Бутун дунёга донғи кетган улуғ табиб,файласуф, аллома “Файласуфларнинг раиси”, “Устозларнинг устози” номларини олган. Шарқда шайхурраис, Европада Авиценна номи билан танилган Абу Али ал-Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн Сино Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида дунёга келган. Машҳур алломанинг отасининг исми Абдуллоҳ, онасининг исми Ситора эди.
Ўткир заковатга эга Ибн Сино ўн ёшида Қуръони каримни ёдлади, Бухоро ва Самарқандда даврининг машҳур олимларидан адабиёт, фиқҳ, математика, физика, мантиқ, астрономия, метафизика, тиббиёт ва фалсафа бўйича дарслар олди.
Ислом дунёсида Киндий билан бошланган, Форобий билан тизимлашган фалсафа машҳур аллома Абу Али ибн Сино билан чўққига чиқди. Унинг тафаккурини озиқлантирган икки муҳим манба бор: ислом дини (Қуръон ва ҳадислар) ҳамда Арасту ва қадимги юнон фалсафаси.
Аллома ибн Синонинг отаси самонийлар саройида котиб эди. Унинг ўзи ҳам талабалик давридаёқ давлат ишларида ишлади, вақти келиб ҳукмдорларга маслаҳатчи ва вазир бўлди, маъмурий ва сиёсий лавозимларда фаолият олиб борди. Рай шаҳрида ҳукмдор Фахруддавланинг ўғлини ва Ҳамадонда қулунж касаллигига чалинган Шамсуддавлани даволади.
Изланишларида кузатув ва синаш усулидан фойдаланган улуғ аллома Абу Али ибн Сино инсоннинг нафақат жисми, балки руҳияти ҳақида ҳам маълумот берди, жисмоний касалликлар билан бир қаторда руҳий касалликларни ҳам даволади.
Улуғ аллома Абу Али ибн Сино тиббиётдан тортиб астрономиягача, фалсафадан тортиб тафсиргача бўлган турли йўналишларда асарлар ёзган энциклопедик олим эди.
У асарлари ва ўзига хос фалсафий қарашлари билан асрлар давомида нафақат мусулмон мутафаккирларга, балки ғарблик олимлар ва файласуфларга ҳам таъсир кўрсатди. “Тиб қонунлари” асарини 1187 йилда вафот этган Жерар де Кремон лотинчага таржима қилган эди. Ушбу асар касалликларни таснифлаш ва касаллик аломатларини тизимли ўрганиш нуқтаи назаридан ҳатто Уйғониш давридан кейин ҳам ўз аҳамиятини йўқотмади ва саккиз аср мобайнида қўлланма вазифасини ўтади.
XVII асрда кашф қилинган сув ва ҳаво босими ҳақида етти аср аввал улуғ аллома Абу Али ибн Сино ёзиб қолдирган эди. У кўзнинг рангдор пардаси ҳақида тўлиқ маълумотлар ёзди.
Космологик далиллар гуруҳига оид имкон далили ҳақидамашҳур аллома Абу Али ибн Сино қуйидача фикр билдирган:
“Атрофимизга қараганимизда, борлиги мумкин бўлган кўплаб нарсаларни кўрамиз. Бор бўлган нарса ё ўз-ўзининг сабабидир, ёки унинг бор бўлишига бошқа сабаб бор. Агар у ўзининг сабаб бўлса, бор бўлишда ўзи ўзидан аввал бор бўлиши зарур, бу эса сафсатадан бошқа нарса эмас. У ҳолда борлиги мумкин бўлган ҳамма нарсанинг бор бўлиш учун бошқа нарсага, яъни сабабга эҳтиёжи бор. Бирор мумкин нарсага сабаб бўлган мавжудлик ё ўзи-ўзидан мумкин, ёки мажбурий равишда мавжуд. Агар сабаб бўлган мавжудлик ҳам мумкин бўлса, унинг ҳам бошқа сабабларга эҳтиёжи бўлади, бу занжир шу тариқа давом этиб кетаверади.Узлуксизлик деб аталувчи бу жараённинг бўлиши мумкин эмас. Ундай бўлса, мавжудликни вужудга келтирган сабаб мажбурий мавжудлик бўлиши керак. Бу мажбурий мавжудлик, шубҳасиз, Аллоҳдир”.
Улуғ аллома Абу Али ибн Сино “Ал-Ишорат” асарида Аллоҳни шундай таърифлаган эди:
“Аллоҳнинг на ўхшаши, на зидди бор. Унинг жинси ҳам, фасли ҳам йўқ, шу сабабли таърифи ҳам йўқ. Шундай экан, очиқ-ойдин ақлий ирфондан ташқари ҳеч бир нарса билан Унга ишора қилиб бўлмайди. Аллоҳ ўз-ўзидан мавжуд зотдир. У ҳар қандай тобеликдан, кучсизликдан, камчиликдан, моддадан пок ва узоқдир. Ана шу хусусиятлар ичида Ўзи Ўзини билгувчи ва Ўзи яна Ўзи томонидан билингувчидир”.
Қорахонийлар 999 йил Бухорони забт этиб, сомонийлар давлатини ағдарганидан кейин улуғ аллома ҳаётида ташвишли, нотинч ва оғир дамлар бошланди. 1002 йил унинг отаси вафот қилди. Икки сулола вакилларининг тахт учун кураши 1005 йилгача давом этиб, охири қорахонийларнинг буткул ғалабаси билан тугади. Бундай вазиятда Бухорода ортиқ қолиб бўлмас эди. Шу боис улуғ аллома Абу Али ибн Сино ўз юртини тарк этиб, Хоразмга бош олиб кетди. XI-аср бошларида Хоразм қорахонийлар ҳужумидан бирмунча тинч бўлиб, иқтисодий ва маданий жиҳатдан анча ривожланган ўлка эди. Хоразмшоҳлар Али ибн Маъмун (997—1009) ва Маъмун ибн Маъмун (1009—1017) илм-фанга эътиборли ҳукмдорлар бўлиб, олимларга илмий ижод учун қулай шароит яратиб берган эдилар. Шу боис бу даврда Хоразмнинг пойтахти Гурганж (Урганч) да замонасининг кўпгина таниқли олимлари тўпланди. Машҳур математик ва астроном Абу Наср ибн Ироқ (1034 йили вафот этган), атоқли табиб ва файласуфлар Абу Саҳл Масиҳий (1010 йили вафот этган), Абул Хайр Хаммор (942—1030) ва буюк олим Абу Райҳон Беруний шулар жумласидан. Ана шу илмий даврага 1005 йили улуғ аллома Абу Али ибн Сино ҳам келиб қўшилди. Хоразмда улуғ аллома Абу Али ибн Сино асосан, математика ва астрономия билан шуғулланди. Бу соҳалардаги унинг билимларини чуқурлашиб, илмий дунёқарашининг шаклланишида Ибн Ироқ ва Беруний билан бўлган илмий мулоқотлар катта аҳамият касб этди.
Улуғ аллома Абу Али ибн Синонинг Аристотель таълимоти хусусида Беруний билан ва ўзининг шогирди Бахманёр билан ёзишмалари тарихда машҳурдир. Ибн Сино Абу Сахл Масиҳийнинг тиббий тажрибаси ва билимларидан ҳам катта сабоқ олди. Хоразмшоҳ вазири Абулҳусайн ас-Саҳлий илмларни севувчи киши бўлганидан, Ибн Сино у билан дўстлашади ва унга атаб алкимёга оид «Рисола ал-иксир» («Иксир ҳақида рисола») номли асар ёзди. Бироқ Хоразмдаги осойишта ҳаёт узоққа чўзилмайди. Шарқда қудрати ортиб бораётган Ғазна ҳукмдори султон Маҳмуд Ғазнавий бу ўлкага кўз тикади. У, аввал, Маъмунга саройдаги бир гуруҳ олимларини Ғазнага жўнатиб юборишни сўраб хат ёзади. Бу хатга жавобан Беруний ва Абу-л-Хаммор Ғазнага кетадилар. Улуғ аллома Абу Али ибн Сино эса бу таклифни рад этиб, Масиҳий билан биргаликда 1010—1011 йилларда яширинча Хоразмни тарк этади. Шу вақтдан олимнинг саргардонлик йиллари бошланиб, умрининг охиригача Ватандан узокда ҳаёт кечиришга мажбур бўлади.
Масиҳий билан улуғ аллома Журжонга — Масиҳийнинг Ватанига йўл олдилар. Лекин йўлдаги қийинчиликлар ва сувсизлик туфайли Масиҳий бетоб бўлиб, вафот этади. Натижада, Ибн Сино азоб-уқубатлар чекиб, аввал, Нисо, сўнг Обивард, Тус, Шиққон ва Хуросоннинг бошқа шаҳарларида қисқа муддат турганидан кейин, ниҳоят, Каспий денгизининг жануби-шарқида жойлашган Журжон амирлигига етиб келади. Ибн Сино Журжонда 1012—1014 йилларда яшайди, лекин шу қисқа вақт ичида унинг ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири — Абу Убайд Жузжоний билан учрашув ва бир умрга дўстлашув содир бўлади. У улуғ алллома Абу Али ибн Синога нафақат шогирд, балки содиқ дўст ҳам эди. У Ибн Сино билан олимнинг сўнгги дамигача, 25 йил давомида бирга бўлади. Ибн Сино таржимаи ҳолининг ёзилиб қолиши, кўпгина асарларининг таърифи ва тартибга тушиши ҳамда уларнинг кейинги авлодларга келишида Жузжонийнинг хизмати катта.
Журжондалик вақтида улуғ аллома Абу Али ибн Сино ҳам илмий ижод билан шуғулланди, ҳам табиб сифатида фаолият кўрсатди. Бу ерда у шогирдининг илтимосига кўра, мантиқ, фалсафа ва бошқа фанларга оид бир нечта рисола ёзди ва энг муҳими «Тиб қонунлари»нинг дастлабки қисмларини яратди. 1014 йил олим Журжонни тарк этиб, Райга кўчди. Машҳур аллома Абу Али ибн Сино Райга келган вақтида бу ерда бувайҳийлардан бўлмиш Маждуддавла Абу Толиб Рустам (997—1029) ва унинг онаси Саййида Хотун ҳукмронлик қилар эдилар. Бу ерда машҳур аллома Абу Али ибн Сино савдойи дардига чалиниб қолган Маждуддавлани даволади ва шу сабабли салтанат тепасида турган Саййиданинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлди. Лекин олим Райда ҳам узоқ туролмади, чунки Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг Райга ҳам ҳужум қилиш хавфи бор эди. Шу сабабли машҳур аллома Абу Али ибн Сино Райни тарк этиб, нисбатан кучлироқ бўлган Ҳамадонга, Маждуддавланинг акаси Шамсуддавла (997—1021) ҳузурига кетади. Ҳукмдорни санчиқ касалидан даволаганидан кейин олимни саройга таклиф қиладилар. У аввал сарой табиби булиб ишлайди, сунг вазирлик мансабига кўтарилади. Давлат ишлари билан банд бўлишига қарамай илмий ишларини ҳам давом эттиради ва қатор асарлар яратади. «Тиб қонунлари»нинг 1-китобини тугатиб, ўзининг машҳур фалсафий қомуси — «Китоб аш-шифо» ни ҳам шу ерда ёзишга киришади. «Тиб қонунлари» нинг қолган қисмини ҳам Ҳамадонда ёзиб битиради.
Машҳур аллома Абу Али ибн Сино Ҳамадонда 1023 йилгача истиқомат қилади ва айрим сиёсий сабабларга кўра, шу йили Исфаҳонга жўнаб кетади. Умрининг қолган 14 йилини шу ерда ўтказди. Бу ерда хам у тинимсиз илмий иш билан машғул бўлиб, бир қанча асарлар яратди. Улар орасида тиб, фалсафа, аниқ фанлар, тилшунослик каби фанларга оид китоблар бор. «Китоб аш-шифо»нинг қисмлари, форс тилидаги «Донишнома» ва 20 жилдли «Инсоф-адолат китоби» шулар жумласидан.
Жузжонийнинг ёзишича, улуғ аллома Абу Али ибн Сино гарчи, жисмоний жуда бақувват бўлса-да, бироқ шаҳарма-шаҳар дарбадарликда юриш, кеча-кундуз тиним билмай ишлаш ва бир неча бор таъқиб қилиниб, ҳатто ҳибсда ётишлар олимнинг саломатлигига жиддий таъсир этди. У қуланж (колит) касаллигига чалинди. Алоуддавланинг Ҳамадонга юриши вақтида улуғ аллома қаттиқ бетоблигига қарамай, у билан бирга сафарга чиқади. Йулда дарди қўзғаб олимнинг тамомила мадори курийди ва оқибатда у шу дарддан 57 ёшида вафот этади.Улуғ олим Абу Али ибн Сино Ҳамадон шаҳрига дафн этилади. Унинг қабри устига 1952 йили мақбара ишланган (меъмори X. Сайхун). Мақбара улуғ аллома Абу Али ибн Синога бағишланган музей хоналарини ҳам ўз ичига олади.
Замондошлари улуғ аллома Абу Али ибн Синони «Шайх ар-раис» («донишмандлар сардори, алломалар бошлиғи»); «Шараф ал-мулк» («ўлка, мамлакатнинг обрўси, шарафи»), «ҳужжат ал-ҳаққ» («ростликка далил»); «Ҳаким ал-вазир» («донишманд, тадбиркор вазир») деб атаганлар. Жаҳон фани тарихида улуғ аллома Абу Али ибн Сино қомусий олим сифатида тан олинган, чунки у ўз давридаги мавжуд фанларнинг қарийб барчаси билан шуғулланган ва уларга оид асарлар ёзган. Олим асарларини ўша даврда Яқин ва Ўрта Шарқнинг илмий тили бўлган араб тилида, баъзилари (шеърий ва айрим фалсафий асарлари)ни форс тилида ёзган. Турли манбаларда унинг 450 дан ортиқ асар ёзганлиги қайд этилган, лекин бизгача уларнинг 242 (160) таси етиб келган. Шулардан 80 таси фалсафага, 43 таси табобатга оид бўлиб, қолганлари мантиқ, психология, табииёт, астрономия, математика, мусиқа, кимё, ахлоқ, адабиёт ва тилшуносликка бағишланган. Лекин бу асарларнинг ҳаммаси ҳам олимлар томонидан бир хилда ўрганилган эмас.Улуғ аллома Абу Али ибн Синонинг кўпроқ фалсафа ва тибга оид нодир асарлари жаҳоннинг кўпгина тилларига таржима этилиб, асрлар давомида қайта-қайта нашр қилиб келинмоқда, лекин шу билан бир вақтда, бошқа кўп асарлари ҳали қўлёзма ҳолида ўз тадқиқотчиларини кутяпти.
“ Тиллар”кафедраси катта ўқитувчиси Ерназаров Фахриддин томонидан тайёрланди.