Ўзбекистон халқаро ислом академиясида республикамиз таълим муассасаларида диншуносликка оид фанларни ўқитишни янада такомиллаштириш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш мақсадида “Диншуносликнинг долзарб муаммолари” мавзусидаги анъанавий республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияда ТИИ ректори У. Ғафуров “Ўзбекистонда олий диний таълим тарихи, бугуни ва истиқболи” мавзусида маъруза қилди.
Мазкур конференцияни ўтказишдан асосий мақсад ўлароқ, диншунослик, тарих, фалсафа, халқаромуносабатлар сингари дунёвий таълим йўналишлари ҳамда Қуръон илмлари, ҳадиси шариф, ислом ҳуқуқи, тасаввуф, ислом тарихи, манбашунослиги каби диний таълим йўналишлари билан боғлиқ фанларни ривожлантиришга оид амалга оширилган илмий изланишлар натижалари билан илмий жамоатчиликни таништириш, республикамиз таълим муассасаларида диншуносликка оид фанларни ўқитишни янада такомиллаштириш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш кўзда тутилди.
Зоом дастури орқали онлайн ва офлайн форматда ўтган тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов Академия ректори Музаффар Комиловнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ўткрбек Ҳасанбоев, ЮНEСCО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси бош котиб ўринбосари Сайидафзал Маллахонов табрик сўзлари билан қатнашиб, конференцияга ишига муваффақият тилашди.
“Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш” кафедраси томонидан жорий йилда 14-маротаба ташкил қилинган мазкур анъанавий конференцияда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, ЎзР ФА Шарқшунослик институти, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент ислом институти, ЮНEСCО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, қолаверса, республикамиздаги олий таълим муассасалари мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, докторант ва магистрантлар иштирок этишди.
Қолаверса, бу йилги конференцияга хорижий давлатлар илмий ва ўқув муассасаларидан мутахассислар ҳам таклиф қилинди. Чунончи, Нур-Муборак Миср ислом маданияти университети (Қозоғистон), Озарбайжон илоҳиёт институти (Озарбайжон), Швалмштадт ижтимоий педагогика коллежи (Германия) ва Россия давлат нефт ва газ университети мутахассислари конференция иштирокчиларини диншуносликка оид мавзулар тадқиқи ва таълими юзасидан эришган ютуқлари билан таништириб, ўз тажрибаларини улашдилар.
Анжуманда “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази – маърифий исломни тарғиб этувчи маскан”, “Ўзбекистонда олий диний таълим тарихи, бугуни ва истиқболи”, “Диний бағрикенглик маданиятини шакллантиришда динлараро мулоқотнинг аҳамияти”, “Диншунослик фанларини модул-кредит тизимида ўқитишнинг замонавий асослари”, “Ҳаким Термизий асарларида диний бағрикенглик тамойиллари”, “Янги Ўзбекистонни барпо этиш шароитида диншуносликнинг долзарб муаммолари” каби маърузалар тингланди.
Ўз навбатида, конференцияга келиб тушган диншунослик, исломшунослик, тарих, фалсафа, дин психологияси каби ижтимоий фанлар йўналишига оид турли илмий мақолалар мазкур анъанавий анжуманнинг тўпламидан ўрин олган. Тўплам республикамиздаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида диншунослик фанлари бўйича дарс берувчи профессор-ўқитувчилар, педагоглар, диншунослик соҳаси бўйича кўзга кўринган олимлар, шунингдек, исломшунос, шарқшунос, манбашунос, тарихчилар, ёш илмий тадқиқотчиларнинг илмий изланишлари асосида ёзилган 100 га яқин мақолаларни ўзида жамлаган бўлиб, унда диний бағрикенглик, миллий ва диний қадриятлар уйғунлиги, аждодлар илмий-маънавий меросининг маънавий ҳаётимизда тутган ўрни ўз ифодасини топган.
Тадбир якунида Академия профессор-ўқитувчилари томонидан 2021-2022 -ўқув йили давомида диншунослик соҳаси бўйича нашр қилинган илмий ва ўқув адабиётлари тақдимоти намойиш этилди.
Қатнашчилар билдирилган мавзулар юзасидан савол-жавобларда иштирок этиб, соҳа ривожи йўлида ўзларининг таклиф-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати