islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

11 январдан ОТМларда анъанавий таълим бошланади

Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари 11 январ кунидан анъанавий таълимга қайтади. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтаётган брифингда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев маълум қилди.

«Барча ОТМлар томонидан ўқув жараёнини анъанавий тарзда бошлаш бўйича график ишлаб чиқилган. График асосида 2021 йил 11 январдан барча ОТМларнинг тегишли курсларида ўқув жараёни анъанавий шаклда бошланади.

Айрим касал талабалар ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларнинг ўқишлари онлайн шаклда давом эттирилиши мумкин. Бу ҳолатда ОТМлар талабаларнинг шароитларини ўрганиб чиқади. Барча имкониятлари мавжуд бўлган талабалар анъанавий таълимга тўлиқ жалб этилади», деди Ф.Бабашев.

Тадбирда таълим жараёнини ташкил этишда ҳафталик ўқув кунлари ОТМ томонидан мустақил белгиланиши маълум қилинди.

Мавзуга доир: Олий таълим муассасалари ҳафталик ўқув кунларини 5 ёки 6 кун бўлишини мустақил белгилайди

«Ҳафталик ўқув кунлари ўқув режасидаги ҳафталик юкламалар асосида белгиланади. Бугунги кунда ўқув режаларидаги фанларга ажратилган ҳафталик юкламадан келиб чиқадиган бўлсак, ҳафталик ўқув куни 5-6 кунга тўғри келади. Бунда талабаларнинг кунлик юкламаси ҳам ошиб кетмаслиги лозим», деган вазирлик вакили.

  • Маълумот учун, 2020 йил 16 ноябрдан Ўзбекистонда олий таълим муассасаларида ўқув жараёнлари анъанавий шаклда тиклана бошлаган, фақат биринчи ва битирувчи босқич талабалари анъанавий дарсларга чақирилганди. Шу билан бирга, талабаларнинг ўзи анъанавий ёки онлайн таълим шаклини танлаши мумкин эди. Эндиликда анъанавий дарслар барча босқич талабаларига тааллуқли ҳисобланади.

Мавзуга доир: Олий маъҳад талабалари учун анъанавий ўқув машғулотлари бошланди

Шунингдек, Ф.Бабашев Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йилининг иккинчи ярмида тўлов-контракт миқдорлари ўзгармаслигини ҳам маълум қилди.

«2021 йил 1 февралдан бошлаб республикамизда иш ҳақи ва стипендиялар миқдорлари 10 фоизга оширилиши белгиланди.

Пандемия шароитида республика аҳолисининг тўлов қобилияти пасайганлигини ҳисобга олиб, фарзанди давлат олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган оилаларга енгиллик яратиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий ўқув йилидаги амалдаги тўлов-контракт миқдорлари ўзгаришсиз сақлаб қолинади», деди Ф.Бабашев.

Эслатиб ўтамиз, президент қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 февралдан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, нафақа ва стипендия миқдори 10 фоизга оширилиши белгиланган. Талабаларнинг тўлов-контрактлари миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига боғлаб қўйилгани туфайли контракт нархлари яна ошиши эҳтимоли юзага келганди.

ТИИ Матбуот хизмати

207630cookie-check11 январдан ОТМларда анъанавий таълим бошланади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: