндан танишишига кўмак берар, Қуръон тили, жаннат тили бўлган араб тилининг ўзига хос нозик жиҳатларини англай олишига турки бўлар эди. Келажакда машҳур уламо ва дин арбоблари бўлиб фаолият юритган олий маъҳад битирувчилари Аҳаджон домла Ҳасановнинг сабоқларини ҳали ҳануз илиқ сўзлар билан тилга олиб эслайдилар.

Устоз Аҳаджон аканинг шундай бир ноёб хислатлари ҳам борку, улардан қадимги дунё ёки илк ислом тарихидан бирор савол сўрайсизми, охирги 30 йилда Ўзбекистонда диний соҳада юз берган муҳим воқеаларни тилга оласизми, барчасини саналари ва рақамлари билан, аниқ, тиниқ ва батафсил айтиб берадилар. Шунинг учун ҳам у кишини атрофдагилар “тирик энциклопедия”, “ўзи юрувчи справочник”, “маълумотлар хазинаси” деб ҳурмат билан тилга оладилар.

Шундай шодиёна дамларда инсон умрининг тарихга айланган зарварақларига назар ташлар экан, унинг ҳаёт йўли ва мазмуни ёрқин намоён бўлади. Бу борада азиз инсон ва улуғ устоз А.Ҳасанов нинг босиб ўтган йўллари ҳар биримиз учун ибратдир.

Зеро, одамлар орасида ҳақиқий одам шу бўладики, ундан бошқа одамлар манфаат кўрадилар. Одамийлик туфайли одам шуҳрат топади, танилади ва билинади.

Биз устоз Аҳаджон Ҳасановда ана шундай одамийлик, олижаноблик, сахийлик, тўғрисўзлик фазилатларини кўрамиз ва уларни намунали оила бошлиғи, вафоли турмуш ўртоғи, азиз фарзандларининг меҳрибон отаси, шириндан-шакар набираларнинг бобоси деб биламиз.

Атоқли олим А.Ҳасановнинг илмий-ижодий ишларидан бугунги кунда ёш тадқиқотчилар, илмий изланувчилар, манбашунослар, шарқшунослар фойдалан институтимиз жамоаси иш билан бирга, устознинг ўзлари ҳам ҳали илмий изланишларини давом эттиришларига ҳамда кўплаб янгидан янги шогирдларни юртимиз ва дунё илмий жамиятига етказиб беришларига тилакдошмиз.

Устоз Аҳаджон Ҳасановнинг динимиз равнақи, Ватанимиз фаровонлиги, илм-фан ривожи йўлида, баркамол авлодга билим бериш баробарида уларнинг қалбига инсонга хос энг гўзал эзгу хислатларни, меҳр-оқибат ва одамийлик туйғуларини сингдириб бориш ишларида Аллоҳ таоло доим мададкор бўлсин, қилган эзгу ишлари, меҳнатларининг роҳатини узоқ йиллар давомида кўриш муҳтарам устозга насиб этсин!

Имом Бухорий номидаги Тошкент
ислом институти жамоаси номидан
ректор Уйғун ҒАФУРОВ

127270cookie-check“ТИРИК ЭНЦИКЛОПЕДИЯ” ВА “МАЪЛУМОТЛАР ХАЗИНАСИ” ЁКИ КУЧЛИ ТАРИХЧИ ОЛИМ
1 та фикр мавжуд
  1. Сарвар Сабитович Абдуллаев

    Устознинг умрлари узоқ бўлсин. Олимликнинг виқори, ҳилм, бағрикенгликнинг тимсоли сифатида кўрамиз у кишини.

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: