Мусулмонлар ўзаро муомала қилишдаги ахлоқий асослардан бири – бошқалар борасида яхши гумон қилиш ва ёмон гумондан сақланиш.
Мўмин ўзини пок деб ҳисолаши унинг адашишига олиб келади. Аллоҳ таоло бизларни ўзимизни поклашимиздан ман қилган.
“У Зот сизларни тупроқдан пайдо қилганда ҳам, оналарингиз қоринларида ҳомилалик чоғингизни ҳам яхши билувчидир. Шундоқ экан, ўзингизни оқламанг, У ким тақводорлигини яхши биладир.” (Нажм, 32)
Баъзи салафлар айтганидек, мусулмон одам ўзини ҳисоб қилишда золим подшоҳдан ҳам, хасис шерикдан ҳам кучлироқ бўлиши лозим.
Мусулмон киши яхшилик қилади, тоатда ижтиход қилади ва: “(Аллоҳ) Мендан қабул қилинмаслигидан қўрқаман”, – деб айтади.
Шу билан бирга, бошқа инсонлар хато қилсалар, улар учун узрларни топишга ҳаракат қилади.
Баъзи салафи солиҳлар: “Мен биродарим учун етмишта узр қидираман, сўнгра унда мен билмайдиган яна бошқа узр бўлса керак, дейман”, – деб айтади.
Қуръон ва суннатда ёмон гумон қилишдан қайтарилган: “Эй, иймон келтирганлар, кўп гумон қилишдан сақланинглар, баъзи гумонлар гуноҳдир.” (Ҳужурот, 12)
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам: “Гумондан сақланинглар, чунки гумон сўзнинг энг ёлғонидир.” (Муттафақун алайҳ)
Агар бир мусулмон қилган амал бир жиҳатдан яхши амал деб ва йигирма жиҳатдан ёмон амал деб топиладиган бўлса, уни ўша яхши амалга ёйиш лозим бўлади.
Мусулмонларнинг энг оғриқли жиҳатларидан бири – ислом оламида катта хизмат қилган ва қилаётган олимларнинг хатоларини қидириш. Қандай қилиб мусулмонлар хизматига, уларнинг муаммоларини ечишга бутун умрини сарфлаган инсон бир кичик хатоси сабабидан кофир ёки мунофиқ ёки ислом душмани бўлиши мумкин. Ҳолбуки ўша хато деб кўринган нарса аслида хато ҳам бўлмаслиги мумкин.
Уламолар Аллоҳнинг авлиёлари ҳисобланадилар, уларга таъна тошини отиш эса катта гуноҳдир, зеро ҳадисда: “Ким Менинг валийимга душманлик қилса, Мен унга уруш эълон қиламан”, – деб айтилган. (Бухорий)
2-курс толибаси Матлуба Фозилова