islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

9 МАЙ – Хотира ва Қадрлаш куни

       Сиз 9 май-Хотира ва қадрлаш куни ҳақида нималарни биласиз?

      Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуслари билан 1999 йили 9 май куни Ўзбекистон пойтаxтида Xотира майдони очилди. Ушбу кундан бошлаб 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами кенг нишонланиб келинмоқда. Ушбу байрам мустақил Ўзбекистонда асрлар давомида каҳрамона, ўлкамизни ҳимоя килган, унинг эркинлиги, мустақиллиги ва xалқининг тинчлиги учун курашган ватандошлар xотирасига бағишланган. Xотира ва қадрлаш тушунчаси чуқур маънога эгадир. Ушбу кунда фашизмга қарши курашларда қатнашган, ўз Ватанини ҳимоя қилишда жонига фидо килган, шунингдек Тўмарис, Широқ, Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Наджмиддин Кубро каби каҳрамонлар ва асрлар давомида xалқ орзу қилган эркинлик учун курашган  Абдулла  Қодирий, Махмудхўжа  Беҳбудий, Мунаввар-қори  Абдурашидхонов, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла  Авлоний, Абдурауф Фитрат, Усмон Носир каби миллий каҳрамонларимизни руҳини шод этиб эслаш ҳам фарз ҳам карздир. Инсоният иккинчи жаҳон урушида катнашган, бу аёвсиз жангу жадалда каҳрамонларча ҳалок бўлганлар xотирасини асло унутмайди.

      Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, иймони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди.

     Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларини мукофотлаш тўғрисидаги фармон ва қарорлари иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган эҳтиромнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Мазкур фармон ва қарорларга мувофиқ барча шаҳар ва туманларимизда, қишлоқ ва маҳаллаларимизда уруш қатнашчилари ва ногиронларига мунтазам юбилей медаллари ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилади.

      Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардандир.

      9 май – Ғалаба кунига Хотира ва қадрлаш куни деб ном берилганига, мана, 23 йил тўлмоқда. Бугунги кунда ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкин: бундай ном олган бу сана юртимизда умумхалқ байрамига, ҳақиқий анъанага айланиб қолди. Нега деганда, хотира ва қадрлаш тушунчалари асл миллий қадриятларимизга жавоб бериб, ота-боболаримиздан қолган ҳам диний, ҳам инсоний урф-одатимиздир.

      Ўтганларнинг номларини ёд этиш, хотирасини ҳурмат билан эслаш, уларнинг арвоҳларини шод қилиш муқаддас одат сифатида қон-қонимизга сингиб кетган. Айнан шу мақсадга эришиш йўлида Ватанимизнинг эртанги куни, келажаги бўлмиш, бизнинг таянчимиз ва суянчимиз бўлган ёш авлодни тарбиялаш, фарзандларимизга замонавий билим бериш ва уларни ҳақиқатан ҳам ҳал қилувчи кучга айлантириш энг устувор вазифамиз эканини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

      Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Тинчлик-хотиржамлик – тараққиёт гаровидир.

      Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғояга бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Улар тинчликнинг қадрига етишни тарғиб этади, уруш эса батамом қораланади.

      9 май – Хотира ва Қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.

      Иккинчи жаҳон урушида Ватанимиз Ўзбекистондан 1 миллион 433 минг 230 нафар одам иштирок этди. 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлди.

     Ҳозир ҳам орамизда  уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак.

       Мустақил Ўзбекистон Республикаси халқи ва давлати аввалдан тинчлик-тотувлик тарафдори сифатида майдонга чиқди.

       Ана шу асосларга кўра, мустақиллик йилларида ҳам биз 9 май умумхалқ байрами сифатида, 1999 йилдан бошлаб эса Хотира ва Қадрлаш куни сифатида нишонлаймиз. Дарҳақиқат, Мустақил давлатнинг байрамлари ҳам халқ табиати ва анъаналарига мос бўлиши керак. Чунки ҳар бир халқ қандай яшаши, нимани қадрлаши, қайси саналарни тантана қилишини ўзи ҳал этади. Бунда ўз тарихидан келиб чиқади, бугунини ўйлайди ва келажагини кўзда тутади.

      Умуман, дунёқарашни, яъни тафаккурни миллийлаштириш, миллий мафкурани шакллантириш ярим мустамлака исканжасидан қутулган ёш давлат учун шу қадар муҳим эди, бу – мамлакатнинг мамлакат, давлатнинг давлат бўлиб туришини таъминлайдиган бош омиллардан саналади.

      Шу маънода мустақилликка эришганимиздан сўнг 9 майни шўро талқинидагича байрам қилиш бизнинг онг-шууримизга мутлақо мос келмай қолган эди. Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ҳар бир халқ уни ўзича эслайди, қурбонларини ўзича хотирлайди, жангдан омон қайтган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган ва бугун сафимизда юрган фахрийларни ҳам ўзича қадрлайди.

      Ўз мустақиллигига эришган давлатлар ичида Ўзбекистон бунинг чинакам намунасини кўрсатди. Хотира ва Қадрлаш куни энди ўзгача, аниқроғи, миллий хусусият касб этди. Бу байрамнинг мазмун-моҳияти буткул ўзгарди – у халқ хотираси ва инсонни қадрлаш кунига айланди.

      Халқ хотираси деганда киши кўз ўнгидан Ватан ибтидосидан бугунига қадар шу юрт, шу халқ деб курашган, куч-қудрати, ақл-заковатини аямаган, керак бўлса, шу йўлда жонини фидо қилган не-не буюк зотлар бир-бир ўтади. Спитамен, Широқдан Туркон Хотун, Маҳмуд Торобийгача, Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбекдан Заҳириддин Муҳаммад Бобургача, Жалолиддин Мангубердидан, Нажмиддин Куброгача ёдга тушаверади.

       Хотира ва Қадрлаш куни чинакам миллий – умумхалқ байрамига айланди. Шу куни Ўзбекистоннинг барча қабристонларидан зиёратчилар аримайди.

       Бу байрамда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирланади, Афғонистон урушида ҳалок бўлганлар шўро сиёсатининг бегуноҳ қурбонлари сифатида эсланади, умуман, ўтганлар руҳи ёдга олинади, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади.

        Бу дунёнинг марказида ҳазрати инсон туради. Шуни тан олмаган ҳар қандай ғоянинг мағзи – пуч, пойдевори – бўш, иморати – омонат. Фашизм ҳам, шўро мафкураси ҳам худди ана шу – инсонга, унинг табиати, феъл-атвори, мақсад-муддаоларига зидлиги, унинг эҳтиёжу манфаатларидан келиб чиқмагани учун буткул мағлубиятга учради.

        Ҳамма ёқда номаълум аскарнинг рамзий қабрига дуч келар эдик… Ҳолбуки, жангда ҳалок бўлган тирик жоннинг ҳеч бири номаълум эмас эди. Ҳар бирининг ота-онаси, шаҳару қишлоғи, маҳалла-кўйи, қавму қариндоши, қўни-қўшниси, борингки, умр йўлдоши ёхуд севган ёри бор эди-ку!..

       Очиғи, ўтган замонда қурбонларни хотирлаш ҳам, тирик қолганларнинг қадрига етиш ҳам шунчаки, яъни расмият учунгина эди, холос. Одамлар шахс сифатида эмас, омманинг таркибий қисми тарзидагина эсланарди. Ҳолбуки, ҳар қандай сиёсат ҳам, аслида, инсон учун, унинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиши керак эмасми?!

       Инсонни, унинг табиатини менсимаслик, шахсни шахс ўрнида кўрмаслик эски мафкуранинг мағзи-мағзига сингиб кетган ақида эди. Одамга фақат сиёсий ғоялар йўлидаги бир мурватдек қаралар эди. Сиёсатда ҳам, ҳаётда ҳам шу бемаъни ақидага амал қилинар эди.

      Пойтахтимиз Тошкент шаҳрининг марказида – Хотира майдонидаги 1999 йил 9 май куни очилган Мотамсаро она сиймоси пойига битилган: “Сен доимо қалбимдасан, жигарим!” – деган сўзларнинг инсонийлигини, самимийлигини ўйлаб, бир юракдан ҳис этиб кўрайлик. Ҳалок бўлган тирик жон кимнингдир жигарпораси, демак, шу Ватаннинг фарзанди-ку! Ҳар бирининг ортидан қанча одам қон йиғлаб қолди. Умрининг сўнгги лаҳзасига қадар кўзларида ёши қуримай, ўғлини – жигарпорасини кутиб ўтган қанчадан-қанча мотамсаро она бор эди. Даҳшатли урушда ҳалок бўлган отажонини кўрмаган, унга, лоақал, бир бора бўлсин: “Дадажон!” – деб мурожаат қилолмай яшаётганлар – қанча.

       9 майнинг Хотира ва Қадрлаш куни деб эълон қилиниши бизда сиёсатнинг инсонийлашганидан, давлатнинг ҳазрати инсонга айланганидан далолат беради. Урушда ҳалок бўлган ҳар бир ўзбекистонлик – Ватанимиз фарзанди эди. Уларни ёддан чиқаришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Истиқлол йилларида 35 жилдлик “Хотира” китоби чоп этилди. Энди эса уруш қурбонларининг номи мамлакат пойтахтидаги Хотира майдонига ўрнатилган темир “дафтар”га зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилди.

       Бу ерга зиёратга келган ҳар бир ватандошимиз, албатта, ўз жигари, ҳеч бўлмаганда, бирор қўшнисининг номига дуч келади. Беихтиёр, ўтганлар руҳига тиловату дуолар қилиб, юзига фотиҳа тортади…

       Яқинда Сурхондарё вилояти “дафтар”и олдида зиёратга келган бир қизнинг, афтидан, онасига қўнғироқ қилиб, йиғлаб: “Бобомнинг исм-фамилияларини топдим! Бор эканлар!” – деб айтаётганига гувоҳ бўлдик. Ўлган ўлиб кетди. Лекин унинг ёди тириклар учун бефарқ эмас-ку. Эҳтимол, она қизини атайлаб шуни аниқлаб келиш учун Тошкентга юборгандир…

       Хотира майдонида темир “дафтар”ларда қатор-қатор номлар ёзиб қўйилган бўлса, беихтиёр бу исм-фамилияларнинг ҳар бири бир инсон эканини ўйлайсиз, улар орасидан ўзингизга таниш, қалбингизга яқин, қони қонингизга туташ кишиларни қидирасиз ва топасиз ҳам…

        Ўзбекистоннинг хоҳлаган шаҳари, исталган қишлоғи ёки овулидан келган одам бу ерга кириб, яқинининг муборак номини топади, албатта. 1999 йил 9 май кунидан эътиборан бу майдон мамлакатимиз фуқароларининг қалбига яқин, ўтганлар руҳи ёдга олинадиган, дуолар ижобат бўладиган гўшасига – муқаддас маконга айланди. Шундан буён бу ер – зиёратчилар билан гавжум.

        Ҳозир барча минтақаларимиз, кўплаб шаҳарларимиз ва туманларимиз марказларида ҳам шундай хотира майдонлари барпо этилди, бу хайрли иш изчил давом эттириляпти.

       Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг: “Хотира ва қадрлаш деганда биз, аввало, ўзимизни инсон сифатида англашни, одамийлик фазилатларини улуғлашни назарда тутамиз”, – деган қимматли сўзлари замирида ана шундай моҳият ётибди.

       Мамлакатимизда Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрамига қизғин тайёргарлик кўриш ишлари бошланиб кетди. Шу йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

       Мазкур Фармонда 1941 – 1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига  бир марталик пул мукофоти бериш кўзда тутилган. Ушбу пул мукофотлари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига тантанали ва байрамона вазиятда топширилади.

       Фармонда, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига Маданият, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Бадиий академия, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар билан биргаликда Ватанимиз Ўзбекистон озодлиги ва шаъни-шарафи ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маърифий-бадиий кечалар ўтказиш вазифаси ҳам топширилди. Ҳозирги кунда жойларда бу борада турли-туман тадбирлар, учрашувлар ва хотира кечалари бўлиб ўтмоқда.

        Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 77 йил тўляпти. Бу бир инсоннинг ўртача умрига тенг. Орамизда шу ёшдан катта бўлганларгина уруш даврини кўрган. Бироқ, ғалабага эришилганидан кейинги йиллар осон кечди, деб ўйлайсизми? Ёки бу жангу жадаллар асоратлари бир умр одамлар қалбида чандиқ бўлиб қолмадими? Ким ҳам урушда ҳалок бўлган жигарини унута олади?

        Инсон бор экан, хотира – муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, тинчликни қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшганларни хотирасида  сақлайди.

        Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида алоҳида таъкидланганидек: “Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Қадр – инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олижаноблик бағишлайди”.

       Ушбу қонуности ҳужжатида мамлакатимизда Хотира ва Қадрлаш кунини, Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси, фронт орти меҳнат фахрийлари ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтириш, юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш ҳамда бу муқаддас айёмни юксак савияда нишонлашга қаратилган Дастур маъқулланган.

      Жумладан, ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш ҳамда ўз уй-жойига эга бўлмаганларига турар жой ажратиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Мамлакатимизнинг турли минтақаларида истиқомат қилувчи 1941–1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийлари вакилларининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган маросимларга темир йўл ёки автомобиль транспортида келиб-кетиши, меҳмонхоналарда жойлашиши, овқатланиши, маданий ҳордиқ чиқариши ҳамда зарур ҳолларда кийим-кечак билан таъминланиши ҳам кўзда тутилган.

       Давлат тарафидан кўрсатилаётган бу ғамхўрликларнинг бари мазкур умумхалқ байрами мазмунидаги қадрлаш моҳиятининг амалий жиҳатини яққол намоён этади.

      Кунлар кунларни, йиллар йилларни қувиб, бу кўҳна чархи фалак шу сирли коинот яралганидан бери айлангани-айланган. Айни шу инсоннинг абадий – боқий эмаслиги онг-шууримизда хотира деган тушунчани пайдо қилган бўлса, ажаб эмас. Негаки хотира ўтганларни эслаш, бугунни кечанинг ёди билан тўлдириш, яъни уни янада бойитиш имконини беради. Хотира ва қадрлаш тушунчалари – моҳиятан бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Байрамни янгича номлашда улар ўртасидаги ана шу узвийлик асос қилиб олинган.

       Хуллас, ушбу умумхалқ байрамининг янгича талқини туфайли хотира ҳам, қадрлаш ҳам миллий  онгимиздаги оҳорий, муайянлашган фалсафий тушунчага айланди.

      “Фалсафанинг бош муаммоси нима?” – деган савол, қарийб, башарият яратилганидан буён кишилар баҳсу мунозарасига сабаб бўлиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу мунозарани қандай давом эттириш, бугун унга қай тарзда ечим топиш – илмнинг иши.

        Бироқ шарқона, содда, энг муҳими, халқона фалсафа шуки, инсон онг-тафаккури учун асосий муаммо – борлиқнинг абадийлигию киши умрининг ўткинчилиги ўртасидаги қарама-қаршиликда мужассам. Хотира – одамларнинг вафотидан кейин ҳам бу дунёда яшаши учун имкон берадиган бирдан-бир макон. Одамлар – ортда қолганлар хотирасида яшашга интилиш илинжи кишини тарбиялайди. Уни эзгуликларга, кишиларнинг бирор-бир корига яраб қолишга, умрни зое кетказмасликка ундайди.

        Шундай кишилар тириклигида ҳам қадр топади. Халқ ҳеч қачон яхши фарзандларини эсдан чиқармайди. Халқнинг хотирасиз яшаши асло мумкин эмас…

       Хотира ва Қадрлаш куни – дунёқарашимиздаги ана шундай тамоман янги фалсафий ҳодиса. Мустақил Ўзбекистон сиёсатидаги бу фалсафийликни сезмаслик, тан олмаслик, тарғиб қилмаслик мумкин эмас.

       Мутаносиблик, миллийлик, инсонийлик, фалсафийлик, рағбат бирлашган жойда ҳаёт дарахти гуллаб-яшнайди. Ҳаёт – ҳамиша ширин. Байрамлар инсоннинг қалб торларини черта олиши билан ҳаётни янада ширинроқ қилади, одамларни элу юртни кўпроқ севишга ундайди, оламда меҳр-мурувват, ҳурмат-эътибор, қадр-қиммат ва оқибат уруғларининг кўпроқ сочилишига ҳисса қўшади.

       Тошкент шаҳрининг Хотира майдони зиёрати зиёратчиларда камида ана шундай ҳис-туйғулар, фикр-ўйлар уйғотади.

       Энди кимки инсонлигини эсга олмоқчи, умрнинг ўткинчилигини, бир лаҳза бўлсин, дилдан ҳис этмоқчи, ҳаётини бекорга ўтказмаслик, Ватанга қўлдан келгани қадар фидойи-ларча хизмат қилиш фикрини мустаҳкамламоқчи бўлса, шу пок руҳлар кезиб юрган муқаддас маконни зиёрат қилсин.

       Шундай қилиб, истиқлол йилларида байрамларимизга муносабатимиз тубдан янгилангани орқали миллий онгимиз, инсоний тушунчаларимиз, фалсафий оламимиз бутунлай ўзгараётгани, XXI асрга тамоман бошқача руҳий-маънавий дунёқарашимиз билан кириб келганимизни пайқаш қийин эмас.

      Хотира ва Қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзлаган бош мақсадимиз – Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, урушни қоралаш, тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборат.

     Бу ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, элу юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди.

     Зеро хотира ҳамиша муқаддас, қадр азиздир.

“ Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси Ерназаров Фахриддин томонидан ушбу маълумот тайёрланди.

298500cookie-check9 МАЙ – Хотира ва Қадрлаш куни

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: