Тарихга назар солсак, Аллоҳ таоло барча даврларда Ўз каломи Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун керак бўлган ҳамма шарт-шароитларни Ўзининг илоҳий тадбири билан тўлиқ таъминлаб келган. Роббимиз инсониятнинг бахт-саодати гарови бўлган бу мўъжиз каломни Ўз муҳофазасида сақлашни ваъда қилган эди, асрлар оша турли омиллар воситасида мазкур ваъданинг юзага чиқишини таъминлаб келмоқда.
Аввало Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий фариштаси воситасида нозил қилди ва уни Ўз Расули қалбида жамлашни ва тилида қироат қилдиришни Ўз зиммасига олди. Қуръони Каримни бир соат ёки бир кунда эмас, йигирма уч йил давомида оятма-оят туширди.
Аллоҳ таоло айтади: «Куфр келтирганлар: «Унга Қуръон бир йўла нозил қилинса эди», дедилар. Биз сенинг қалбингни у билан саботли қилиш учун шундай қилдик ва уни тартил билан тиловат қилдик».[1]
Ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом оятларни олиб тушиш билан бирга, уларнинг тартибини ҳам илоҳий топшириқ асосида ўргатиб кетар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий нозил бўлиб битиши билан ёзишни биладиган саҳобаларни чақириб, уларга янги тушган оятларни ёздириб қўяр ва уларнинг қайси сурага, қайси оятдан кейин қўйилишини ҳам айтиб берар эдилар.
Шундай қилиб, сура ва оятларнинг тартиби ҳам ёдлаб, ёзиб борилар эди. Барча саҳобалар уларни баҳоли қудрат ўзлаштириб борар эдилар.
Бундан ташқари, ҳар йили Рамазон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга ўзларига ўша пайтгача нозил қилинган оятларни ўқиб берар эдилар. Вафот этадиган йиллари у Зот Қуръонни икки маротаба ўқиб берганлар. Бу набавий хатмга айрим бахтиёр саҳобалар гувоҳ ҳам бўлганлар. Ушбу хатм манбаларда «арзаи охир» – «охирги ўқиб бериш» деган ном билан машҳур.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо мусулмонларни Қуръонни ўрганишга, уни ўргатишга тарғиб қилдилар, қизиқтирдилар ва амр қилдилар. Бу маънода келган ҳадислар жуда ҳам кўп.
Масалан: «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни ўргатганларингиздир»,[2] «Қуръонга моҳир киши улуғ, мукаррам фаришталар билан биргадир. Қуръон ўқиганда қийналадиган кишига иккита ажр бордир»,[3] «Қуръонни ўрганинглар ва ўргатинглар, чунки у Қиёмат куни ўз эгасига шафоатчи бўлиб келади»,[4] «Ким Қуръон ўқиса ва ундагиларга амал қилса, Қиёмат куни унинг ота-онасига тож кийгизилади. Унинг зиёси сизларнинг дунёнгиздаги қуёшнинг зиёсидан яхшироқ, гўзалроқдир».[5]
Ушбу таълим-тарбия, тарғибу буйруқлар натижасида аста-секин саҳобалар ичидан Қуръони Каримни ёдлашга, уни ўз ўрнига қўйиб тиловат қилишга лаёқатли бўлган, шунга бел боғлаган кишилар ажралиб чиқдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга бу борада алоҳида эътибор бериб, улар билан махсус шуғулландилар. Ўз навбатида мазкур саҳобалар ҳам ҳар бир оятни, ҳар бир калимани буюк эҳтимом билан ўрганиб, ўзлаштириб борар эдилар.
Уларнинг айримлари Қуръони Каримни барча жиҳатлари билан тўлиқ ёд олиб боришга ҳам улгурган эдилар. Бунга, жумладан, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каъб, Усмон, Али, Абу Дардо розияллоҳу анҳумни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин саҳобалар Қуръони Каримни ўзларидан кейинги авлод – тобеинларга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзлари қандай ўрганган бўлсалар, худди шу тарзда, бекаму-кўст, сўзма-сўз ўргатдилар. Тобеинлар ичидан бу соҳага астойдил киришиб бел боғлаганлари бир нечта саҳобадан Қуръон ўқишни ўрганиб, ўзлаштирдилар.
Натижада, улар қироат илми мутахассислари ўлароқ майдонга чиқдилар. Улар ўзлари ўрганган илмларни табаъа тобеинларга ўргатдилар. Қуръони Карим шу зайлда авлоддан авлодга ҳеч бир ўзгаришсиз етиб келмоқда.
Аллоҳ таоло барча замонларда Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун бандалари ичидан Ўзи истаган кишиларни танлаб олиб, уларнинг қалбига Қуръон муҳаббатини, Қуръон ишқини солиб, тилларини унга бурро қилиб қўйди ва дилларига Қуръон ўқитиш шавқини бахш этди.
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бундай буюк инсонлар Ислом уммати ичида ҳеч қачон узилиб қолмади. Натижада, дунёда мисли кўрилмаган ажойиб бир занжир, муборак бир силсила вужудга келди. Ушбу муборак силсиланинг ҳар бир ҳалқаси ўзгача бир олам бўлди.[6]
ТИИ Махсус сиртқи 3-курс талабаси
Ибрагимов Қодир
[1] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири –Тошкент: Тошкент Ислом Университети, 2009. «Фурқон» сураси, 32-оят.
[2] Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ал-Термизий. Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ. -Байрут: Дор ал-ғарб ал-исламий, 1996.
[3] Абул Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ан-Найсабурий. Саҳиҳ ал-Муслим. -Байрут:Дор ал-фикр, 2003.
[4] Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас ас-Сижистоний. Сунану Абу Довуд. Байрут:Дор ал-фикр, 2005
[5] Абу Бакр Аҳмад ибн ал-Ҳусайн ал-Байҳақий. Шаъб ал-ийман. -Байрут:Дор ал-кутуб ал-илмийя, 2000
[6] Муҳаммад аз-Заҳабий. Тазкира ал-ҳуффаз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2007.