Аллоҳга шукроналар бўлсинким мустақиллигимизнинг шарофати ила серқуёш юртимизда диний ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Исломнинг ўн тўрт асрлик тарихи давомида уламоларимизнинг фидокорона меҳнати туфайли Қуръон ва Суннат атрофида, соф ақийда, ҳақ мазҳаб атрофида халқимиз бирлашиб, ҳақ йўлда ибодат қилиб келишияпди. Юртимизда 130дан ортиқ миллат вакилларининг тинч, фаровон яшаб келишларининг сабабларидан бири бағрикенгликдир.
Юртбошимиз олий минбардан туриб жаҳон ҳамжамиятига БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилдилар.
Дунёда ортиб бораётган саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш, барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашда шу ва шунга ўхшаш битимлар, келишувларга эҳтиёж борлигини таъкидладилар.
Ҳа, бугунги Ўзбекистон дунё бўйлаб бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик тарафдори. Бу эса юртимиздаги тинчлик, тараққиёт ва фаровонликнинг муҳим омилидир.
Альбир Крганов – Россия мусулмонлари диний жамияти раҳбари, Москва шаҳри муфтийси:
“Ўзбекистон қадимдан динлараро бағрикенглик ва цивилизациялараро мулоқот ривожланган юрт ҳисобланади. Бухорои шариф эса бизни тарбия қилган маскандир. Ўзбекистон юртида улуғ алломалар хоки бор. Уларнинг илмий меросини ўрганиш орқали бугунги кундаги таҳдидларга, хусусан, экстремизм, терроризмга қарши маърифат билан курашишни ўрганишимиз лозим. Бунга дунё ҳамжамияти катта эҳтиёж сезмоқда. Биз Ўзбекистоннинг диний соҳадаги тажрибасини ўрганишимиз ва кенг жамоатчиликка етказишимиз лозим. Ҳозирги кунда дунёдаги 1,5 миллиарддан зиёд мусулмонлар учун Ўзбекистон – диний-маънавий маркази дея бемалол айта оламан.
Инсонлар ўртасидаги бағрикенглик борасида Аллоҳ таолонинг каломи шарифи Қуръони каримнинг бир неча оятларида зикр қилинган. Хусусан «Ҳужурот» сураси, 13-оятида:
“Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида энг азиз-у мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билгувчи ва хабардор зотдир”, деб марҳамат қилади. Ушбу ояти каримада барча элат ва миллатларнинг тенглиги ва адолат тарғиб этилиши яна бир бор динимизнинг умуминсоний қадриятларини ифода этади. Бу борада пайғамбар алайҳиссалом ўз суннатлари билан бутун инсониятга ибрат бўлганлар. Жумладан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма одамларнинг зоҳирларига қараб муомала қилардилар, зоҳирини ташлаб ботинига ўтиб кетмас эдилар. Икки кўзларини зоҳирлардан беркитиш учун ботинларини титкиламас эдилар. Мадинада мунофиқларининг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул бўлиб унинг ўғли содиқ мусулмонлардан эди.
Бир куни Салулнинг ўғли келиб, Расулуллоҳга: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга бир хабар келди, сиз айтган гапи учун отамни ўлдирмоқчи экансиз. Агар шундай бўлса, мени ўзимга буюринг, ўзим сизга унинг бошини олиб келай” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилиб: “Йўқ, модомики у орамизда экан, унга меҳрибонлик кўрсатамиз” – дедилар.
Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул вафот этганида ўғли ҳижолат бўлиб Расулуллоҳга одам юборди ва шоядки унга енгиллик бўлсин деб, отасини кафанлаш учун ўзлари кийганида баданларига тегиб турадиган кўйлакларини беришларини илтимос қилди. Расулуллоҳ кийимни ечдилар ва унга бериб юбордилар.
Унинг жанозасини олиб келинган пайитда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жаноза ўқиш учун юзландилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу у зотнинг рўпараларида тўхтади ва қулоқларига шивирлаб: “Эй Аллоҳнинг Расули, фалон ишларни қилган, фалон гапларни айтган бўлса ҳам унга жаноза ўқийсизми” – деди. Расулуллоҳ эса унга эътибор ҳам бермадилар.
Умар шу гапни кўп такрор айтаверганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умарга қараб:
“Эй Умар мендан нарироқ тур. Аллоҳ менга танлаш ихтиёрини берди ва мен (шуни) танладим”- дедилар ва Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг жанозасини ўқидилар.
Бу эса ислом умматига бағикенгликнинг жуда катта намунасидир. Хулоса қилиб айтганда, юртимизда миллатлараро ва давлатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларнинг пайдо бўлаётганлиги дўстлик ва ҳамжиҳатлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, “Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз–жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир”.
Махсус сиртқи бўлим 1-босқич талабаси
Жамолов Азизжон