Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий яшаб ижод этган даврда ҳадис илми жуда кенг тараққий этган ва кўплаб муҳаддисларнинг ҳадис тўпламлари мавжуд эди. У зот вафотидан кейин ҳам бир қанча муҳаддислар пайдо бўлдилар. Шундай бўлсада, ўша замон ва ундан кейин келган ислом уламолари ва муҳаддис олимлар наздида фақат Имом Бухорийнинг “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадислар тўплами энг саҳиҳ ва энг мукаммал бўлиб эътироф этилди.
Бунинг сабаби – Имом Бухорий ҳадисларни ўзига етказиб келган ровийлардан ривоятини қабул қилиб китобат қилишдаги шартлари ва талаблари бошқа муҳаддисларникидан анча қаттиқ бўлган, ровийдан ҳадис қабул қилишда қатъий талабларни қўйган.[1] Ҳадис ривоят қилувчи ровийларнинг сифатларига, ахлоқларига жуда катта эътибор қаратган ва ровийнинг сифати, ахлоқи ҳадис қабул қилишдаги талабларига етарли даражада жавоб бермаса ундай ровийдан ҳадис қабул қилмаган.[2]Сифати мажҳул, кимлиги ва насаби номаълум, сифатига қадҳ (жарҳ) етган ровийлардан, шу жумладан санад табақасида ёлғиз бўлиб қолган ровийдан[3]умуман ҳадис ривоят қилмаган.[4]
Ҳадисларни саҳиҳ деб қабул қилишда муҳаддис уламоларнинг саҳиҳлик шартлари турлича бўлган. Муҳаддис олимларнинг ҳадисларни саҳиҳ деб эътироф этилишида асосан бешта шарт мавжуддир. Ушбу беш шарт: 1) санаднинг узлуксиз боғланган бўлмоғи; 2) санаддаги ровийнинг одиллиги; 3) санаддаги ровийнинг хотирасини мукаммал бўлмоғи; 4) ҳадис ўз матни ва унинг ровийлари мартабасига зарар етказувчи сабаблардан холий бўлмоғи; 5) ҳадис матни ва санади шузуз (тарқоқлик)дан холи бўлмоғи лозим.[5]
Имом Бухорий наздида эса ҳадислар саҳиҳлик даражасига етиши учун ўн иккита шарти мавжуд бўлган. Ушбу ўн иккита шарт юқорида келтирилган бешта асосий шартларнинг замирида туради.[6] Улар:
- Бир-биридан ҳадис ривоят қилаётган ровийлар бир шаҳарда замондош бўлиши, агар бир шаҳарда замондош бўлиб истиқомат қилмаган бўлса ҳадис муттасил санад деб қаралмаган.
- Бир-биридан ҳадис ривоят қилаётган ровийлар бир марта бўлса ҳам учрашган бўлиши, агар бир шаҳарда истиқомат қилиб учрашмаган бўлса уларнинг бир-биридан ҳадис ривоят қилиши муттасил санад деб қаралмаган.
- Ровий (ҳадис ривоят қилувчи шахс) ҳадисни ўзига етказувчи ровийдан ижозатан юзма-юз ҳолатда оғзаки (ривоятан) ёки ёзма равишда (дироятан) олган бўлиши (бу уч (1-3) шарт “санаднинг кўриш, эшитиш ва ўқиш орқали боғланиши” замирида туради).
- Ровий мусулмон бўлиши, динсиз ва ғайридин кишидан ҳадис қабул қилинмаган.
- Ровий балоғатга етган бўлиши, яъни ҳадисни ёд олиб бошқаларга етказишда масъулиятни англаб етадиган ёшда бўлиши.
- Ровий ақлли бўлиши, ақли заифдан ҳадис ривоят қилинмайди.
- Ровий фосиқ бўлмаслиги, фосиқ кишининг ҳадиси қабул қилинмайди.
- Ровийларнинг энг ишончлиси, ростгўйи, одамийлиги (бу бешта (4-8) шартлар “ровийнинг дин ва дунё ишларида одил бўлмоғи” шарти замирида туради).
- Ровий хотирасининг кучли бўлиши, яъни эшитган ҳадисини асл ҳолида ёд олиб қолмоғи.
- Ровий хотираси суст бўлса эшитганини ёдлаб ёзиб қўйган бўлиши (бу икки шарт (9-10) “ҳадис санадидаги ровийлар хотирасини мукаммал бўлмоғи” шарти замирида туради).
- Ҳадис санади ва матни ихтилофдан холи бўлиши (бу 11-шарт “ҳадис матни ва санади шузуз (тарқоқлик)дан холи бўлмоғи” шартида замирида туради).
- Ҳадис санади ва матни зарар етказувчи сабаблардан холи бўлиши (бу 12-шарт “ҳадис ўз матни ва унинг ровийлари мартабасига зарар етказувчи сабаблардан холий бўлмоғи” шартининг замирида туради).[7]
Ўқувчига янада тушунарлироқ бўлиши учун муаллифлар томонидан мазкур ўн икки шарт ва тўққиз муҳаддиснинг ҳадис олишда ушбу шартларга амал қилиш даражасининг қиёсий таҳлили жадвал кўринишида тайёрланди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозим, бу жадвалда уламоларнинг нисбий қарашлари жамланиб, ягона бир кўринишга келтирилган холос[8]. Бошқа тадқиқот ва далиллар сабабли жадвалда келтирилган муҳаддисларнинг ҳадис қабул қилишдаги саҳиҳлик шартларига амал қилиш ҳолатлари ўзгариши мумкин.
Тадқиқотларимиз натижаси ҳадис тўпламлари саҳиҳ деб тан олинган тўққиз муҳаддисдан фақат Имом Бухорий мана шу ўн икки шартга қатъий амал қилганлигини кўрсатади. Яъни, ҳадис санади ва матни мана шу шартларга тўлиқ жавоб берса у ҳадис Имом Бухорий наздида саҳиҳ ҳадис ҳисобланган. Имом Муслим саҳиҳликнинг ушбу шартларини ўн биттасига қатъий амал қилган, яъни саҳиҳликнинг ўн бир шартига жавоб берган ҳадис санади ва матни у кишининг наздида саҳиҳ саналган. Масалан, бир шаҳарга шайх (ҳадис ривоят қилувчи устоз)лардан бирортаси келиб дарс ташкил қилиб бирор ҳадис айтса-ю, тинглаганлардан бири у ҳадисни шу шаҳарда истиқомат қилувчи, аммо ўша дарсда бўлмаган бир дўстига айтса, у ҳадисни эшитган дарсда ҳозир бўлмаган учинчи шахс ўша ҳадисни шайхдан ривоят қилса бу ҳадис жадвалга кўра Имом Бухорийда бу ҳадис санади муттасил (санади боғланган) саналмайди, Имом Муслим ва бошқа айрим муҳаддислар наздида бу ҳадиснинг санади муттасил деб қаралади[9].
Имом Абу Довуд наздларида ушбу шартларнинг тўққизтаси қайси бир ҳадисда топилса ўша ҳадис саҳиҳ деб саналган.
Имом Термизий наздларида эса ҳадис саҳиҳ бўлиши учун ўнта шарт топилиши лозим бўлган[10] ва шу сабабли ҳам айрим ҳадис уламолари имом Термизийнинг “Сунан” ҳадис тўпламини Имом Абу Довуднинг “Сунан”идан устун қўйишади.
Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим бўлган сўзларимиздан бири, бу Имом Молик ва Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳларнинг ҳадис қабул қилишдаги шартлари бошқа муҳаддисларникидан камлигидир. Аммо бу уларнинг ҳадис тўпламларига киритган ҳадислари саҳиҳлик даражасидан паст эканлигини англатмайди, чунки бунинг бир неча ижобий сабаблари мавжуд. Шулардан; энг аввало ушбу муҳаддисларнинг шартлари ҳақида биздаги маълумотларнинг озлиги ва борлари ҳам эҳтимолий эканлигидир. Шу жумладан, улар яшаган даврнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларига яқинлиги, ҳадис етиб келишда муҳаддис билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўртасида ровийлар озлиги ва яна бир қанча сабаблар борки, ҳатто у сабаблар билан мазкур муҳаддисларнинг ҳадис тўпламларидаги келтирган ҳадислари санади олий санадга кўтарилиши ҳам мумкин.
Имом Бухорий ҳадисларни саҳиҳ деб қабул қилишда мана шу ўн икки шартга қатъий амал қилган ва шу сабабли ҳам бутун дунё олимлари томонидан ул зотнинг ҳадис тўпламлари мутлақ саҳиҳ ҳадислар деб эътироф этилган. Ҳатто баъзи уламолар Имом Бухорийнинг ҳадисларни қабул қилишдаги саҳиҳлик шартларини ўн бештага етказишган. Ушбу тадқиқотларимиз натижаларига асосланиб Имом Бухорийнинг “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўпламидаги ҳадисларининг саҳиҳлик даражаси бошқа муҳаддисларнинг саҳиҳ ҳадисларидан устун эканлигини айтишимиз мумкин бўлади.