Имом Шотибий. Машҳур қориларнинг Қуръони каримни ёд олишга бўлган эътиборлари, бу борадаги таъсирли лавҳалар ҳақида гап кетганда аввало, машҳур қироъат устозларидан Имом Шотибий ҳақларида тўхталиш лозим бўлади. Жамолуддин Абул Ҳасан Қифтийнинг айтишича, Шотибий ёш йигитлик чоғидаёқ Қуръоннинг барча қироатлари борасида моҳир бўлган. Ҳали эллик ёшга етмасиданоқ атрофдаги инсонлар унга Қуръон ўқиб бериб, кўп манфаат олишган. Шунингдек у наҳв ва луғат илмларидан ҳам машҳур бўлган.
Имом Шотибийнинг Ломия қасидалари машҳур. Имом Жазарий: «Ломиййа» нусхаси устига битиб қўйилган қуйидаги матнни кўрганман: «Шотибийдан ривоят қилинишича, ким бу қасидани ёдласа, жаннатга киради». Ушбу ёзувни ўқиган қорилардан бири бу ҳақда сўраш учун унинг ҳузурига боради. Сўралмасидан туриб, у зотнинг кароматлари сабабли аён бўлган ҳолда: «Ҳа, ким ёдласа, жаннатга киради, ҳатто ким вафот қилса-ю, ушбу қасида уйида бўлса ҳам, жаннатга киради», деган.
Ривоят қилинишича, Имом Шотибий қасидани тугатиб бўлгач, Пайғамбарни соллаллоҳу алайҳи васаллам туш кўрганлар. Тушларида у зотнинг ҳузурларида туриб: «Эй Расулуллоҳ! Мана бу қасидани қаранг», дея уни қўлларига тақдим қилганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни муборак қўлларига олиб: «Бу муборакдир. Ким уни ёдласа, жаннатга киради», деганлар.
Ким буни ёдласа, албатта, фойда топган. Чунки назм қилувчи Имом Шотибий қасидани тугатгач, китобни қўлида тутган ҳолда Каъба атрофини ўн икки минг шавт (84000 марта) тавоф қилиб, уни ўқувчи ҳақига: «Эй Еру Осмонни Яратувчи, яширин ва ошкора ишларни Билувчи, ушбу буюк Каъбанинг Парвардигори бўлган Аллоҳим! Буни ҳар бир ўқиган инсонга манфаатли этгин», дея дуо қилган.
Абул Маъолий ибн Айнул Фузалонинг «Мисбаҳ» номли китобида шундай келтирилади: «Имом Шотибий айтадилар: «Мен кетма-кет ўн кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни равзаи шарифда кўриб, у зотга Қуръон ўқиб бердим. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:«Аллоҳ сени шубҳалардан ҳимоя қилсин», деганлар».
Имом Шотибий 572 санада ҳаж қилиш учун Мисрга сафарга отланади ва Искандарияга тушиб, бу ердаги Имом Ҳофиз Абу Тоҳир Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салафа Исфаҳоний ва бошқа олимлардан ҳадис эшитган.
Имом Шотибий фақир киши бўлишига қарамай ундан шаҳридаги жоме масжидида хатиб бўлиши талаб қилинганида, хатиблар подшолар васфига ошиқча берилиб кетгани сабабли бу ишдан ўзини тортган. Абу Шомма Имом Шотибийнинг тақвоси ҳақида хабар бериб «Менга шайхимиз Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад Саховий розияллоҳу анҳу айтиб беришича, Имом Шотибий ўз юрти бўлмиш Шотибани ташлаб, Миср диёрига кўчиб ўтишларига у зотдан ўз диёрида хатиб бўлишни талаб этишганида ҳаж зиёрати учун чиқиб кетгани сабаб қилиб келтирилган. У киши, имом бўлиб қолсалар, минбарларда подшоҳларни шаръан жоиз бўлмаган сифатлар билан мақташга тўғри келиб қолишидан тақво қилиб Шотибага қайтмайдилар. Қаттиқ қийинчиликка, фақирликка сабр қилдилар. Сўнг Қоҳирага келадилар. У ерда фазилатли қози у кишидан ўз мадрасасида Қуръондан сабоқ беришини сўрайди. У киши аввалги фақирлигида қолиш шарти билан рози бўлди», деб айтиб берган.
Шотибий Мисрга борганларида, қози Фозил Абдурраҳим у кишининг ҳурматларини бажо келтириб, ўз мадрасаларида Қуръон ўқитувчи устозларга бош қилиб қўяди. У ерда қироат, луғат, наҳв ва бошқа фойдали илмлардан матонат билан сабоқ берарканлар, исмлари машҳур бўлиб, ҳар томонга ёйилади. Қуръон ўқитиш бўйича раислик даражасигача етадилар. Обрўлари ошиб, дарс учун ҳар тарафдан одамлар кела бошлайди. Атрофдаги инсонлар у кишидаги илм саховатидан худди ер ёмғирдан манфаат олгандек манфаатланишади.
Султон Малик Носир Салоҳуддин Юсуф ибн Айюб Байтул Мақдисни фатҳ қилгач, 589 санада у киши Шотибий зиёратига бориб, Рамазон рўзасини бирга тутади. Ушбу йил зиёратдан қайтаётганида хосу омга манфаат бериш учун саёҳат уловини Фозилия мадрасасига чўктирди. Вафотигача шу ерда дарс бериб қолади.
Ушбу зикр қилинган мадрасани қози Фозил 580 санада ўз ҳовлиси олдидаги гулзор йўлга барпо қилган бўлиб уни Шофеий ва Моликий фақиҳларининг бир гуруҳига вақф қилади. Битта катта хонасини Қуръон қироати учун ажратади. У ерда имом Абул Қосим ибн Файюро Шотибий шу соҳадан илм беради. Сўнг унинг шогирди Абу Абдуллоҳ Қуртубий, кейинчалик яна бошқалар қироатдан дарс ўқитадилар.
Ишончли шайхлар хабар беришларича, Имом Шотибий Фозилияда субҳ намозини ўқигач, қироатдан дарс беришга ўтирар эди. Кишилар ўқиб беришга навбат олиш учун бир-бирлари билан мусобақалашишни тунда бошлаб, у зот ҳузурига етиб келишар эди. Шотибий ўз ўринларига ўтиргач, «Ким биринчи келган бўлса, ўқисин», деган сўздан бошқани гапирмас эди. Сўнг биринчи келган кишининг, кейин ундан сўнг келган кишининг дарсини тинглар эди. Бир куни унинг бир дўсти тасодифан эрта келади ва шайх ўз ўринларига ўтиргач, одатга хилоф равишда: «Ким иккинчи бўлиб келган бўлса, ўша ўқисин», дейди. Иккинчи келган киши ўқишни бошлайди. Шериги биринчи келган бўлса ҳам, қолиб кетганидан ҳайрон бўлиб, бунинг сабабини билолмай, «Шайхнинг дарсидан маҳрум бўлишимга қайси гуноҳим сабаб бўлди экан», деб ўйланиб қолади ва ўша кечаси жунуб бўлгани, қироатга иштиёқи қаттиқлигидан ғусл қилишни унутгани ва уйқудан турибоқ шайх ҳузурига келганини эслайди. Шотибий бундан воқиф бўлгани учун иккинчи келган кишининг ўқишига ишора қилган бўлади.
Сўнгра ҳалиги йигит мадраса ёнидаги ҳаммомга югуриб боради ва ғусл қилиб, шайх ўша иккинчи киши қироатини тинглаб тугатмасиданоқ етиб келади. Кўзи ожиз шайх аввалги ҳолатида ўтирар эди. Иккинчи қори қироатини тугатиши билан у: «Ким биринчи келган бўлса, ўқисин», дейди. Йигит қироатни бошлайди. Бу ҳолат қориларнинг шайхларидан билганларимизнинг энг гўзал бир кўриниши бўлса, ажаб эмас. Шу пайтгача бу каби ҳолат кузатилганини билмаймиз.
Имом Шотибий ҳузурларида бир фиқҳий масала туғилиб қолади. Шунда у зот бу хусусда ҳужжат айтиб, китоб келтиришни сўрайди ва: «Бу ҳақда фалон жойдан қидиринглар», деб, қайси бет, қайси ўрин ва қайси мавзуда келганигача айтиб берадилар. Талабалар далилларни айтилган жойдан топишгач: «Фиқҳни ҳам ёдлаганмисиз?» деб сўрашади. Имом Шотибий: «Мен бир туяга юк бўладиган китобларни ёдлаганман», дейдилар. «Ундай бўлса, фиқҳдан дарс бермайсизми?» дейишади. У зот: «Кўрларники фақат Қуръондир», дейдилар.
Куёви (қизининг эри) Абулҳасан Али ибн Шужаъ ибн Солим, − ҳам кўр бўлган, қироатни қайнотасидан олган, − шундай дейди: «Бир сафар ибн Варроққа «Усулул фиқҳ»ни ўқиб беришни хоҳлаган эдим, қайнотам буни эшитиб, мени чақиртирди. Ҳузурига борган эдим, қулоғимдан тутиб: «Усул» ўқимоқчимисан?» деди. Мен: «Ҳа» дедим. У қулоғимдан чўзиб: «Кўрнинг номатлуб иши унинг «усул» ўқишидир», деди».
Имом Шотибийнинг Аллоҳ таолога бўлган ишончи ва қалби кенглигига далолат қилувчи кароматларидан бири ҳақида шогирди Илмуддин Саховий бундай дейди: «Бир куни у зот менга: «Шайтон билан менинг ўртамизда суҳбат бўлиб ўтди. У менга: «Агар бундай қилсанг, сени ҳалок қиламан», деган эди, мен унга: «Билганингни қил, менга барибир», дедим», деди».
Имом Шотибий дарс беришга ҳеч ҳам таҳоратсиз ўтирмас эди. Муаззин намозга азон айтса, ўрнидан туриб, ўзини тартибга келтирар, таҳоратга эҳтиёж сезса, таҳорат қилар, эҳтиёж сезмаса, шу ҳолида намоз ўқир эди. Дарс давомида тиловат саждасини ўқиса, сажда қилмас эди, шунингдек, унга ўқиб бераётган ҳам сажда қилмас эди. Устозларининг йўли шундай эди. Чунки устоз-шогирднинг ҳолати мустақил ўқувчи ҳолатидан фарқ қилади. Агар устоз-шогирдга тиловат саждаси лозим қилинса, машаққат ва муаммо келтириб чиқаради. Бир гуруҳ уламолар устозга ўқиб берилаётган пайтда тиловат саждасини тарк қилиш мумкинлигига ижмоъ қилганлар. Улар бунга Бухорий ва Муслим Зайд ибн Собитдан ривоят қилган: «Мен Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажм сурасини ўқиб бердим, у зот сажда қилмадилар», деган ҳадисни далил келтирадилар.
Имом Шотибий Маккага кетаётганда йўлда бир дарахт олдидан ўтаётиб шохга тўқнаш келмаслик учун ходимининг кўрсатмаси билан бошини эгиб ўтди. Ҳаж қилиб қайтаркан, яна шу жойга етганда, ҳеч ким айтмаса-да, бошини экканича илгарилади. Сабаби сўралганда, шу ерда дарахт бўлганини айтди. Кавлаб кўришиб, ўша кесилган илдизни топишди.
Имом Шотибийга яқин жойда ўтирган икки киши баҳслашиб кетиб, бир-бирларини туркий тилда ҳақорат қила бошлашди. Шунда Шотибийдан нима деяётганлари ҳақида сўралди. У зот улардан бирини сўроқ қилиб, ўнг тарафига ўтирғизди. Сўнг иккинчисини сўроқ қилиб, чап томонига ўтирғизди ва: «Мана буниси бундай-бундай, деган эди, униси бундай-бундай, деб жавоб қайтарди. Сўнг буниси бундай-бундай, деган эди, униси бундай-бундай жавоб қайтарди», дея бўлган воқеани охиригача туркий тилда айтиб берди. Ваҳоланки, у зот бу тилни билмас эди.
Имом Шотибий ҳақида бизга шундай ривоят етиб келган: «У: «Ким ушбу қасидамни ўқиса, албатта, Аллоҳ у билан манфаатлантиради. Чунки мен уни Аллоҳ таолонинг розилиги учунгина назмлаганман», деган». Дарқақиқат, унинг баракаси машриқу мағрибни қамраб олган.
Фаъсий «Макка тарихи» номли китобида Муҳаммад ибн Исмоил ибн Юсуф Ҳалабийнинг таржимаи ҳолларида шундай дейди: «У зот бир жойда Қуръон ўқир ва бошқа бир жойда унга ўқиб берилар, сўнг уни ёзар ва шу даражада тўғри ёзардики, қайта-қайта ёзса ҳам, бирор нарса қолиб кетмас, бепарволикка йўл қўймас эди».
Шотибий ҳижрий 590 сана, жумадул охир ойининг йигирма саккизинчи, якшанба куни аср намозидан кейин 52 ёшида вафот этади ва душанба куни Султон Салоҳиддин Юсуф ибн Айюбнинг вазири, дўсти ва кўмакчиси ҳамда «Иншо» девонининг соҳиби қози Абдурраҳим ибн Али ибн Ҳасан Қозий Лахмий Асқалоний Мисрий қабрига дафн қилинади. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайннинг шундай деганларини эшитдим: «Мен 580 йили ҳаж қилдим.Ўша жойда бир жамоанинг «Ким ёшлигию катталигида Аллоҳга ҳеч ҳам осий бўлмаган киши орқасида намоз ўқимоқчи бўлса, Абул Қосим Шотибийнинг орқасида намоз ўқисин», деган гапларини эшитдим».
Манбалар асосида Ўктам Қурбаниязов, Амударё тумани “Нўғой эшон”жомеъ масжиди имом хатиби Тошкент ислом институти махсус сиртқи бўлим битирувчиси.