islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тавҳиднинг аҳамияти

Хар қандай қилинаётган ёки қилинадиган ишнинг маълум асоси ва негизи бўлади. Шу асосни билмаслик, уни ўрганмаслик ўша ишнинг самарасини йўққа чиқаради.Шу маънода мусулмончиликнинг ҳам маълум асоси ва ўзаги бордир. Бу асосни яхши тушуниб олиш ибодат деб қилинган амалларнинг самарали бўлишига сабаб бўлади. Динимизнинг асоси эса тавҳид ҳисобланади.

Тавҳид сўзи луғатда “яккалаш”, яъни кўп ададда эканини инкор қилиш маъносини англатади. Истилоҳда эса тавҳид инсоннинг Аллоҳга ширк келтиришнинг турли кўринишларидан сақланиши ва Аллоҳ таолони зотида ҳам, сифатларида ҳам, ишларида ҳам, исмларида ҳам, ҳукмларида ҳам шериги йўқ, деб эътиқод қилишидир.

Эътибор берадиган бўлсак ояти каримларда асосан ё тавҳид аҳлининг ҳақлари ва мақтовлари баён қилинган ёки тавҳиднинг зидди бўлган ширкдан қайтариш ва унинг зарарли  оқибатлари баён қилинганига гувоҳ бўламиз. Чунки Қуръони карим оятлари қуйидаги маънолардан бирига далолат қилади:

– Аллоҳ таолонинг исмлари, сифатлари ва ишлари ҳақида хабар берилган. Бу эса тавҳид ҳақидаги хабардир;

– Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақириб, Ундан ўзгага ибодат қилишдан қайтарилган. Бу ҳам бандадан талаб қилинган тавҳиддир;

– Аллоҳнинг буйруқларига итоат қилиш  лозимлиги билдирилган. Бу ҳам банда қалбидаги тўғри ва мукаммал тавҳид тақозосидир;

– Тақводор мўминларга дунё ва охират саодати ваъдаси берилган. Бу эса тавҳид аҳлининг мукофоти хабаридир;

– Ширк аҳли учун дунё ва охиратда бериладиган азобдан хабар берилган. Бу эса тавҳид хукмидан чиққанларнинг жазоси хабаридир.

Шу маънода уламолар Қуръони карим бошидан охиригача тавҳид баёни ва унинг ҳукмларидан иборатдир, деганлар.

Масалан Фотиҳа сураси маъноларига эътибор берадиган бўлсак, унинг тўлалигича тавҳид ҳақида эканига гувоҳ бўламиз:

“Алҳамду лиллаҳи Роббил аламийн” (Барча мақтов, шукрлар оламларнинг тарбиячиси Аллоҳга бўлсин). Бу оятда оламларнинг тарбиячиси ёлғиз Аллоҳ экани шунинг учун ибодат ҳам фақат Унгагина қилиниши лозимлиги, яъни тавҳид баён қилинган.  

  • “Ар-роҳманир-Роҳийм” (У Роҳман ва Роҳиймдир). Бу оят Аллоҳ таолони мазкур исм ва сифатларида ягона деб билиш лозимлигига далолат қилади. Шунга кўра бу оят ҳам тавҳид хабаридир.
  • “Малики явмид-дийн” (У қиёмат кунининг подшоҳидир). Бу оят ҳам тавҳид хабаридир.
  • “Ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн” (Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз). Бу оят ҳам тавҳид хабаридир.
  • “Иҳдинас-сиротол мустақийм” (Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин). Бу оят Аллоҳ таолодан тавҳид йўлига йўллаш сўровини ўз ичига олган.
  • “Сиротоллазина анамта алайҳим” (Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига (бошлагин). Бу оят тавҳид аҳли йўлиниг баёнидир.
  • “Ғойрил мағзуби алайҳим валаз-золийн” (Ғазабга дучор бўлганларнинг йўлига эмас, адашганларникига ҳам эмас). Бу оят қастдан ва жоҳиллик билан тавҳид йўлидан тонганларнинг сифатлари баёнидир.

Демак тавҳид Ислом динининг асоси ва шиори ҳисобланади.

Шунга кўра тавҳидга зид бўлган бирор сўз ва амални содир этиб қўйишдан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраймиз ва У Зотнинг тавфиқи билан: “Аллоҳ бирдир, Унинг шериги йўқдир, мулк ҳам ҳамду сано ҳам Уникидир. Тирилтирадиган ҳам. Ўлдирадиган ҳам Удир. У ҳеч қачон ўлмайдиган доимий тирикдир. Бахт саодат унинг қўлидадир. У барча нарсага қодирдир”, деймиз.

Тошкент Ислом институти талабаси

Сотторов Ойбек

27340cookie-checkТавҳиднинг аҳамияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: