islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Закот ё бугун ё рамазонда…

Аллоҳга ҳамд-у саноларимиз бўлсинки, навбатдаги рамазон ойи ҳам кириб келмоқда. Аллоҳ таоло барчамизни рамазон – рўза ойига соғ-омон етказсин.

Рамазон ойи кириб келар экан, хайр-эҳсон, садақот қилиш, закот беришга одатланган кунларимиз ҳам яқинлашиб келмоқда. Уламоларимиздан Аллоҳ таоло рози бўлсинки, улар фиқҳий ҳукмларни чиқариб, закотни рамазон ойида беришни тавсия қилганлар. Сабаби эса – рамазон ойида ҳар бир фарз ибодатга етти юз фарз, ҳар бир нафлга эса фарз ибодатининг савоби берилиши ваъда қилинган.

Аммо, ислом дини шуниси билан гўзалки, унинг ҳукмлари ҳамма замон ва ҳамма маконга мос тушади ва хосланади. Ҳозирги кундаги узлатли (каратин) ҳолатни, аниқроқ айтганда инсонлар ишсиз, даромадсиз қолган ҳолатни этиборга оладиган бўлсак, закотни ҳозир бериш афзалми ё рамазондами?

Уламоларимиз закотни рамазон ойида беришнинг савоби кўпроқ эканлигини айтар эканлар, шуни алоҳида таъкидлайдиларки: “Агар закотни бериш вожиб бўлган бўлса ва мухтож одам борлигини билган ҳолда рамазон ойини кутадиган бўлса, у инсон гуноҳкор бўлади. Чунки закотни бериш, йил айланиши билан вожиб бўлади”, – деб айтганлар.

Демак, агар зиммамизга закотни бериш вожиб бўлган бўлса ҳамда мухтож одам борлигини билсак, муҳтож инсонни танисак, закотимизни бермасдан, рамазон киришини кутиб ўтирадиган бўлсак, гуноҳкор бўлиб қоламиз.

Бу масалани нега кўтардик?

Сабаби шуки: ҳозирги узлат (карантин) шароитида инсонлар ишлай олмай қолдилар, яъни даромад манбаидан узилиб қолдилар. Даромад тўхтади-ку аммо, харажатлар тўхтагани йўқ. Бу эса инсонларни янада мушкул ва мухтож ҳолатга солиб қўйиши ҳеч биримизга сир эмас. Куни – кеча эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси закотнинг бу йилги нисоби ва миқдори ҳамда “Вақф” жамоат фондининг закот, фитр, ушр, фидя ҳисоб рақамларини маълумотларини тақдим қилдилар.

Мусулмон шахс ўлароқ биз ён-атрофдагиларга эътиборли бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олиб, имконимиз бўлса, ёрдам бериб яшашимиз лозим. Хусусан, шу кунларда янада зийрак бўлиб, агар закот адо қиладиган бўлсак, рамазонни кутмасдан адо қилайлик, ниятимиз гўзаллиги ҳамда биродаримиздан ғамхўр бўлганимиз учун закотни рамазонда бериб, олишимиз мумкин бўлган савобдан алақанча кўпроқ савобга эга бўлишимиз -мумкин, аниқроғи биродаримизни оч-ночор ҳолатда ташлаб қўймаганимиз учун эга бўламиз ҳам. Агар закот бериш вожиб бўлмаган бўлса-ку эҳсон қилишга қодир бўлсак, эҳсон қилайлик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир мўминнинг хожатини чиқариш – минг кун эътикоф ўтиришдан кўра яхшироқдир”, – деб марҳамат қилганлар, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривояти.

“Ал-фиқҳул ҳанафий фи савбиҳил-жадид” китобининг муаллифи Абдулҳамид Муҳаммад Тоҳмоз раҳимаҳуллоҳ шундай деб марҳамат қиладилар:

“Закот – тез беришликка кўра вожиб бўлади. Адо қилиш имкони топилган аввалги вақтидан кечиктирилмайди. Агар икки йил ўтгунича адо қилмаган бўлса, инсон хато қилган бўлади ва гуноҳкор бўлиб қолади. Чунки Аллоҳ таоло закотни фақирга беришга буюришдан мақсади – фақирнинг ҳожатини чиқариш эди, ҳожатни эса тез чиқариш керак. Агар ҳожатни тез чиқаришга кўра вожиб бўлмаган эди, мақсад ҳосил бўлиб қолмас эди”.

Доктор Валиб ибн Абдурраҳмон Фирён шундай дейдилар: “…Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам ҳақларида саҳиҳ хабарларда собит бўлганки, у зот инсонларнинг энг сахийи бўлганлар. Хусусан рамазон ойида янада сахий бўлиб кетар эдилар. Мана шунга кўра закотни ҳам хос равишда рамазон ойида бериш афзал ҳисобланади…

Агар закот бериш вақти келган бўлса, мол соҳиби закот миқдорини чиқариб, муҳтожларни топиб, адо қилиш лозим бўлади. Агар закот рамазонда вожиб бўлиб қолса ёки рамазондан кейин йил тўладиган бўлса, рамазонда чиқариши авлороқ ҳисобланади.

Аммо, шунга эътибор бериш лозимки, мусулмон шахс закот бериши вожиб бўлган бўлса-ю рамазон ойини кутиб ўтириши дуруст эмас. Мисол учун шаъбон ойида ёки ражаб ойида закот бериши вожиб бўлган бўлса, мен рамазон ойида бераман, чунки рамазонда берсам, савоби кўпроқ бўлади, деб ўйласа, гуноҳкор бўлиб қолди, чунки бу иши Аллоҳнинг амрига зиддир, шунингдек, фақирнинг муҳтожлиги кутиб турадиган нарса эмас. Шунга кўра куттирмасдан, секинлатмасдан, тезда адо қилиши ва ҳақдор бўлган муҳтожларга етказиб бериши вожибдир”.

Доктор Иброҳим Хузайрий шундай дейдилар:
“Закотни рамазон ойида беришнинг фазли буюкдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадорнинг оғзини очирса, (яъни оғзини очишига сабабчи бўлса, таом бериш билан, сув бериш, шароит қилиб бериш билан) унга рўзадорнинг савобидан кам қилинмаган ҳолда рўзадонинг ажрича ажр берилади”, – дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, ҳаммамиз ҳам ифторлик қилиб берадиган нарсага қодир бўлмайди-ку”, – дейишди. Шунда: “Сув аралаштирилган сут билан оғзини очтирганга ҳам Аллоҳ бу ажрни беради”, – дедилар.

Аммо, биродарларимиз шунга эътибор қаратсинларки, рамазондан олдин закот бериши вожиб бўлган киши рамазон савобига етишаман, деб рамазонни кутиб ўтириши ҳаром ҳисобланади. Бу инсон ўзига зулм қилган бўлади. Агар рамазондан олдин вожиб бўлган бўлса, рамазонгача кечиктирмай, адо қилсин…”

Аллоҳ таоло барчамизни ён-атрофдаги биродарларимиздан хабар олиб, хожатини чиқариб юрадиган муҳсин бандаларидан бўлишимизни насиб қилсин.

Андижон Саййид Муҳйиддин Махдум ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Нажмиддинов Бахтиёр

129830cookie-checkЗакот ё бугун ё рамазонда…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: