Мовароуннаҳрда тафсир илми ўзига хос ривожланиш хусусиятларига эга. Бу даврда тафсир илми ҳадис ва фиқҳ илмлари каби тараққий этмаган эди. Гарчи ушбу даврга оид тафсир илми бўйича кам маълумот етиб келган бўлса-да, тафсир илмининг бошқа ислом ўлкаларидаги тараққиёт босқичларини тадқиқ этган ҳолда юртимиз олимлари томонидан яратилган ҳозирги кунимизгача етиб келган асарлар орқали тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
Бу даврда раъй билан тафсир қилиш муфассирнинг фикри Қуръон, суннатга, саҳобийларнинг сўзларига хилоф бўлмаган ҳолда амалга оширилган. Қуръон ва суннат, саҳобийлар сўзлари бўлмиш мўътабар манбаларга хилоф равишда раъй (ижтиҳод, фикр) билан шарҳлашга барча давр олимлари қарши бўлганлар. Чунки бунда маълум бир гуруҳлар, оқимлар Қуръон оятларининг шарҳини ўз ғояларига мослаштиришга ҳаракат қилишлари мумкин.
Мовароуннаҳр тафсир илми тарихи ҳадис илмининг кириб келиши билан боғлиқдир. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобийларнинг Қуръонга шарҳлари ҳадислар таркибида жамланган. Илгари зикр этганимиздек, Умар ибн ал-Хаттоб буйруғига кўра араблар Марвгача етиб келиб, шу ерда 70 йил қолиб кетишади ва ўзлари ўрганган илмлардан ҳадисларни маҳаллий халққа ўргатадилар. Сўнг Марвда ривоят қилинган ҳадислар Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларга кириб келади. Мовароуннаҳрда Самарқанд ҳадис илми маркази, Бухоро эса фиқҳ илми марказига айланади.
Самарқанд бошқа Мовароуннаҳр шаҳарларидан фарқли равишда бир нечта муфассирларни етиштириб чиқариши ҳамда калом илмининг ҳам марказига айланганини ёритиш ҳали тадқиқотчилар олдида турган муҳим вазифалардан.
Тахмин қилиш мумкинки, ҳадис илми ривожлангандан сўнг тафсирга доир маълумотлар ҳам унинг таркибида ривоят тарзида ҳадис маркази бўлмиш Самарқандда тарқалган. Шунинг учун бўлса керак ҳар томонлама ривоятлар кенг тарқалган Самарқандда ривоятларни жамлаб, тафсирга доирларини саралаб чиқиш биринчи бўлиб амалга оширилган.
Бу даврдаги тафсир илми тарихи жуда кам ўрганилган. Бу манбаларнинг етишмаслиги билан изоҳланади. Бу даврга мансуб баъзи олимлар ҳақида биографик манбаларда “тафсир асарини ёзган” дейилса-да, уларнинг тафсирдаги услублари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилмаган. Лекин Мовароуннаҳр ва Хуросонда фаолият кўрсатган олимларнинг бизгача етиб келган асарларида тафсирга доир фикрлари қисман мавжуд бўлганига кўра, бу ҳақда сўз юритиш мумкин.
VIII асрда тобиийлардан таълим олган Абдуллоҳ ибн ал- Муборак ал-Марвазийнинг тафсир соҳасидаги фаолиятини таъкидлаб ўтиш ўринлидир. У Ўрта Осиёда ўтган илк муҳаддис, муфассирлардан саналади. У Марвда яшаб ижод этган, отаси турк, онаси хоразмлик эди. У ёшлик даврида Имом Аъзам Абу Ҳанифага шогирд бўлди. Шунингдек, тобиийлардан Рабиъ ибн Анас ибн Зиёд ал-Бакрий унга таълим берган. У шеърлар ҳам битиб, одоб-ахлоқ, инсонийлик нафосатини улуғлаган. У тафсир соҳасида ҳам фаолият олиб борган. Унинг “Китоб аз-зуҳд ва-р-рақоиқ” китоби илм аҳли орасида машҳур китоблардан саналади. У биринчилардан бўлиб ҳадисларни китоб шаклига келтирган олимдир. Унинг юртимизда ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси юқори. Шунингдек, унинг “Тафсир” асари ёзганлиги ҳақида баъзи манбаларда зикр этилган. Лекин унинг тафсири бизнинг давримизгача етиб келмаган. Лекин “Китоб аз-зуҳд ва-р-рақоиқ”, “ал-Бирр ва-с-сила” асарларидаги ҳадислар орасида баъзи Қуръон оятларига берилган шарҳларни кузатиш мумкин. У ўз асарларида оятлар шарҳига оид ҳадислар билан бир қаторда, саҳобий ва тобиийларнинг ҳам шарҳларини келтиради. Унинг бу нақллари кейинги давр олимлари асарларида истифода этилди. Тафсирга оид ривоятларидан қуйидагиларни мисол қилиб келтириш мумкин:
“Уларга хорлик қанотини паст тут” оятига оид Ҳишом ибн Урванинг отасидан ривоят қилган шарҳини келтиради: “Улар хоҳлаган нарсаларини ман этмагин ёки қилмай қолмагин”. “Ал-Бирр ва-с-сила” асарида 10дан ортиқ оятларга шарҳлар ривоят қилинган.
Юртимиздаги бу давр олимларидан Аҳмад ибн Ҳафс Абу Ҳафс ал-Кабир ал-Бухорий (150/768-216/832) бўлиб, Мовароуннаҳрда 2-ҳижрий асрдан ҳанафий мазҳабини тарқатган. У Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбонийдан таҳсил олган. Бухорода биринчилардан бўлиб ҳанафий мазҳабини тарқатиб, кўплаб шогирдлар етиштирган. Лекин унинг тафсир соҳасидаги асарлари бизгача етиб келмаган.
Улардан кейинги даврда муфассирлар сифатида зикр этилган Имом ад-Доримий (798-869), Имом ал-Бухорий (810-870) ва ал-Ҳаким ат-Термизий (820-905)ларнинг тафсир борасидаги фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг илмий меросида тафсир асарлари зикр этилиб, давримизгача етиб келмагани айтилади. Бу алломаларнинг сақланиб қолган асарларидаги тафсир илмига оид ривоят ва маълумотларини таҳлил этиш уларнинг тафсиршуносликда тутган ўрнини кўрсатиб беради.
Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг “ал-Жомеъ ас- саҳиҳ” ҳадис тўпламида тафсирга оид боблар келтирилиб, уларда баъзи бир сураларнинг шарҳлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дан ривоят қилинган ҳолда келтирилган. Асарда “ат-Тафсир” номли алоҳида китоб (боб) келтирилган, ундаги боблар Қуръондаги суралар тартибига биноан тартибланган бўлиб, оятлар шарҳи ёритилган ҳадислар берилган. Унда Қуръондаги 400 га яқин оятга шарҳ берилган, шунингдек, ҳадислардан ташқари, саҳобий ва тобиийларнинг Қуръонга шарҳлари ҳам киритилган. Баъзи сураларнинг шарҳига кўпроқ, баъзисига камроқ ҳадислар берилган. Ҳадислар орасида оятнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақидаги ривоятлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Бухорий фақат саҳиҳ ривоятларни жамлагани учун асарида Қуръоннинг ҳамма оятларига ҳам шарҳлар бермаган. Асарга саҳобий ва тобиий муфассирлардан Ибн Аббос, Анас ибн Молик, Оиша бинт Абу Бакр, Абдуллоҳ ибн Умар, Мужоҳид, Икрима, Саид ибн Жубайрлар томонидан қилинган шарҳлар киритилгани эътиборга молик. Бухорий муфассирлар сингари саҳобий ва тобиийларнинг сўзларидан келтирганда ривоят қилувчилар силсилаларини зикр этмайди. Маълумки, муфассирлар саҳобий ва тобиийларнинг сўзларини келтирганларида ҳар доим ҳам силсилани зикр этмаганлар, тўғридан-тўғри сўз эгасига мурожаат этилган ҳолатлар ҳам учрайди.
Бухорий муҳаддис сифатида Доримий ва Абу Исо ат- Термизийдан фарқли равишда оятларни шарҳлашда саҳобий ва тобиийларнинг сўзларидан ва ўз билимларидан ҳам фойдалангани сабабли уни Мовароуннаҳр тафсиршунослигига тамал тошини қўйган аллома дейиш мумкин.
Ал-Ҳаким ат-Термизий ҳам моҳир муфассирлардан саналган. Унинг сақланиб қолган асарлари орасида баъзи бир оятларга берилган шарҳларни кўриш мумкин. Жумладан, унинг “Таҳсил назоир ал-Қуръон” асарида Қуръони каримдаги “ҳидоят” куфр , ширк, ҳикмат , ислом, имон, шукр , ҳақ каби 80 та сўзга шарҳ берилган. Унда Қуръон сўзлари маъноларини тасаввуфий шарҳлашга эътибор берилган. Асарда Термизий Қуръонда кўп учрайдиган сўзларнинг асосий маъносидан ва унга алоқадор маъноларга кўчиши мумкинлигини зикр этади.
Ал-Жуюший ўз тадқиқотида ал-Ҳаким ат-Термизийнинг тафсирдаги услуби уч йўналишда намоён бўлишини зикр этган: 1. Оятларни фаҳмлашда зоҳирий йўналиш бўлиб, бу барча муфассирларнинг тафсирдаги услубларидир. 2. Тасаввуфий йўналиш, яъни Қуръоннинг зоҳирий ва ботиний маънолари бор ҳисобловчи йўналиш. 3. Араб ҳарфларидан ишора олиш. Яъни у Аллоҳнинг исми ва сифатлари илмининг асли ҳарфлардир деб қараши.
ТИИ Модуль таълим шакли
талабаси Чориев Жаҳонгир