Китобнинг асосий боб ва фаслларига киришдан аввал Қуръон ёдлаш фазилати ва қориларга бу дунёда ва охиратда бериладиган улкан ажрлар ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар доим саҳобаларини Қуръон ёдлашга тарғиб қилар, ўзлари ҳам бу ишда намуна бўлар эдилар. Муҳим ишларга (намоз, ғазотлар ва никоҳ каби) саҳобаларни танлар эканлар, уларнинг Қуръондан қанча ёд олганлигига эътибор берар эдилар. Ҳамда, табиийки, кўпроқ ёд олган саҳобани бошқасидан муқаддам қўяр эдилар.
Мўминлар Аллоҳнинг фазли ила жаннатга кирганларида қориларнинг даражаси алоҳида бўлади. Улар дунёда юқори мартабада бўлганлари каби, жаннатда ҳам олий мақомларда бўладилар. Бунга бир нечта ҳадиси шарифлар далолат қилади.
1- Ҳофизнинг даражаси олий бўлади.
عن عبد الله بن عمرو بن العاص أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: ” يقال لقارئ القرآن “
اقرأ وارتق ورتل كما كنت ترتل في الدنيا، فإن منزلتك عند آخر آية تقرؤها
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Oс розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “(Қиёмат куни) Қуръон ҳофизига: “Ўқи ва кўтарилиб боравер! Дунёда ўқиганингдек тартил билан ўқи! Зеро, сенинг охирги даражанг охирги ўқиган оятинг қадардир”, дейилади”. (Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Имом Термизийлар ривояти)
Ибн Ҳажар Ҳайтамий роҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадисни шарҳлар экан, жумладан, шундай деган: “Ҳадиси шариф Қуръонни ёд олган ҳофизларга тааллуқлидир. Ҳар бир Қуръон ўқиган инсонга эмас. Чунки, фақатгина (мусъҳафга қараб) ўқиш билан инсонлар ўзаро даражада фарқланмайдилар. Даржалар ўртасидаги фарқ ҳифзининг миқдорига қараб бўлади. Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам. Буни Қуръон ўқиш ва ёдлашга бериладиган савобларнинг турфа эканлигидан ҳам англаш мумкин”. (“Ал фатаавал ҳадийсийя”, 156-бет)
Аммо бу даражага етишиш ҳифзнинг ўзи билангина бўлмайди. Балки, ҳофизнинг мақсади мол-дунё, обрў бўлмай, аксинча, ёлғиз Аллоҳ таолонинг розилиги бўлгандагина амалга ошади. Йўқса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Умматимдаги мунофиқларнинг аксари – қорилардир”, демаган бўлар эдилар. (Имом Аҳмад, “Муснад”, 6633)
2- Ҳофизул Қуръонга бериладиган мукофотлар
عن أبي هريرة رضي الله عنه، أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: ” يجيء القرآن يوم القيامة فيقول: يا رب حله، فيلبس تاج الكرامة، ثم يقول: يا رب زده، فيلبس حلة الكرامة، ثم يقول: يا رب “ارض عنه فيرضى عنه، فيقال له: اقرأ وارق، وتزاد بكل آية حسنة
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Қиёмат куни бўганда Қуръон ўз соҳибининг (уни ҳифз қилганнинг – тарж.) ёнига келади ва Аллоҳдан сўрайди: “Эй, Роббим! Уни зийнатлагин”. Унга улуғлик тожи кийдирилади. Қуръон: “Эй, Роббим! Яна зиёда қил”, дейди. Унга улуғлик либоси кийдирилади. Қуръон айтади: “Эй, Роббим! Ундан рози бўл!”. Аллоҳ ҳофизул Қуръондан рози бўлади. Сўнг унга: “Ўқи ва кўтарилиб боравер”, дейилади. Ҳар бир ўқиган оятига яхшиликлар зиёда қилинади”. (Имом Термизий “Сунан”, 2915, Дороқутний, “Илал”, 10/158)
Юқоридаги ҳадисда зикр қилинган мукофотларнинг ҳаммаси ҳам улкан мукофотлардир. Аммо, бироз тафаккур қилсак, уларнинг ичида энг катта мукофот Аллоҳнинг розилиги эканлигини кўрамиз.
3- Ҳофизул Қуръон улуғ фаришталар билан бирга бўлади
عن عائشة – رضي الله عنها – قالت: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: “مثل الذي يقرأ القرآن “
وهو حافظ له مع السفرة الكرام
Oиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Қуръонни ўқиб юрадиган ва ёд олган кишилар улуғ фаришталар билан биргадир”. (Имом Бухорий, “Тафсир” китоби, “Абаса” сураси тафсири” боби, 4937)
Уламолар “улуғ фаришталар билан” деган сўзни 2 хил тушуниш мумкин деганлар: 1) ҳофизул Қуръоннинг даражаси уларники билан бир хил, уларга ёнма-ён бўлади; 2) ҳофизул Қуръон улуғ фаришталарни қилган амалини қилади, улар юрган йўлдан юради.
4- Ҳофизул Қуръон маслаҳатга энг лойиқ кишидир
قال ابن عباس رضي الله عنهما: كان القراء أصحاب مجلس عمر رضي الله عنه ومشاورته كهولاً كانوا أو شبانا
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай деганлар: “Умар розияллоҳу анҳунинг мажлисларидаги аксар кишилар хоҳ ёш, хоҳ қария бўлсин, қорилар эди”. (Имом Бухорий, “Тафсир” китоби, “Аъроф сураси тафсири” боби, 4624)
5- Ҳофизул Қуръонлар Аллоҳ таолонинг аҳли ва хос (яқин – тарж.) бандаларидир
عن أنس بن مالك رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: إن لله أهلين من الناس. قالوا: من هم يا رسول الله؟ قال: هم أهل القرآن أهل الله و خاصته
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Инсонларнинг орасида Аллоҳнинг аҳли бўлганлар бор”. “Ким улар?”, дейишди саҳобалар. “Қуръон аҳли. Улар Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”, дедилар”. (Имом Аҳмад, “Муснад”, 3/127, Имом Насоий, 8031)
Аллоҳ таоло бизни ва бизнинг зурриётларимизни Ўзининг аҳли ва хос бандаларидан қилсин!
Mashaa Alloh Alloh rozi bo’lsin